Улардан 200 минг доллар олдиндан олинган вақтида қўлга олинган.
Тергов маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1953-йилда туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган аёл 1982-йилда туғилган таниши билан тил бириктирган.
Улар Юнусобод тумани ҳудудидаги тадбиркорлик субектига тегишли, аммо ҳозирда тақиқда турган 2 гектар нотурар ер майдонини 9 млн АҚШ долларига сотишга келишган.
Гумонланувчилар мансабдор танишлари орқали ер ҳужжатларини расмийлаштириб, уни турар жой тоифасига ўтказиб беришни ваъда қилган.
Улар харидордан 200 минг АҚШ доллари олдиндан олган вақтда Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






