Ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, 74-модда (сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш) тўлдирилиб, аҳоли пунктлари ҳамда туман ва шаҳар марказларидаги ариқ ва ирригация тизимларини кўмиб ташлаш учун:
фуқароларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробаридан 3 бараваригача (412 минг сўмдан 1 млн 236 минг сўмгача)
мансабдор шахсларга – 5 бараваридан 10 бараваригача (2 млн 60 минг сўмдан 4 млн 120 минг сўмгача) жарима белгиланади.
Шунингдек, сунъий сув оқимлари (очиқ ва ёпиқ каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари), сув ҳавзалари (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, ҳавзалар ва бошқалар) ҳамда бошқа сунъий сув объектларидан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш, сувдан беэътиборлик билан фойдаланиш, гидротехника ишларини ва бошқа ишларни ўзбошимчалик билан бажариш ҳам жаримага сабаб бўлади.
Амалдаги қоидаларга кўра, фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солинса, 28-июндан бошлаб ушбу миқдор:
фуқаролар учун – БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (1 млн 236 минг сўмдан 2 млн 60 минг сўмгача)
мансабдор шахслар учун – 7 бараваридан 10 бараваригача (2 млн 884 минг сўмдан 4 млн 120 минг сўмгача) бўлади.
Агар юқоридаги ҳуқуқбузарликлар бир йил ичида такрор содир этилса, жарима миқдори янада оширилади:
фуқаролар учун – БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача
мансабдор шахслар учун – 10 бараваридан 20 бараваригача (8 млн 240 минг сўмгача) жарима солинади.






