Ижтимоий тармоқларда айрим олий таълим муассасалари талабаларига стипендия тўловлари ўз вақтида тўланмаётгани ҳақида тарқалган хабар тарқалди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мазкур хабар юзасидан муносабат билдирди.
Билдирилишича, барча давлат олийгоҳларида юқори курс талабаларига стипендиялар тўлаб берилган. Айрим ОТМларда 1-босқич талабаларига стипендия тайинлаш бўйича тегишли буйруқларни расмийлаштириш ва банк пластик карталарини очиш жараёни кечиккан. Шу сабабли тўловлар амалга оширилмасдан қолган.
“Ҳозирда мазкур буйруқлар тўлиқ расмийлаштирилмоқда ва барча олий таълим муассасалари талабаларига стипендия тўловлари жорий ҳафта якунига қадар амалга оширилади”, дейилади вазирлик изоҳида.
Эслатиб ўтамиз, давлат ОТМларида стипендиялар қарийб тўрт йилга яқин вақт давомида оширилмаганди. Фақатгина 2025 йил 1 августдан бошлаб стипендиялар 10 фоизга кўтарилди.
Маълумотларга кўра, бир талабани ўқитиш давлатга йилига ўртача 12–15 миллион сўмга тушади. Ўтган йили контракт тўловлари миқдори эса ўртача 7 миллион сўмдан тўғри келади.
Ўзбекистонда давлат гранти аввалгидек тўрт йилга битта талабага эмас, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимлаш тизимига ўтилган.