Ёз фаслида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Айниқса, болалар, кекса ёшдагилар ҳамда сурункали касалликлари бор шахслар жазирама таъсирига нисбатан кўпроқ мойил бўлади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси хабар берди.
Тиббиёт фанлари номзоди Ақида Носированинг таъкидлашича, ҳаво ҳарорати юқори бўлган кунларда организм ўзини асосан терлаш ва тери орқали қон айланишини кучайтириш ҳисобига совутади. Бироқ ҳаво ҳарорати ҳаддан ташқари ошганда бу механизмлар самарасиз ишлай бошлайди. Натижада организм қизиб кетиб, иссиқликдан чарчаш ёки ҳаёт учун хавфли бўлган иссиқ уриши юз бериши мумкин.
Мутахассис куннинг энг хавфли даври соат 11:00 дан 17:00 гача эканини таъкидлаб, бу вақтда имкони борича очиқ ҳавода юрмасликни тавсия қилди. Шунингдек, оч рангли, пахта матодан тикилган, кенг ва ҳаво яхши ўтказадиган кийимлар кийиш, бош кийимдан фойдаланиш ҳам муҳимлиги қайд этилди. Болаларнинг жисмоний машғулотлари ва ўйинларини эрталаб соат 10:00 гача ёки кечқурун ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Шифокорнинг сўзларига кўра, болаларга чанқашни кутмасдан мунтазам сув бериш, ҳар 20–30 дақиқада оз-оздан суюқлик ичириш ҳамда ширин газли ичимликларни чеклаш лозим.
Кекса ёшдагиларда эса чанқаш ҳисси пасаяди, терлаш камаяди ва юракка тушадиган юклама ортади. Шу боис уларга кун давомида мунтазам сув ичиш, хона ҳароратини 24–26 даража атрофида сақлаш, кондиционер ёки вентилятордан фойдаланиш ҳамда оғир жисмоний меҳнатдан воз кечиш тавсия этилган.
Овқатланишда тарвуз, қовун, бодринг, помидор, кўкатлар, турли мевалар, қатиқ, айрон ва сабзавотли таомларни кўпроқ истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Ёғли гўшт, қовурилган таомлар, жуда шўр маҳсулотлар ва ширин газли ичимликларни эса чеклаш керак.
Мутахассиснинг айтишича, соғлом катта ёшли инсон бир кунда ўртача 2–3 литр суюқлик истеъмол қилиши лозим. Жисмоний меҳнат ёки ҳаво ҳарорати юқори бўлган шароитда бу эҳтиёж янада ортади. Бироқ буйрак ёки юрак етишмовчилиги бўлган беморлар суюқлик миқдорини даволовчи шифокор тавсиясига мувофиқ белгилаши зарур.
Иссиқ уришининг дастлабки белгиларига кучли чанқаш, чарчоқ, бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши ва кучли терлаш киради. Оғир ҳолатларда эса тана ҳарорати 40 даражадан ошиб кетиши, ҳушнинг бузилиши, тиришиш ва юрак уришининг тезлашиши кузатилади. Терининг қизариши ва жуда иссиқ бўлиб қолиши эса ҳаёт учун хавфли белги ҳисобланади.
Бундай вазиятда жабрланувчини зудлик билан сояга ёки салқин хонага олиб кириш, кийимларини бўшатиш, нам совуқ сочиқ билан танасини совутиш, вентилятор ёрдамида ҳаво бериш ҳамда ҳуши жойида бўлса, оз-оздан сув ичириш тавсия этилади. Агар ҳушидан кетган, тиришиш кузатилган ёки аҳволи оғир бўлса, дарҳол 103 хизматига мурожаат қилиш лозим.
Шу билан бирга, иссиқ урган одамни тўсатдан муздек сувга тушириш, ҳушсиз одамга сув ичириш, спиртли ичимлик бериш, оғир жисмоний машқларни давом эттириш ва болани ёпиқ автомобилда қолдириш мутлақо мумкин эмаслиги таъкидланди.
Мутахассислар жазирама кунларда етарли миқдорда сув ичиш, куннинг энг иссиқ соатларида очиқ қуёш остида бўлмаслик, енгил ва оч рангли кийим кийиш, жисмоний фаолликни эрталаб ёки кечқурунга кўчириш ҳамда болалар, кексалар ва сурункали касаллиги бор шахсларни алоҳида назорат қилишни тавсия этмоқда.






