Сўровномага кўра, ҳар тўртинчи респондент 30 ёшга етмасдан "ёниш" ҳолатини бошдан кечирмоқда.
Talker Research ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, ўртача америкаликда стресс чўққиси 42 ёшга тўғри келса, Z авлоди вакиллари энг юқори босимни ўртача 25 ёшда ҳис қилмоқда. Клиник психолог Эҳаб Юсуфнинг айтишича, бугунги йигирма ёшлилар иш, молиявий қийинчиликлар, шахсий муносабатлар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги мукаммаллик босими туфайли кучли руҳий зўриқишни бошдан кечирмоқда.
Сўровда қатнашганларнинг 51 фоизи (18–44 ёш) юқори стресс даражасини қайд этган бўлса, катта авлод вакилларида бу кўрсаткич 37 фоизни ташкил этди. Умумий омиллар орасида молиявий муаммолар (30 фоиз), сиёсий иқлим (26 фоиз) ва ишдаги босим (25 фоиз) етакчилик қилмоқда.
Шунингдек, респондентларнинг учдан бир қисми 2026 йил ҳаётларидаги энг оғир йил бўлишини тахмин қилган. Бироқ 42 фоиз иштирокчи жорий йил ўтган йилга нисбатан яхшироқ кечишига умид билдирмоқда.






