АҚШ президенти Дональд Трамп 8 май санасини Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалаба куни деб расман эълон қилди. Бу ҳақда унинг расмий баёноти Оқ уй сайтида эълон қилинди.
Трампнинг айтишича, агар Америка аскарлари бўлмаганида, урушда ғалаба қозонишнинг иложи йўқ эди ва бугунги дунё бутунлай бошқача бўларди.
“Биз эркинлик, мамлакат ва Ғарб цивилизацияси учун жонини фидо қилган ҳар бир инсон хотирасини ҳурмат билан йодга оламиз”, — деган Трамп.
Бундан ташқари, у 2 май куни ўзининг Truth Social саҳифасида 11 ноябрь ва 8 май саналарини Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларидаги Ғалаба кунлари деб эълон қилишини билдирган эди.
Унга кўра, АҚШ урушдаги ғалабага бошқа ҳар қандай давлатдан кўра кўпроқ ҳисса қўшган.