1

Ҳомиладорликни режалаштираётган жуфтликлар учун 6 тавсия

САЛОМАТЛИК 09.01.2017, 09:34
Теглар: Саломатлик, Эр-хотин, Бола, SUGDIYONA
Ҳомиладорликни режалаштираётган жуфтликлар учун 6 тавсия

Ҳомиланинг меъёрда ривожланиши, соғлом дунёга келиши кўп жиҳатдан аёл саломатлигига боғлиқ. Аммо бўлажак она организми бирор хасталикдан азият чекса-чи? Сурункали безовталик айни ҳомиладорлик вақти хуруж қилмайдими? Миттивойга ножўя таъсирининг юзага келиш эҳтимоли қай даражада? Фарзанд кўринишни режалаштиришдан аввал нималарга эътибор берилиши ва туғруққа тайёргарлик ҳақида батафсил маълумот берамиз.

Мутахассис – Машкура ЗОКИРОВА, Тошкент вилояти Зангиота тумани акушерлик комплекси, туғруқ бўлими бошлиғи.

Аллергенлардан эҳтиёт бўлинг!

«Ҳомиладорлик вақти астма хуружлари камайиб, касаллик ўз–ўзидан чекинади» деган сўзлар шунчаки тахмин. Нафас йўлларининг сурункали хасталиги мавжуд бўлса, фарзанд кўриш, албатта, режалаштирилиши лозим. Дастлаб, пульмонолог ҳамда аллерголог шифокорлар кўриги талаб этилади. Умумий аҳволингиздан келиб чиқиб, бир қанча таҳлиллар ҳам буюрилиши мумкин.

Ҳомиладор бўлгач эса энг биринчи қиладиган ишингиз, астма ҳақида даволовчи гинеколог шифокорни огоҳ этишдир. Унутманг, фарзанд кутаётган даврда ҳеч қандай дори препарати, ҳатто бирор бир витаминни ҳам ўз билганингизча қабул қилманг. Агар астма хуружларига қарши бирор бир дори воситаси ёки ингаляторлардан фойдаланиш буюрилган бўлса, мутахассис назорати муҳимдир.

Астманинг оғир ва ўртача оғир турлари билан касалланган аёллар учун хуружларнинг олдини олишга мўлжалланган препаратлар буюрилиши мумкин. Бундай воситалар асосан бронхларга таъсир кўрсатиб, қонга сингмайди. Ҳомила ривожланишида бирор зиёни бўлса-чи, деган ўй билан муолажани тўхтатиш ўринсиз. Негаки, астма хуружлари зўрайса, ҳомилада кислород етишмовчилиги (гипоксия) келиб чиқиши мумкин.

Ёғли таомлар чекловда!

Қон босимингиз кескин кўтарилишга мойил бўлса, фарзанд кўришни режалаштиришда дастлаб, терапевт шифокор, сўнг тор доирадаги мутахассислар кўригидан ўтишингиз лозим. Зеро, артериал гипертензия хуружлари ҳомиладорликнинг тўхтатилиши каби ўта жиддий ҳолатларга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Окулист (кўз туби ҳолатини баҳолайди), невролог (энцефалопатия аломатларини ўрганади), эндокринолог (қалқонсимон без фаолиятидаги ўзгаришларни аниқлайди), уролог (УТТ ёрдамида буйраклар ҳолатини кўздан кечиради) мутахассисларнинг тиббий хулосасига кўра, фарзанд кўришга монелик қилувчи ҳолатлар инкор этилса, гипертензия муолажасида қўлланилувчи препаратлар қайта кўриб чиқилади.

Ҳомиладорлик юз берганидан сўнг гинеколог кўригини канда қилманг. Биринчи уч ойликда артериал қон босими кўтарилмайди, ҳатто хасталик чекингандек туюлиши ҳам мумкин. Бироқ кейинги ойларда қон босимини ўлчаб бориш ғоят зарур. Туғруққа қадар ўзгаришлар бўлмасин десангиз ёғли таом ва егуликларни чекланг, кўпроқ дам олинг, стресс ҳолатларидан ҳимояланиш, эрталаб оёқ–қўл чигилини ёзиш учун бажариладиган машқлар ҳам айни муддао.

Туғруққа яқин қон босими «сакраши»нинг тез-тез кузатилаётгани ва ушбу ҳодиса она ва бола ҳаётини хавфда қолдириши тасдиқланса, кесарча кесиш амалиёти ўтказилиши мумкин. Ҳомиладорлик нормал кечганида эса ўз вақти соати билан туғруқ амалга ошади.

Кўзингиз ёриётган маҳал кучаниш оралиқларидаги тўғри нафас олиш маромига амал қилсангиз, кўз ички босимининг ортиши келиб чиқмайди.

Қатъий назорат ва гигиена!

А, В, С ва D турларига эга бўлган гепатит касаллиги билан оғриган аёллар соғлом фарзанд дунёга келтириш имкониятига эгалар. Ягона шарти хасталик оғир, жадал ривожланмаётган, жигарга асорат бермаётган бўлиши керак. Касаллик турлари орасида С гепатитининг қон орқали юқиши, ҳомилага таъсири бўладими ёки йўқ, деган саволни пайдо қилади. Мутахассислар, С гепатитининг туғилажак фарзандга юқмаслиги, аммо туғруқ вақти ниҳоятда аҳамиятли бўлиш кераклигини уқтиришади. Касаллик муолажаси яқиндагина тугатилган ҳолатларда эса олти ойдан сўнг ҳомиладорликни режалаштириш лозим. Йўқса, организм қувватга кира олмайди.

Баъзан С гепатитининг мавжудлиги айни ҳомиладорлик даврида аниқланиши мумкин. Бундай пайтда аёл, гинеколог ва бошқа тор доирадаги шифокорлар кўригидан ўтказилиб, туғруққача назоратга олинади. Фарзанд дунёга келгач, кўкрак сути билан эмизиш, вируснинг болага ўтиш эҳтимолини келтириб чиқармайди, аммо хавф омили пайдо бўлмаслиги учун шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, кўкрак учларида ёриқлар пайдо бўлиши ҳамон эмизишни тўхтатиш зарур.

Оёқдан зах ўтмсин!

Бириктирувчи тўқиманинг шикастланиши, яллиғланиши билан кечадиган ревматизм, асосан қон–томирлар ва бўғимларни зарарлайди. Умумий ҳолсизлик, йирик бўғимларда оғриқ, кўп терлаш, яллиғланиш ўчоқларининг зўрайиши кузатилганида, ҳомиладор бўлиш тавсия этилмайди. Муолажа якунига етгач, қайта тиббий кўрик ўтказилиб, хасталик асоратлари инкор этилсагина фарзанд кўришни режалаштириш мумкин. Ревматизмнинг хавфли оқибатларидан бири юрак-қон томир фаолиятининг бузилишидир. Шу боис касаллик авж олган маҳал ҳомиладорликка тайёрланиш ман этилади.

Фарзанд кутаётган даврда нафас йўллари яллиғланиши, оёқдан зах ўтиши, вирусли касалликлар, тумов, тиш кариесидан ҳимояланиш лозим. Иммунитетни чиниқтириш мақсадида наъматак дамламасини қабул қилиш, оғиз бўшлиғини мойчечак ва тузли сув аралашмасида чайиш, бурун атрофига оксолин суртмаси билан ишлов бериш тавсия этилади.

Тана ҳароратининг кўтарилиши, бўғимларда оғриқ, жисмоний ҳаракатланиш вақтида нафас сиқиши, ҳолсизлик, кўп терлаш каби аломатлар ревматизм хуружларига ишора бўлиши мумкин. Бундай пайтларда дарҳол даволовчи шифокорингиз билан боғланиб, зарур муолажаларни кечиктирманг. Касаллик хуружларига эътиборсизлик, ҳомила гипоксияси ҳамда йўлдош кўчишига олиб келиши мумкин.

Фото: оёғи оғрийётган ҳомиладор аёл

Қанд миқдорини ўлчаб боринг!

Қандли диабетнинг биринчи ва иккинчи тури билан касалланиш, фарзанд кўриш эҳтимолини камайтирмайди. Бироқ ҳомиладорликни режалаштиришда, эндокринолог кўригидан ташқари, нефролог, окулист, кардиолог мутахассисларнинг тиббий хулосаси, қондаги қанд миқдори кўрсаткичи, аёлнинг ёши, хасталик босқичи ҳам эътиборга олинади. Диабетнинг жадал ривожланиши аниқланганида фарзанд кўриш тавсия этилмайди.

Ҳомиладорлик юзага келгач, мунтазам шифокор назоратида бўлиш, парҳез (секин ҳазм бўлувчи углеводли маҳсулотлар), зарур препаратларни ўз вақтида қабул қилиш, қондаги қанд миқдорини ўлчаб бориш (мустақил тарзда бажариш ҳам мумкин), артериал қон босимининг меъёрда бўлишига аҳамият бериш лозим. Ҳомиладорлик безовталикларсиз кечса, туғруқ табиий йўл билан амалга оширилади. Бирор бир ўзгаришлар келиб чиққанида, мисол учун қон босимининг ортиши ёхуд буйракларда безовталик, режали равишда (ёки шошлинч) кесарча кесиш амалиёти ўтказилади.

Ўзгаришларга диққат қилинг!

Ҳомиладорликда асорат бериши мумкин бўлган касалликлар орасида буйрак ва пешоб ажратиш йўли патологиялари юрак қон-томир тизимидан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди. Хусусан, пиелонефрит, гломерулонефрит, буйрак тош хасталиги ҳамда буйрак етишмовчилиги мавжуд бўлганида, фарзанд кўришни режалаштиришдан аввал тиббий таҳлил хулосалари талаб этилади. УТТ ва пешоб суюқлиги текширувида номеъёрий ҳолатлар аниқлангудек бўлса, муолажани бошлаш, даво чоралари ниҳоясига етмагунича ҳомиладорликдан сақланиш лозим. Негаки, қабул қилинаётган препаратлар ҳомила юзага келиши ва ривожланишига ножўя таъсир кўрсатади.

Ҳомиладорлик юз берганидан сўнг дейлик, пиелонефрит хуружи келиб чиқди. «Даволангандим-ку ахир» дейишингиз мумкин. Бироқ организмдаги ўзгаришлар буйрак фаолиятини издан чиқариши ҳеч гап эмас. Бундай пайтда вақтни ўтказмай пешоб таҳлилини топшириш ҳамда буйраклар УТТси тавсия этилади. Борди-ю, таҳлил хулосаси эритроцитлар миқдори ошганини кўрсатса, шифокор томонидан ҳомилага зиёни бўлмайдиган препаратлар буюрилади. Шу билан бирга бўлажак она сийдик ҳайдовчи дамламаларни ҳам қабул қилиши мумкин. Оёқларда шиш кузатилмаслиги учун эса енгил жисмоний машқларни бажариш, оғир ҳазм бўлувчи таомларни истеъмол қилмаслик лозим.

Жуда оддий туюлган сурункали чарчоқ ҳам баъзан фарзанд кўриш эҳтимолини камайтиради. Негаки, толиққан организм қувватсизланиб, репродуктив тизим ҳомила юзага келишини рағбатлантира олмайди. Шундай экан, ҳамиша соғлигингизга эътиборли бўлинг!  

Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади.

 

Шарҳлар

Буйрак хасталиклари кимларда кўпроқ учрайди? Шифокор жавоб берди

06.08.2021, 17:47

CCВ Матбуот хизмати буйрак етишмовчилиги қандай хасталик экани ва уни бартараф этишда мамлакатимиз тиббиёти нималарга қодирлиги ҳақида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим раҳбари,...
Эр-хотин 5 бош қўй ўғирлаб қўлга тушди

03.12.2019, 10:59

 Пойтахтимизнинг Миробод туманида яшовчи фуқаро Ҳ.Н. Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 29 ноябрга ўтар кечаси ўзига тегишли «Гулобод» маҳалла фуқаролар йиғини...
ЮТИНГАНДА ҚУЛОҚ ОҒРИҒИ?!

26.12.2017, 13:12

— Уч яшар ўғлим овқат чайнаб ютаётганида қулоғини ушлаб, оғриётганини айтди. Шифокорга кўрсатсам, отит деб ташхис қўйди. Бу қандай касаллик? Уни уйда даволаса бўладими? Назира...
ДИАТЕЗ ҚАЙТАЛАМАСИН ДЕСАНГИЗ…

26.12.2017, 13:08

— Эмизикли чақалоғим экссудатив диатез касаллиги билан оғриганди. Ҳозир соғайган бўлса-да, айрим таомларни истеъмол қилганимда унинг баданида қизғиш доғлар пайдо бўлади. Гўдакда диатез қайталамаслиги учун...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1