Ватикан конклавидаги кардиналлар кеча, 7 май куни бўлиб ўтган овоз беришнинг биринчи босқичида янги папани танлай олмади. Систина ибодатхонасининг томига ўрнатилган мўридан чиқаётган қора тутун шундан далолат беради.
Қора тутун шуни англатадики, номзодларнинг ҳеч бири кўпчилик кардиналлар томонидан қўллаб-қувватлана олмаган. Агар кардиналлар янги папани танлаганларида, мўридан оқ тутун чиқарди.
Ватикандаги овоз бериш уч соатдан ортиқ давом этди. Овоз беришда 133 нафар кардинал иштирок этди. Янги папани танлаш учун иштирокчиларнинг учдан икки қисмидан кўпи, яъни камида 89 киши битта номзодга овоз бериши керак.
ОАВ хабарларига кўра, конклавнинг биринчи кунида Авлиё Пётр майдонига 45 мингдан ортиқ одам йиғилган.
Овоз беришнинг иккинчи босқичи бугун, 8 май куни эрталаб, маҳаллий вақт билан тахминан 10:30 (Тошкент вақти билан 13:30) да бошланиши режалаштирилган.
Конклавнинг биринчи кунида овоз беришнинг фақат битта босқичи ўтказилади. Кейинги турлар бошқа кунларда бўлиб ўтади. Конклавнинг дастлабки тўрт кунида кунига тўрттагача овоз бериш ўтказилиши мумкин.
Умуман олганда, янги папани танлаш тартиби 33 тагача овоз беришни ўз ичига олади. Агар 33 тур давомида ҳеч бир номзод кардиналларнинг учдан икки қисми томонидан қўллаб-қувватланмаса, овоз беришнинг сўнгги босқичида етакчилик қилган икки номзод сайланади. Бундай ҳолда, ғалаба қозониш учун оддий кўпчилик овоз талаб қилинади.