АсосийSalomatlik

Ҳар бир ёшнинг ўз жумбоғи бор

Маълум бўлишича, инсон умри давомида ҳар бири 7 йил давом этадиган 12 та босқичдан ўтар экан. Бу босқичларда ўзига хос муаммоларга дуч келиш табиий. Бундан ҳаётий тажриба ортади ва муайян қийинчиликларга чап беришни ҳам ўрганса бўлади. Бошқача айтганда, биз инсонлар умримизнинг ҳар бир йилини ўз ёшимиздан келиб чиққан ҳолда кутиб оламиз ва кузатамиз. Умрингизнинг қайси босқичида соғлиғингиз қай даражада бўлишига қизиқсангиз ва уни имкон борича яхшилаш тарафдори бўлсангиз, ушбу мақола айнан сиз учун!

 

0-6 ёш

Жажжи одамчанинг умуртқаси, скелети ва умуман, бутун таянч-ҳаракат аппарати, мушак пайлари ҳам катталар эътиборига муҳтож. Бу даврда уқалаш курслари, ёшга доир жисмоний машқлар тавсия этилади. Бордию бу жараёнда лат ейиш, пай чўзилиши каби муаммолар учраб қолса, асло ўзбошимчалик билан уй шароитида даволашга уринманг. Болани травматолог қабулига олиб боринг. Овқатланиш рациони таркиби: сут маҳсулотлари, мева-сабзавотлар, А, В, С, Е витаминлари.

 

7-13 ёш

Ота-оналар бу ёшдаги болаларнинг таносил аъзолари, таянч-ҳаракат аппарати ва тишларига, нутқи ва онги ривожланишига, юрагининг ишлаш мароми, эндокрин ва нафас олиш тизимига… (бу рўйхатни ҳали анча давом эттириш мумкин) эътиборли бўлишлари керак. 7-13 ёш — боланинг шахс сифатида шаклланишида асос бўладиган, организм ўсишининг энг фаол даври. Бола рационидан ярим тайёр маҳсулотларни умуман олиб ташлаш керак. «Фастфуд»лар ҳақида-ку гап ҳам бўлиши мумкин эмас!

 

14-20 ёш

Диққатингизни ошқозон ости бези, ўт пуфаги ва жигарга қаратинг. Худди шу даврда соғлом ҳаёт тарзи ва овқатланиш қоидаларини ўсиб келаётган ёш авлод онгига сингдиришга улгуриш керак. Чунки айнан шунинг ўзи ҳар қандай парҳездан яхшироқ самара беради. Демак, ёғли, қовурилган маҳсулотлар, ширинликлар, аччиқ ва дудланган озиқ-овқатлар истеъмолини чеклаш керак. Акс ҳолда фақат юқорида кўрсатилган аъзолар эмас, тери ҳам зарарланади. Ахир энг гуллаган ёшлик чоғини ҳуснбузарлар бузишини ким ҳам истарди, тўғрими?

 

21-27 ёш

Буйраклар ва таносил тизимига бефарқ бўлманг. Кўнглингиз хотиржамлиги учун текширувдан ўтсангиз ҳам чакки бўлмасди. Бир суткада камида 1,5-2 литр суюқлик ичиш тартибига амал қилинг. Туз истеъмолини ҳам чекланг (тузнинг бир суткалик меъёри 5 гр.). Ҳадеб бир хил овқат тановвул қилавермасдан таомномангизни ранг-баранглаштиринг ва ўз вақтида овқатланиш қоидасига амал қилинг.

 

28-34 ёш

Бу иккинчи ўтиш даври бўлиб, тавсиялар 7-13 ёшдагиларникига ўхшаш. Фақат қўшимча сифатида профилактика учун барча мутахассис шифокорлар кўригидан ўтишни киритиш мумкин. Мавжуд касалликларни даволашга шу ёшданоқ киришмасангиз, кейин уларнинг асоратлари билан курашиш қийин бўлади. Чекувчилар бу зарарли одатни айнан шу даврда ташлагани маъқул. Дилбар аёлларимиз учун эса фарзанд кўришнинг энг қулай даври.

 

35-41 ёш

Овқат ҳазм қилиш тизими ва жинсий муаммоларга эътибор қаратишнинг айни вақти. Энди тор соҳага йўналтирилган шифокорлар (гинеколог, уролог, андролог) кўригидан ўтишни мунтазамлаштириш шарт.

Фаол ҳаёт тарзини олиб боринг. Истасангиз, велоспорт билан шуғулланинг. Ҳаётингизни саёҳатлар билан бойитинг. Рационга келсак, фақат табиий тоза маҳсулотларни қабул қила бошлаганингиз маъқул.

 

42-48 ёш

Бу — ҳаётингизнинг ҳақиқий етуклик даври. Ундан лаззатлана олиш учун соғлиғингиз жойида бўлиши керак. Санаторий ва курортларга бориш учун албатта вақт ажратинг! Балки бу сиз учун янгилик бўлар, аммо бу сиҳатгоҳлар сиз доимий яшайдиган ҳудудда ёки айнан шу ҳудуд иқлимига яқин жойда бўлгани маъқул. Қаҳва ва қора чойни какао ҳамда кўк чойга алмаштиринг. Ёғли овқатлардан тамоман воз кечинг. Сизга холестерин керак эмас-ку!

 

49-55 ёш

Бу даврга хос биринчи муаммо — артериал қон босими. Қийин бўлса-да, воқеа-ҳодисаларга нисбатан ҳиссий таъсирланишдан ўзингизни авайлашингизга тўғри келади. Куч ва асабларингизни асрашингиз керак. Нафасни машқ қилдирувчи, организмнинг қувват заҳираларини тўлдирувчи ҳар қандай машқ сиз учун жуда фойдали. Айтганча, бунда йога айни муддао. Табиат қўйнида кўпроқ бўлишга интилинг. Рационингизда балиқ ва денгиз маҳсулотлари бўлиши шарт.

 

56-62 ёш

Ҳаракатсизлик организмингизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун ҳеч бўлмаганда оддий гимнастика билан шуғуллансангиз ҳам аъзойи-баданингиз сиздан миннатдор бўлади. Кўпроқ қатиқ ичинг. У ичаклардаги фойдали бактериялар захирасини тўлдиради. Ошқозон ва ичакларнинг тўлқинсимон керилиш ҳаракатларини кучайтирувчи мева ва сабзавотлар, жумладан, карамнинг ҳар хил турлари, лавлаги, ёнғоқ, олма, баргак, олхўри кундалик таомномангиздан ўрин олсин.

 

63-69 ёш

Бу даврга келиб, аҳамият қаратишингиз шарт бўлган асосий масала иммун тизими ҳисобланади. Бунинг рецепти жуда оддий: тез-тез тоза ҳавода сайр қилинг, қалбингизни қизиқ таассуротлар ва ижобий ҳис-туйғулар билан тўлдиринг. Кўпроқ вақтингизни фарзандларингиз ва набираларингиз даврасида ўтказинг. Улар билан кўнгилли мулоқотлар кайфиятингизни чоғ қилади.

 

70-76 ёш

Мушак пайлари, бўғим ва суякларга эътибор қаратинг. Доимий равишда жарроҳ ва ортопед қабулига бориб туринг. Шу йиллар давомида денгиз тузлари солинган сувда ванна қабул қилиш фойдали, аммо бундан олдин ўз терапевтингиз билан маслаҳатлашиб кўринг. Чунки бундай ванналардаги тузнинг дозаси ва жараённинг доимийлигини индивидуал тарзда белгилаш керак. Ширинлик ва ёғли таомлардан тийилинг, спиртли ичимликлар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади.

 

77-84 ёш

Энг асосийси, шикастланишлардан ва шунга олиб келувчи вазиятлардан эҳтиёт бўлинг. Кўчада, жамоат жойларида, айниқса, аҳоли тирбанд пайтда эҳтиёткорликни унутманг. Ўзингизни ахборот хуружларидан ҳам ҳимоя қилинг. Жиноят, хавф-хатарлар ҳақида кўрсатувлар берилганда иложи бўлса, кўрмасликка ҳаракат қилинг. Эътиборингизни фақат яхши нарсаларга қаратинг. Рационингиз сут маҳсулотлари, сабзавотлардан иборат бўлсин. Оғир ҳазн бўладиган таомлар истеъмолини чегараланг.

Бошқа янгиликлар