Ноқонуний миграцияга қарши курашиш доирасида ўтказилган тезкор тадбирларда фуқароларни хорижга ишга юборишни ваъда қилиб, пул талаб қилган шахсларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яшовчи, муқаддам бир неча марта судланган шахс пойтахтлик 24 ёшли фуқаронинг ишончига кирган. У мансабдор танишлари орқали фуқарони АҚШга ишчи визаси асосида юбориш ва барча зарур ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Бу хизматлар эвазига 22 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 5 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Шунга ўхшаш ҳолат Андижон вилоятида ҳам аниқланган. Избоскан туманида яшовчи 1993 йилда туғилган шахс асакалик 26 ёшли фуқарони Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, бунинг учун 6 минг доллар сўраган. У олдиндан 3 минг доллар олган вақтида ДХХ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган.
Терговга қадар текширув жараёнида мазкур шахс аввал ҳам бошқа бир фуқародан Жанубий Кореяга ишга жўнатиш ваъдаси билан пул олгани маълум бўлган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






