Каспий минтақасидаги геосиёсий вазият кескин ўзгариб бормоқда. Бу ҳудуд энди нафақат иқтисодий манфаатлар, балки катта дипломатик тортишувлар майдонига айланган. Россия ўз позицияларини бой берар экан, собиқ иттифоқдошларига эмас, балки Теҳронга таянишга уринмоқда.
“Central Asia” нинг хабар беришича, Россия Эронга таяниш орқали Каспийда янги иттифоқларга қарши чора кўрмоқчи – хусусан, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон ва Туркия каби давлатларнинг ҳарбий-сиёсий яқинлашуви Кремлни ташвишга солмоқда.
Шу боис Москва Эрон билан биргаликда қатор денгиз машғулотларини ташкил этмоқда. Расмий баёнотларда бу машғулотлар “қутқарув мақсадида” ўтказилаётгани айтилаётган бўлса-да, айрим таҳлилчилар уларни АҚШ, Исроил, ҳаттоки Озарбайжонга қарши сигнал сифатида кўрмоқда.
Бироқ кузатувчилар Россиянинг бу ҳаракатларини заифлик аломати сифатида баҳоламоқда. Гап шундаки, Россия яқинда Исроил томонидан Эрон ядровий инфратузилмасига қилинган ҳужумда Теҳронни на сиёсий, на ҳарбий жиҳатдан ҳимоя қилди. Бу эса Эронда Москвага нисбатан ишончсизликни кучайтирди.
Айни дамда Эрон Россияни эмас, балки Марказий Осиё давлатлари ва Туркияни – транзит ва энергетик ҳамкор сифатида кўра бошлади. Теҳроннинг ўзи ҳам кўп йўналишли ташқи сиёсат олиб бормоқда ва Россиянинг Каспийдаги таъсирини тиклаш эмас, балки ўз мавқеини мустаҳкамлашни кўзламоқда.
Москва Каспийда назоратни бой бераётганини ҳис қилмоқда. Эрон эса Россиянинг бу қўрқувларидан фойдаланган ҳолда, ўз ўйинини давом эттирмоқда.