Президент Шавкат Мирзиёев балиқчилик тармоғини ривожлантириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, балиқчилик озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ аҳолиси даромадларини ошириш ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланишда муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда жаҳонда аквакультура жадал суръатларда ривожланиб, илк бор етиштирилган балиқ ҳажми табиий сув ҳавзаларида овланган балиқ миқдоридан ошиб кетган.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда соҳани янада кенгайтириш учун етарли имкониятлар мавжуд. Мамлакат ҳудудида 173 минг километр дарё ва канал ўзанлари бўлиб, сув ресурслари чекланганига қарамасдан, республика Марказий Осиёда балиқ етиштириш бўйича етакчи ўринни эгаллаб турибди. 2025 йил якунларига кўра, мамлакатда 206 минг тонна балиқ етиштирилган.
Тақдимотда аҳолининг оқсилга бой маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи ортиб бораётгани қайд этилди. Шу муносабат билан анъанавий кўл балиқчилигидан сувни тежайдиган, қайта айлантирадиган ва интенсив технологияларга асосланган тизимларга босқичма-босқич ўтиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, 329 та табиий сув ҳавзаси ва сув омбори ҳамда улар атрофидаги 163 минг гектар ер майдонларини ижарага беришнинг янги ва шаффоф тизимини жорий этиш, интенсив балиқчилик ва наслчилик хўжаликларини зарур ҳажмда сув билан таъминлаш чоралари кўриб чиқилди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда интенсив усулда балиқ етиштириш умумий ишлаб чиқаришнинг 20 фоизидан ортиқ эмас. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинса, балиқ етиштириш ҳажмини беш баробаргача ошириш мумкин.
Тақдимот давомида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор таклифлар ҳам билдирилди. Хусусан, ёпиқ сув айланма тизимларини жорий қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш, наслли она балиқлар импорти учун субсидиялар ажратиш, қуёш панелларини ўрнатишни молиявий рағбатлантириш ҳамда айланма маблағ учун ажратиладиган имтиёзли кредитлар фоизларининг бир қисмини компенсация қилиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, балиқчилик хўжаликларини миллий ва хорижий валютада кредитлаш ҳамда фоиз харажатларини қисман қоплаш механизмларини жорий этиш таклиф қилинди. Ушбу чоралар натижасида келгуси йилларда балиқ етиштириш ҳажмини 500 минг тоннадан ошириш вазифаси белгиланган.
Йиғилишда наслчилик ва илмий ёндашув масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Карп, лаққа, форель ва осётр каби балиқ турларининг генетик салоҳиятини яхшилаш, янги зотларни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш бўйича ишлар олиб борилиши айтилди.
Шу билан бирга, келгуси йилдан тоғ олди ҳудудларида форель ва осётр балиқларини етиштириш қувватларини яратиш, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти учун Оҳангарон дарёси бўйида тажриба-синов майдони ташкил этиш ҳамда миллий карп зотини яратиш учун халқаро грантларни жалб қилиш режалаштирилган.
Кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам муҳокама қилиниб, Тошкент давлат аграр университетида Россиянинг Астрахан давлат техника университети ҳамда Хитойнинг Далян океан университети билан ҳамкорликда балиқчилик ва аквакультура йўналишида қўшма факультет очиш таклифи кўриб чиқилди.
Шунингдек, соҳани рақамлаштириш мақсадида сувдан фойдаланиш, ер майдонлари, ноқонуний балиқ овлаш ҳолатлари, солиқ тўловлари ва маҳсулот айланмаси ҳақидаги маълумотларни бирлаштирувчи ягона электрон платформани яратиш таклиф этилди. Унда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш орқали харажатларни қисқартириш ва маҳсулдорликни ошириш кўзда тутилмоқда.
Президент Мирзиёев билдирилган таклифларни маъқуллаб, соҳани замонавий технологиялар ва илмий ёндашув асосида ривожлантириш, тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда аҳолини сифатли ва арзон балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берди.






