Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Арманистон бош вазири Никол Пашинянга унинг партияси парламент сайловида ғалаба қозонгани муносабати билан табрик мактуби йўллади. Бу ҳақда Арманистон бош вазири матбуот хизмати маълум қилди.
Мактубда қайд этилишича, сайлов натижалари арман халқи томонидан Пашинян олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатга, шунингдек Жанубий Кавказда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларга билдирилган ишончнинг тасдиғи сифатида баҳоланган.
Ўзбекистон Президенти икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик келгусида янада кенгайишига ишонч билдирган.
Шавкат Мирзиёев Никол Пашинянга сиҳат-саломатлик, муваффақиятлар, Арманистон халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилаган.
Шунингдек, сиёсатшунослар Арманистон ҳукумати сайлов орқали ўзининг геосиёсий йўналишини давом эттириш учун халқ мандати олганини таъкидламоқда.






