АсосийСиёсат

Президент Нью-Йоркда Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директорини қабул қилди

Кристалина Георгиева Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишларга юксак баҳо бериб, ортга қайтмас ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

'Президент Нью-Йоркда Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директорини қабул қилди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни Ню-Ёрк шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиевани қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар берди.

Билдирилишича, ушбу нуфузли глобал тузилма билан шерикликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. 

ХВЖ раҳбари Кристалина Георгиева Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишларга юксак баҳо бериб, ортга қайтмас ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади. 

Жамғарма билан макроиқтисодий сиёсат, бюджет ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш соҳаларида самарали ҳамкорлик қилинаётгани мамнуният билан қайд этилди. Мутахассислар ХВЖ марказларида мунтазам равишда малака ошириш дастурларидан ўтмоқда.

Жорий йилда мамлакат молия соҳасининг барқарорлиги биргаликда баҳоланди ва "йўл харитаси" қабул қилинган.

Учрашув давомида пул-кредит ва фискал сиёсатни ривожлантириш, статистика тизимини трансформация қилиш бўйича жамғарманинг экспертлик кўмагини давом эттириш, шунингдек, иқтисодий идоралар ходимлари учун ўқув дастурларини кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилган.

    Бошқа янгиликлар