АсосийСОҒЛИҚ
Муаллиф: Darakchi.uz

Ўзбекистоннинг 8 та ҳудудида грипп ва ЎРВИ билан касалланиш кўпайди

Аҳоли ўртасида касалликларнинг олдини олиш, вакцинация ва ўзбошимчалик билан даволанишнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш ҳам топширилган.

'Ўзбекистоннинг 8 та ҳудудида грипп ва ЎРВИ билан касалланиш кўпайди'ning rasmi

Ўзбекистонда йил бошидан буён ўткир респиратор инфекциялар билан касалланиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга камайган. Бироқ октябрь–ноябрь ойларида мамлакатнинг 8 та ҳудудида касалланиш кўрсаткичлари ошган. Шу муносабат билан тиббиёт муассасаларида мавсумий касалликларга қарши тайёргарлик кучайтирилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, 17 ноябрь куни вазир Элдор Одилов иштирокида эпидемиологик вазият ва тиббиёт муассасаларининг мавсумий касалликларга тайёргарлиги муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилган.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Сирдарё, Фарғона, Жиззах, Қашқадарё, Хоразм ва Навоий вилоятларида октябрь–ноябрь ойларида ўткир респиратор инфекциялар билан касалланиш ҳолатлари кўпайгани маълум қилинган.

Қайд этилишича, айни пайтда мамлакат тиббиёт муассасаларида болалар учун 10 минг 573 та ўрин-жой ажратилган. Уларнинг бандлик даражаси одатий кўрсаткичдан бироз юқори. Шу боис беморларни тўғри йўналтириш, қўшимча захира ўринларини тайёрлаш ва мавжуд тиббий имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланган.

Йиғилишда Элдор Одилов шифохоналардаги юкламани камайтириш учун бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими фаолиятини кучайтириш лозимлигини айтган. Унинг таъкидлашича, грипп ва ЎРВИ билан касалланган беморларни эрта аниқлаш, уларни назоратга олишда оилавий шифокорлар ҳамда патронаж ҳамшираларининг масъулияти катта.

“Грипп ва ЎРВИ билан касалланиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва беморларни назоратга олишда бирламчи бўғиннинг масъулияти катта. Шу боис оилавий шифокорлар ва патронаж ҳамширалари уйма-уй юриб, аҳолига зарур тиббий ёрдам кўрсатиши лозим. Шамоллаш мавсумида ҳеч бир бемор эътибордан четда қолмаслиги керак”, — деган вазир.

Шунингдек, эпидемиологик вазиятни ҳар куни таҳлил қилиш, ҳудудий штаблар фаолиятини самарали ташкил этиш, болалар, туғруқ, шошилинч ва юқумли касалликлар шифохоналарида эҳтиёждан келиб чиқиб, қўшимча ўрин-жойлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилган.

Бундан ташқари, антибиотик ва гормонал препаратлардан фақат тиббий кўрсатма асосида фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш, тиббиёт муассасаларини зарур дори воситалари билан таъминлаш вазифаси белгиланган.

    Бошқа янгиликлар