АсосийСОҒЛИҚ

Болаларни грипп ва ЎРВИдан қандай асраш мумкин? — ССВ

Кузда ҳаво совиши ва болаларнинг мактаб-боғчага қайтиши грипп ва ЎРВИ кўпайишига олиб келиши мумкин. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу касалликлардан ҳимояланиш бўйича тавсиялар берди.

'Болаларни грипп ва ЎРВИдан қандай асраш мумкин? — ССВ'ning rasmi

Кузда ҳаво салқинлашиши ва болаларнинг мактаб ҳамда боғчаларга қайтиши сабаб грипп ва ЎРВИ каби мавсумий касалликлар кўпайиши мумкин. Соғлиқни сақлаш вазирлиги болаларни инфекциялардан ҳимоя қилиш учун қатор тавсияларни берди.

Юқумли касалликларнинг олдини олишда қўлларни совунлаб ювиш, беморлар билан яқин мулоқотни чеклаш ва хоналарни мунтазам шамоллатиш муҳим. Болада бурун оқиши, йўтал, томоқ оғриғи ёки иситма кузатилса, уни мактаб ёки боғчага юбормаслик тавсия этилади.

Боланинг рационида сабзавот ва мевалар, сут маҳсулотлари, тухум, гўшт, балиқ ва дуккакли маҳсулотлар етарли бўлиши керак. Шунингдек, бола етарлича ухлаши, жисмоний фаол бўлиши ва об-ҳавога мос кийиниши муҳим.

Грипп айрим ҳолларда зотилжам, отит, синусит ва бошқа жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Унинг олдини олиш ва касаллик оғир кечиши хавфини камайтиришнинг самарали усулларидан бири — эмланиш. Айниқса, ёш болалар, кексалар, ҳомиладор аёллар ва сурункали касалликлари бор инсонларга вакцина масаласида шифокор билан маслаҳатлашиш тавсия этилади.

Мутахассислар таъкидлашича, боланинг тез-тез шамоллаши ҳар доим ҳам иммунитети пастлигини англатмайди. Боғча ва мактабга қатнайдиган болалар турли вируслар билан кўпроқ тўқнаш келиши мумкин.

Касалланган болага суюқликни оз-оздан, тез-тез бериш, хонани шамоллатиш ва уни ортиқча иссиқ кийинтирмаслик тавсия этилади. Агар касаллик узоқ давом этса ёки оғир кечса, шифокорга мурожаат қилиш зарур.

    Бошқа янгиликлар

    Болаларни грипп ва ЎРВИдан қандай асраш мумкин? — ССВ - Darakchi.uz