ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти маълум қилишича, эртага — 18 февралдан бошлаб Ўзбекистон бўйлаб 2000 дан ортиқ масжидда таровеҳ намозлари ўқилади. Намозлар соат 20:30 дан кейин бошланиши режалаштирилган бўлиб, ҳар куни қарийб 1 миллионга яқин фуқаро иштирок этиши кутилмоқда.
Жамоат тартибини сақлаш мақсадида 20 мингга яқин Ички ишлар органлари, Миллий гвардия ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ва ҳарбий хизматчилар жалб этилади. Масжидлар атрофи видеокузатув камералари билан жиҳозланган бўлиб, улар мониторинг марказига уланган.
Шунингдек, йўлларда хавфсизликни таъминлаш учун 2500 га яқин Йўл-патруль хизмати ходими хизмат олиб боради. Айрим кўчаларда транспорт ҳаракати вақтинча чекланиб, махсус тўсиқлар ва алоҳида автотураргоҳлар ташкил этилади. Фавқулодда ҳолатлар учун 200 дан ортиқ махсус техника шай ҳолатга келтирилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда жорий йил Рамазон ойи 19 февралдан бошланиши маълум қилинган эди.






