Россия саноат тармоқларида юқори малакали мутахассислар етишмовчилиги ортиб бораётган бир пайтда, мамлакат Ҳиндистондан 1 миллион нафар меҳнат муҳожирини жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда zamon.uz хабар берди.
“Ҳиндистонлик ҳамкасбларимдан олган маълумотларга кўра, йил охиригача Ҳиндистондан Россияга, хусусан, Свердловск вилоятига 1 миллион мутахассис келиши режалаштирилмоқда. Екатеринбургда Ҳиндистоннинг янги Бош консуллиги очилмоқда, у айнан шу масалалар билан шуғулланади”, – дея изоҳ берди Беседин.
Унинг сўзларига кўра, Россияда айни пайтда ишчи кучига эҳтиёж ниҳоятда юқори. Бунга бир нечта омиллар, жумладан, айрим фуқароларнинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга жалб этилгани ва ёш авлоднинг саноат корхоналарида ишлашга қизиқиши йўқлиги сабаб бўлмоқда. Беседин бу ҳолатни мамлакатда илгари йўл қўйилган мафкуравий хатолар билан боғламоқда.
Ҳиндистондан ташқари, Шри-Ланка ва Шимолий Корея билан ҳам ҳамкорлик ўрнатилиши режалаштирилган. Бироқ, Бесединнинг қайд этишича, бу давлатлардан ишчи кучини жалб этиш амалиёти билан боғлиқ мураккабликлар мавжуд.
Янги келадиган мутахассислар, асосан, металлургия ва машинасозлик саноати учун жалб этилади.
Шу муносабат билан, Россия Давлат Думасининг Меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари бўйича қўмитаси раиси Ярослав Нилов бу ташаббусга муносабат билдириб, ташқи ишчи кучи ҳисобига кам таъминланган аҳолининг бандлигини таъминлаш мумкинлигини таъкидлади. Бироқ у амалдаги меҳнат миграцияси квоталари режалаштирилган 1 миллиондан кам эканига эътибор қаратди.
Унга кўра, Россия меҳнат бозорида ташқи ресурсларга эҳтиёж юқорилигича қолмоқда.