Ўзбекистонда мактабгача таълим – болаларнинг ҳаётидаги илк ижтимоий макон. Бу жойда улар ўзга инсонлар билан муносабат қуришни, тартибга бўйсунишни, ҳурмат қилишни ўрганади. Аммо охирги йилларда ижтимоий тармоқларда боғчаларда содир бўлаётган ҳодисалар бизга бундай муассасалар нафақат тарбия, балки таҳдид манбаига ҳам айлангани ҳақида фарёд солмоқда.
Бу фарёднинг энг оғир оҳанги 2024 йил 30 июнь куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 7-сонли давлат боғчасида янгради. Беш ёшли бола назоратсизлик оқибатида иккинчи қаватдаги деразадан қулаб тушди. Бола икки қўл билаги, бурун суяклари ва юқори жағи синган ҳолда жонлантириш бўлимига ётқизилди. Мутасаддилар болакайнинг ҳолати ҳозирда яхшиланганини билдирган бўлса-да, бу ҳолат соҳани қамраб олган бепарволикни яшира олмайди.
Бу каби воқеалар яккама-якка эмас. Орадан атиги бир кун ўтиб, 29 июнь куни Тошкентдаги хусусий боғчалардан бирида уч ёшли бола калтаклангани маълум бўлди. Тарбиячининг қўпол муомаласи видеога тушиб қолган, аммо муассаса маъмурияти ота-онага видеони бермай, тарбиячига фақат ҳайфсан билан чекланди. Болалар омбудсманининг аралашуви орқалигина муаммо расмий кўриб чиқилди. Шунча босим ва эътибордан сўнг, тарбиячига нисбатан интизомий чора кўрилди. Бу етарлими?
Кузатиш эмас, бефарқлик устун бўлган тизим
Юз бераётган воқеалар бирор камчиликка йўл қўйилган жиддий ҳолат эмас, балки тизимнинг ўзида чуқур илдиз отган муаммолар натижаси эканини кўрсатмоқда. Бу муаммолар қаторига назоратсизлик, тарбиячиларнинг психологик тайёргарлик даражасининг пастлиги, хавфсизликка нисбатан эътиборсизлик ва энг ёмони — жавобгарлик ҳиссининг йўқлиги киради.
Қашқадарёдаги 2 ёшли қизчанинг фожиавий ўлими бунга яна бир аччиқ мисол. Қамаши туманидаги хусусий боғчада бола ҳовлида назоратсиз қолган ва боғча атрофидаги ариққа тушиб кетиб вафот этган. Онаси боғча атрофида очиқ ариқ борлигини олдиндан айтганини, аммо хавфсизлик чораси кўрилмагани, боғчанинг эса фожиадан атиги уч кун ўтиб яна ишлаётганини айтади. Бу тизим одам ҳаётини баҳоламай қўйганини кўрсатмайдими?
2024 йил 15 февралда Жиззах вилоятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берди: боғчадан уч нафар бола назоратсиз чиқиб кетган, улардан бири – 3 ёшли қизалоқ орадан кўп ўтмай сувда чўкиб ўлган ҳолда топилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши очилди, директор, тарбиячи ва СЕСС раҳбари судга тортилди. Аммо бу болани тирилтирмайди.
Камера кузатади, лекин боланинг кўз ёшини ўчира олмайди
Ижтимоий тармоқларда тез-тез пайдо бўлаётган видеолар – ўзига хос “сигнал”дир. Тарбиячи боланинг қўлидан тортади, ҳақоратлайди, йиғлаб турган болани ерга уради. Буларнинг барчаси камерага тушади, аммо камера фақат ҳолатни қайд этади, унинг олдини олмайди. Камера боланинг руҳида қоладиган жароҳатни даволай олмайди.
Агар назорат фақат камера билан чекланса, демак тизимда инсоний ёндашув эмас, сунъий кўз устувор. Тарбиячининг юраги эмас, шифтдаги линза бола ҳолатини кузатади. Бу эса хавфли ёндашув.
Меҳрсиз тизим, чорасиз ота-оналар
Кўпчилик ота-оналар боғчаларни танлашда ҳамон “жой топиш” муаммосига дуч келади. Айрим ҳолатларда таниш-билишсиз ёки пул бермай бола жойлаштириш қийин. “Энг яхши” гуруҳлар танлаб олинади, унга кириш учун эса норасмий тўловлар керак бўлади. Бу тизимдаги коррупция илдизи ҳамон чуқур.
Шундай муассасаларда ишлайдиган тарбиячилар эса кўпинча паст маош, кўп бола ва кучли стресс остида қолишади. Аксариятининг психологик тайёргарлиги етарли эмас. Тарбиячининг бир кунлик муолажаси болага бутун умрга муҳр бўлиб қолаётганини англайдиган муҳит етишмайди.
Давлат тизими етим фарзандини унутгандек
Сўнгги йилларда мактаб ва олий таълим тизимида ислоҳотлар тез-тез кўзга ташланади. Аммо мактабгача таълим – бу ислоҳотларнинг соясида қолган соҳа. Аслида эса бола илк қадамини айнан боғчада ташлайди. Бу ерда у илк бор жамоада яшаш, фикрини ифода этиш, ўзини ҳимоя қилишни ўрганади. Агар бу муҳит зўравонлик, бепарволик ва қўрқувга тўла бўлса – биз келажак авлоддан нимани кутамиз?
Қонун бор, лекин жавобгарлик-чи?
Жиззахдаги ҳодиса – боғча директори ва тарбиячига нисбатан жазо қўлланилган кам сонли ҳолатлардан биридир. Директор ва тарбиячи 4 йилгача озодликни чеклаш жазоси олди. СЕСС раҳбари ҳам айбдор деб топилди. Аммо бошқа ўнлаб ҳолатларда – на суд, на ишдан бўшатиш. Кўп ҳолатларда эса фақат “ҳайфсан” билан иш тугайди. Болалар калтакланган, ўлим топган, аммо муассасалар ишлашда давом этмоқда.
Ечимлар: бор, фақат ирода керак
Юз бераётган муаммолар таҳлил қилинса, қуйидаги тизимли чора-тадбирлар зарурлиги аён бўлади:
1. Ҳар бир мактабгача таълим муассасасида психолог бўлиши ва у доимий ишлаши шарт.
2. Тарбиячилар сертификат асосида ишга олиниши керак, уларнинг руҳий ва педагогик тайёргарлиги доимий баҳоланиши лозим.
3. Кузатув камераларидан ташқари, мустақил жамоатчилик назорати йўлга қўйилиши керак.
4. Боғчалар атрофидаги хавфсизлик инфратузилмаси (ариқ, темир йўл, очиқ ҳовли) тўлиқ ўрганилиши ва бартараф этилиши керак.
5. Коррупцияга қарши очиқ эълонлар, онлайн рўйхатга олиш, ота-оналарнинг шикоятларини кўриб чиқиш бўйича махсус платформа жорий этилиши шарт.
Сўнгги сўз ўрнид боғчада зўравонликка учраган, таҳқирланган ёки бепарволикдан ўлим топган ҳар бир бола – бу жамиятнинг ҳалоллик, виждон ва эътибор имтиҳонидан йиқилганининг белгиси. Бу мақола оддий фактлар тўплами эмас – бу боланинг юракдаги қичқириғи. У жим, аммо жуда баланд.
Ушбу фарёдни фақат камера эмас, фақат протокол эмас, балки инсоний қалб, жавобгарлик ва меҳр эшитмоғи керак.