Қозоғистон ғалласининг энг йирик харидори Ўзбекистон бўлиб қолмоқда.
Forbes Kazakhstan нашрининг "Қазақстан темір жолы" маълумотларига таяниб хабар беришича, 2024 йил ҳосилидан Қозоғистон томонидан экспорт қилинган ғалланинг катта қисми — 2,7 миллион тоннаси — Ўзбекистонга етказиб берилган. Бу умумий 7,6 миллион тоннани ташкил этган экспорт ҳажмининг қарийб учдан бир қисмидир.
Маълумотларга кўра, 2024 йил сентябридан 2025 йил апрелигача Қозоғистон ўз ҳудудидан чет элларга янги ҳосилдан 7,6 миллион тонна буғдой экспорт қилган. Бу кўрсаткич 2023–2024 йиллар мос даврига нисбатан 58 фоизга кўпроқдир.
Экспортнинг энг йирик йўналиши — Ўзбекистон ҳисобланади. Мамлакат ушбу давр мобайнида 2,7 миллион тонна буғдой қабул қилган. Бу ўтган йилги 2 миллион тоннага нисбатан қарийб 30 фоиз кўпдир.
Иккинчи ўриндан 1,1 миллион тонна билан Тожикистон жой олган. Бу аввалги мавсумга нисбатан 1,5 баробар кўп. Учинчи ўринда эса Эрон турибди. Бу мамалакат Қозоғистондан 889 минг тонна буғдой импорт қилган бўлиб, бу эса ўтган йилга нисбатан 16 марта кўп.
Энг катта ўсиш эса Озарбайжон йўналишида кузатилди — 5 минг тоннадан 569 минг тоннагача, яъни қарийб 114 марта ошди. Афғонистон эса 270 минг тонна ғалла сотиб олиб, экспорт ҳажмини учдан бир қисмга оширди. Қирғизистонга эса экспорт икки баробарга кўпайиб, 181 минг тоннага етди.
Шунингдек, 2025 йил март ойи охирида "Ўзбекистон темир йўллари" ва "Қазақстан темір жолы" компаниялари Афғонистонга юбориладиган ғалла транзити учун тарифни 40 фоизга пасайтириш бўйича келишувга эришди. Бундай чегирма Оазис (Қорақалпоғистон) — Ғалаба (Сурхондарё) йўналиши орқали амалга ошириладиган ташишларга тааллуқли.
Мутасаддиларга кўра, бу нафақат Қозоғистон экспортининг ошишига, балки Ўзбекистон орқали ўтувчи транзит ҳажмининг ҳам ортишига хизмат қилади.
Абдуллоҳ Саййид