Ўзбекистонда олий ўқув юртлари ва академик лицейларда 2025-2026-ўқув йили қачондан бошланиши эълон қилинди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2025-2026 ўқув йили академик лицейларнинг барча босқич ўқувчилари ва олий таълим ташкилотларининг 1-босқич талабалари учун дарс жараёнлари 2025 йилнинг 3 сентябрь кунидан, олий таълим ташкилотларининг 2- ва ундан юқори босқич талабалари учун 8 сентябрь кунидан бошланади.
Бундан ташқари олий таълим ташкилотларида биринчи босқичга қабул қилинган талабалар учун “Кредит таълими тизимига кириш” ҳафталиги ҳамда “Талабаликка бағишлов” тадбирлари ташкил этилади.
Ҳафталик доирасида талабаларни олий таълим ташкилоти фаолияти билан таништириш, кредит-модуль тизимининг мазмун-моҳияти ва афзалликларини тушунтириш ҳамда танлов фанларни мақсадли танлаш, талабаларда мустақил таълим кўникмаларини шакллантириш, академик ҳалоллик тамойиллари ва касбий ҳамда шахсий ривожланиш масалалари юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.






