Ҳозирда 60 дан ортиқ бола стационар даволанмоқда.
Фарғона шаҳрида 20 февраль куни 2-, 58- ва 61-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларида иситма, қорин оғриғи, кўнгил айниши ва ич кетиши каби аломатлар кузатилган. 21 февраль соат 19:00 дан бошлаб болалар Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган.
Шифокорлар томонидан уларга “Ўткир диарея касаллиги, алиментар этиологияли” ташхиси қўйилиб, диарея бўлимига ётқизилган. Ҳозирда 62 нафар бола стационар даволанмоқда, уларнинг ҳолати қониқарли деб баҳоланмоқда.
Ота-оналарнинг айтишича, таомлар Garden Catering Trade МЧЖ томонидан етказиб берилган. 20 февраль кунги менюда гўштли таом — “типратикан” тифтели ҳам бўлган. Айрим мурожаатчилар болалар гўшт маҳсулотидан заҳарланган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Вилоят ҳокимининг 2024 йил 25 июлдаги қарорига мувофиқ, аввал Қувасой шаҳрида синов тариқасида жорий этилган кейтеринг тизими кейинчалик Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларига ҳам татбиқ этилган. Кейинчалик масъул идоралар томонидан мазкур корхона фаолиятида санитария ва меъёрий талабларга риоя қилинмагани аниқланган.
Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълум қилишича, ҳозирда санитария-эпидемиологик мутахассислар боғчалар ва овқат етказиб берувчи корхонада текширув ўтказиб, лаборатория таҳлиллари олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил сентябрь ойида Тошкент вилоятидаги боғчаларда ҳам оммавий заҳарланиш ҳолати кузатилган, орадан бир ой ўтиб Фориш туманидаги давлат боғчаларида ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлган эди.






