Эндигина тандирдан узилган юмшоқ нон ҳиди иштаҳангизни қитиқлаяптими? «Бир татиб кўрай», дейсиз-у, бироқ ошқозонингиз бу фикрингизга қўшилмаяпти. Сабаби иссиққина егилукдан сўнг унда оғриқ ва беҳузурлик бошланади. Билсангиз, бундай белгиларнинг тез-тез такрорланиши меъда касалликларидан даракдир. Бугунги саҳифамизда айнан ошқозон ва унинг фаолияти билан боғлиқ энг «оммалашган» касалликлар ҳақида фикр юритамиз.
«Вой, қорним....»
Тўш остида нохушлик, вақти-вақти билан кўнгил айниши, беҳузурлик, қорин дам бўлиши, ёқимсиз ҳидли кекирик, оғиз бемазалиги кузатилаяптими? Эҳтимол бу гастритдир? Гастрит-меъда шиллиқ қаватининг яллиғланиш касаллиги бўлиб, юқорида айтилган белгилар унинг ўткир турида қайд этилади. Одатда ўткир турдаги гастрит овқатлангандан сўнг 2-3 соат ўтиб ёки оч қоринга ҳам хуруж қилиши мумкин. Бунда кўп сўлак ажралиши, ўқчиқ тутиши, умумий ҳолсизлик каби ҳолатлар ҳам кузатилади. Шунингдек, бу турдаги гастрит Helicobacter piroli инфекцияси, организмнинг заҳарланиши (маҳсулотлар билан), тартибсиз овқатланиш сабаб ҳам юзага келиши мумкин.
Даволаш: шифокор томонидан ўтказилган текширувлардан сўнг аниқланган хулосага кўра муолажа белгиланади. Жумладан, инфекция таъсири қайд этилса, уни бартараф этиш учун мўлжалланган дори препаратлари ҳамда меъда шиллиқ қаватини меъёрлаштирувчи воситалар тавсия этилади. Муолажа 5-10 кунгача давом этиши мумкин.
Таомномага қайнатилган, буғда пиширилган, юмшоқ ва енгил қовурилган таом ва егуликлар киритилиши мумкин. Оз-оздан бир кунда 4-5 мартагача тановул қилиш лозим.
Йўл-йўлакай овқатланманг!
Ўз вақтида овқатланмаслик, қуруқ (хот-дог, гамбургер) егуликлар, ўта аччиқ ёки иссиқ таомлар, луқмани яхши чайнамаслик меъда ширасининг етарлича ажралмаслигига олиб келади. Бу ҳолатнинг тез-тез такрорланиши эса гастритнинг сурункали кўринишини келтириб чиқаради. Шунингдек, айрим дори препаратлари (аспирин, преднизолон)ни узоқ муддат ва тартибсиз қабул қилиш ҳам сурункали гастрит сабабчиларидан бири. Бордию организмингизда муртак безларининг яллиғланиши, ўт пуфаги, меъда ости безининг сурункали яллиғланиш ҳолатлари такрор кузатилса, бу ҳолатлар ҳам гастритнинг авж олиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Агар қорин юқори қисмининг ғижимлаб оғриши, тез-тез қорин дам бўлиши, жиғилдон қайнаши, ич бузилиши (дам ич кетади, дам қабзият) каби белгилар ошқозондаги давомли оғриқ билан бирга кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат этинг. Сабаби бу касалликнинг сурункали кўриниши бошланишидир.
Даволаш: шифокор томонидан меъда ширасининг меъёрий ажралишини нормаллаштирувчи, оғриқларни камайтирувчи ҳамда ошқозон фаолиятини тикловчи препаратлар тавсия қилинади. Муолажа давомийлиги шифокор томонидан белгиланади.
Таомномадан ёғли, ўта қовурилган, дудланган ва маринадланган таому егуликларни чиқаринг. Кам-камдан 4-5 маҳал овқатланинг.
«Ҳеч нима емасам, оғрийди...»
Ўз вақтида овқатланмай, йўл-йўлакай тамадди қилиш натижасида меъда ширасида кислоталилик муҳити ўзгариб, меъёрий ҳолати бузилади. Аслида меъда шираси овқатни ўзлаштиришда муҳим омил бўлиб, унинг таркибидаги хлорид кислота овқат луқмаларини намлаб, парчалайди. Агар ошқозонда оғриқ хуруж қилган вақт асабийлик, кўп терлаш, ҳолсизлик юзага келса, сизда меъда шираси кислоталилигининг юқорилиги тахмин қилинади. Юқори кислоталилик меъда шиллиқ қаватининг емирилишига олиб келиб, кислота ишлаб чиқарилиши меъёрдан тезлашади.
Даволаш: зонд аппарати орқали кислоталилик миқдори юқорилиги аниқланса, шифокор томонидан меъда ширасини меъёрлаштирувчи препаратлар ҳамда албатта парҳез тавсия этилади.
Таомномага буғда тайёрланган, сут-қатиқ маҳсулотлари, ёғсиз творог ва сметана, сабзавотли шўрвалар киритилиши мумкин. Карам, майиз, оширма хамирдан тайёрланган егуликларни бир муддат истеъмол қилмай турган маъқул.
Овқатнинг туриб қолиши...
Ейилган овқатнинг яхши ҳазм бўлмаслиги, тановулдан сўнг оғирлик ҳиссининг пайдо бўлиши, симиллаган оғриқ каби белгиларни сезсангиз, билингки, меъда ширасининг кислоталилик муҳити пасайган. Яъни кислотали муҳит етарли даражада ферментларни ишлаб чиқаролмай, ейилган овқатни парчалолмайди. Мазкур касаллик сабаби эса аввало нотўғри овқатланиш тартибини юритиш ва билиб-билмай дори препаратларини қабул қилишга бориб тақалади.
Даволаш: шифокор кўригида ошқозон кислоталилик муҳитининг пастлиги аниқланса, бу ҳолатни меъёрлаштирувчи препаратлар ва қатъий парҳез турига риоя этиш тавсия этилади.
Таомномада творог, қайнатилган тухум, сариёғ, сабзавотли бўтқалар, мева шарбатлари, қуруқ печенье кабилар тавсия этилса, узум шарбати, газланган ичимликлар, маринадланган егуликлар ва холва истисно қилинади.
Шифокор кўригида...
Ошқозондаги безовталик билан мурожаат қилсангиз, дастлаб шифокор томонидан умумий аҳволингиз ва шикоятларингиз ўрганилиб, сўнг қуйидаги текширувлар белгиланади:
- умумий қон таҳлили;
- ахлат таҳлили;
- томирдан олинадиган қон таҳлили (Helicobacter piroli бактериясининг мавжудлигини аниқлаш учун);
- эзофагогастродуоденоскопия (махсус зонд аппарати орқали ошқозон кислоталилик муҳитининг юқори ёки пастлиги аниқланади);
- шилимшиқ қаватнинг биопсия таҳлили (зонд орқали текширувда онкологик турдаги ҳолатларга тахмин қилинса, қўшимча таҳлил сифатида ўтказилади).
Қандай препаратлар тавсия этилади?
Меъда фаолиятининг ўзгариши билан боғлиқ касалликларда шифокор томонидан қуйидаги турдаги дори препаратлари тавсия қилинади:
- ошқозон муҳитида ортиқча кислота ишлаб чиқаришни беркитувчи препаратлар;
- меъда шиллиқ қаватини суваб, ишлаб чиқариладиган кислотани нейтраллаштирувчи препаратлар;
- спазм-оғриқларни бартараф этувчи препаратлар;
- ҳазм фаолиятига ёрдам берувчи препаратлар.
Асоратлари хавфлими?
Ҳар қандай касаллик асорати ўз ортидан жиддий ўзгаришларни олиб келади. Жумладан, меъда касалликларининг ўз вақтида ёки тўғри даволанмагани сурункали гастрит, ошқозон ва 12 бармоқли ичак яраси, меъда саратони, жигар фаолиятининг бузилиши, ичакларга таъсир этиши мумкин.
Ошқозон яраси қандай юз беради?
Кучли ҳаяжон, стресс, Helicobacter piroli инфекцияси таъсирида, тартибсиз овқатланиш, ирсий мойиллик, кимёвий моддалар ва баъзи дори препаратлари (аспирин, гормон)ларни бетартиб истеъмол қилиш кабилар ошқозон яраси пайдо бўлиши учун асос бўлади. Яра касаллигида асосан тўш соҳасида оғриқ, тунги безовталиклар, иштаҳанинг пасайиши, кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши ва қайт қилиш каби белгилар кузатилади. Яранинг жойлашишига қараб, овқатлангандан сўнг 2 соат ёки ундан кейин оғриқ бошланиши мумкин.
Даволаш: таҳлил натижаларига кўра, шифокор томонидан аниқланган инфекцияни бартараф этиш, шиллиқ парданинг фаол яллиғланишини пасайтириш, яра ва эрозияларни битирувчи, яра касаллиги хуруж қилишининг олдини олувчи препаратлар қўлланилади. Муолажа давомида шифокор назоратида бўлиш, қатъий парҳезга риоя қилиш тавсия этилади.
Етарлича даволанмаслик...
- Яранинг қонаши — ҳушдан кетиш, баъзан ичакдан қон кетиши ёки қон қусиш, бунинг натижасида эса камқонлик юзага келади;
- яранинг тешилиши — қоринда ханжар суққандек оғриқнинг пайдо бўлиши, ҳушдан кетиш каби белгилар кузатилиб, бемор зудлик билан шифохонага етказилиши ва жарроҳлик амалиёти ўтказилиши керак;
- яранинг бошқа аъзоларга ўтиши — энг хавфлиси, малегнизация, яъни саратон касалига айланиб кетиш каби жиддий асоратлари ҳам мавжуд.
Парҳез муҳимми?
Муолажа шартларининг асосийси дори препаратлари билан бир қаторда парҳезга риоя этишдир. Парҳез давомийлиги умумий аҳволнинг ўнгланиши ҳамда шифокор кўрсатмаси асосида белгиланади. Бунда таомномага киритилиши шарт бўлган ва истисно қилинадиган бир қатор маҳсулотлар мавжуд. Жумладан:
- ёғсиз гўштлар (мол,балиқ ва товуқ гўштлари);
- сабзавот ва мевали бўтқалар, мева шарбатлари;
- сут-қатиқ маҳсулотлари, ёғсиз творог;
- суюқ дамланган чой ва газсиз сув кабилар тавсия этилади.
Мумкин эмас!
- Ёғли гўштлар;
- тузланган ва дудланган маҳсулотлар;
- аччиқ, шўр, ўта иссиқ ва яхна егуликлар;
- газли, спиртли ичимликлар;
- узум шарбати, сабзавотлардан — пиёз, саримсоқ пиёз, булғор қалампири кабилар.
Олий тоифали шифокор-гастроэнтролог Нодира АБДУВАЛИЕВА тавсиялари асосида
Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади