Президент Шавкат Мирзиёев “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусидаги халқаро форум иштирокчиларига мурожаатида наркотиклар савдоси глобал хавфга айланганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, наркобизнес нафақат жиноятчилик, балки терроризмни молиялаштирувчи йирик яширин иқтисодиёт манбаидир.
Давлат раҳбари наркожиноятларга қарши курашда молиявий манбаларни чеклаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини қайд этиб, криптобиржалар учун ягона идентификация стандартларини жорий этиш, оффшор ҳудудлар билан маълумот алмашинувини кучайтириш ва “номаълум манба” маблағларини автоматик блоклаш механизмларини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Шунингдек, ноқонуний маблағлар ҳаракатини аниқлайдиган “халқаро рақамли қора код” тизимини яратиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.
Мирзиёев БМТ маълумотларига таяниб, дунёда 300 миллиондан ортиқ одам гиёҳванд моддалар таъсирида эканини, ҳар йили қарийб 600 минг киши бу иллат қурбонига айланишини қайд этди. Ушбу хавф Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаётгани таъкидланиб, мамлакатда наркожиноятларга қарши кураш умуммиллий ҳаракатга айлантирилгани айтилди.
Форум доирасида сунъий интеллект асосида ишлайдиган ягона халқаро рақамли платформа яратиш, Марказий Осиё наркологлар ассоциациясини ташкил этиш ва нарко-трафик юқори ҳудудлар учун махсус ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш каби қатор ташаббуслар илгари сурилди.






