Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оккупация қилинган Фаластин ҳудудлари бўйича мустақил тергов комиссияси Исроил ҳокимиятлари ва хавфсизлик кучларини Ғарбий Соҳилда фаластинликларга қарши кўчманчилар томонидан амалга оширилаётган ҳужумларни қўллаб-қувватлашда айблади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди
Комиссия ҳисоботида қайд этилишича, Исроил ҳокимиятлари молиявий ва ҳарбий кўмак орқали кўчманчилар ҳаракатларига шароит яратиб берган. Шунингдек, хавфсизлик кучлари кўплаб ҳолатларда кўчманчиларга ҳамроҳлик қилиб, уларни ҳимоя қилгани таъкидланган.
БМТ маълумотларига кўра, 2023 йилдан буён Фаластин қишлоқлари ва қишлоқ хўжалиги ерларига қарши ҳужумлар сони 130 фоизга ошган. Ўтган йил давомида мазкур ҳужумлар оқибатида камида 7 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 832 киши турли даражада жароҳат олган.
“Исроил хавфсизлик кучларининг кўчманчилар ҳужумларида иштироки кучайиб бормоқда. Бу эса амалда кўчманчилар ва ҳарбийлар ўртасидаги фарқ йўқолиб бораётганини англатади”, дейилади ҳисоботда.
Комиссия фикрича, бундай ҳаракатлар фаластинликларни ўз ерларидан сиқиб чиқариш ва ҳудудларни аннексия қилиш сиёсатига хизмат қилмоқда.
Ҳисоботда кўчманчилар томонидан фаластинлик болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳам қайд этилган. Хусусан, 2025 йил апрель ойида 12 ёшли қиз ва унинг 3 ёшли укаси пичоқ билан таҳдид қилиниб, ўғирлаб кетилгани ва дарахтга боғлаб қўйилгани келтирилган.
Комиссия раиси Нави Пиллай зўравонлик ҳолатларини кескин қоралаб, Исроиллик кўчманчиларнинг фаластинликларга қарши ҳар кунлик ҳужумлари мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат эканини таъкидлаган.
Шу билан бирга, ҳисоботда ҲАМАС ҳаракати томонидан содир этилган қонунбузарликлар ҳам қайд этилган. Комиссия маълумотларига кўра, 2024–2025 йилларда ҳужжатлаштирилган 249 та қатл ва оғир зўравонлик ҳолатининг камида 60 тасида ҲАМАС билан боғлиқ кучлар иштирок этган.
БМТ комиссияси аввалги ҳисоботларида ҳам 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС ва бошқа қуролли гуруҳларнинг Исроилга қилган ҳужумларини ҳарбий жиноят сифатида баҳолаган эди. Шунингдек, комиссия Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари геноцид аломатларига эга эканини билдирган. Исроил эса ушбу айбловларни рад этиб келмоқда.






