Ҳар қандай аёл эрининг топармон-тутармон, омадли ва бахтли бўлишини истайди. Зеро, оила, фарзандларнинг бахти, келажаги ва фаровонлиги шунга бевосита боғлиқ. Агар истак бўлса, буни ҳар бир аёл уддалаши мумкин.
Аёл – оиланинг қалби. Эркак ҳар қанча мустақил бўлмасин, руҳий-маънавий жиҳатдан ўз аёлига муҳтож бўлади. Шу сабабли бизда ёш қизларни оилага тайёрлаш, уларнинг маънавий хусусиятларини тарбиялашга катта эътибор қаратилган. Умуман олганда, инсонни ўзгартириш қийин. Аммо аёл истаса, турмуш ўртоғини улкан ишларга илҳомлантириши, унга мадад ва ишонч бағишлаши мумкин. Аммо қандай?
- Аёл ҳеч қачон эри билан очиқдан-очиқ баҳслашмаслиги, айниқса унга «сизга ишонмайман» демаслиги керак. Кўпчилик эркаклар оиласи учун туну кун меҳнат қилишга тайёр. Улар кўп ҳолларда пул учун ҳам эмас, аёллари уларни қадрлаши, интилишларини эътироф этиши учун ҳаракат қилишади. Буни ўзлари тан олмасалар ёки англамасалар ҳам, ҳақиқат шундай. Шунинг учун эркак аёли ва фарзандлари кўз ўнгида ношуд, қўлидан иш келмайдиган бўлиб қолишни истамайди. Агар аёли уни шундай деб ўйласа ва очиқдан-очиқ бу фикрини айтса, бу эр учун ҳалокат. Эркакнинг ўзига ишониши кўп нарсани белгилайди. Аёллар эса эрларидаги ишончни собит қилишлари мумкин. Фақат эрга ишониш керак.
- Эрингизни ортидан ёмонламанг. Ишонмаслигингиз мумкин, аммо ким ортимиздан ёмонлайди, ким бизни аслида яхши кўради-ю, ким иккиюзламачилик ва тилёғламалик қилади – буларни юракдан ҳис қилиб турамиз. Эркак нима учун аёли билан чиқиша олмаслигини ўзи ҳам тушунмаслиги мумкин. Аммо ҳаммасига ғийбат сабаб. Чунки хотини уни онаси ёки дугонасига ёмонлайди. Эр эса буни ҳис этиб туради. Хуллас, жуфтингизни ортидан ҳам сизлаб, мақтаб гапиринг.
- Cўзларини диққат билан тингланг. Турмуш ўртоғингизга у сизнинг ҳаётингизда муҳим инсонлигини англатинг. Хатти-ҳаракатларингиз ва ҳулқингиз билан буни тасдиқланг. Унинг ҳар бир сўзи ва қилаётган иши эътиборингизда эканини билсин. Бу эркакларга қувват ва илҳом бағишлайди.
- Ҳурмат билан тилга олинг. Бошқаларга у ҳақида гапирганда шунчаки «эрим» дейиш билан «дадажониси» деб аташ орасида фарқ бор. Шунингдек, унинг ўзига ҳам «фалончи ака» ёки «дадаси» дегандан кўра, баъзи-баъзида «бегим», «султоним» ё бўлмаса «хўжайин» десангиз, кўнгли кўтарилади. Сиздан нима кетди?! Айниқса, бу келажакда оила ва фарзандлар фаровонлигига фойда келтирса…
- Унутманг, сиз турмушга чиққан эркак — сизнинг тақдирингиз. Шунинг учун турмуш ўртоғингизга нисбатан ҳурмат ва меҳр-муҳаббат туйғуларини ўзингизда тарбиялашингиз керак. Қийинчиликлар, турмуш ташвишларини биргаликда енгиб ўтиш асносида бу туйғулар янада ривожланиб боради. Фақат тушуниб олинг, шу эркак сизга Яратган томонидан юборилган. Бошқа эмас, айнан сиз уни нимангиз биландир жалб этдингиз, ўзингизга ром қилдингиз. Демак, уни маҳкам ушланг.
- Жуфтингиз ғашингизни келтирса, бу туйғуни енгишга ҳаракат қилинг. Агар тил учида эрингизга ҳурмат изҳор этсангиз-у, қалбан унга яқин бўлмасангиз, буни эркаклар ҳис этишади. Ҳаммаси тескари натижа бериши мумкин.
- Тасаввурни ишга солинг. Аёлларда савқи табиий (интуиция) ва туйғулар эркакларга нисбатан яхши ривожланган. Жуфтингизни уддабуррон, тадбиркор, муваффақиятли инсон сифатида тасаввур этинг. Кўрасиз, бу албатта ҳақиқатга айланади. Бордию эрингизни ношуд, қўлидан иш келмайдиган, бекорчи, бир умр шу аҳволда қолиб кетадиган ҳолатда тасаввур этсангиз, шундай бўлади ҳам. Демак, ҳаммаси ўзингизга боғлиқ.
- Сабрли бўлинг. Инсоннинг ички сифатлари унинг атрофдагилар билан муносабатларини белгилайди. Ҳаммасидан ҳам худбинлик ва ғазаб ёмон. Бир неча дақиқалик ғазабга берилиш энг уйғун муносабатларни ҳам расво қилиши мумкин.
- Норозиликка барҳам беринг. Бу туйғуни ҳатто ўзингиз ҳам тан олмаслигингиз мумкин, аммо у сизни ичдан емиради. Буни атрофдагилар — фарзандларингиз ва турмуш ўртоғингиз ҳис этишади. Болалар «онам мени яхши кўрмас экан», деган хаёлга бора бошлайди. Турмуш ўртоғингиз эса сизни «ношукур, заҳар» деб ўйлайди. Билиб қўйинг, бузғунчи туйғуни яшириш эмас, у билан курашиш ва енгиш керак.
Муваффақият нима дегани?
Оилангизнинг тинчи ва фаровонлиги сизнинг бу саволга қандай жавоб беришингизга кўп жиҳатдан боғлиқ. Эрингизга ёрдам беришни исташингизнинг ўзи кифоя эмас. Буни тўғри амалга ошира билиш ҳам керак. Бугунги кунда кўпчилик муваффақиятни пул, ҳокимият ва яна бошқа моддий кўрсаткичлар билан ўлчайдиган бўлиб қолган. Муваффақиятни бундай тушуниш нотўғри. Эрингиз ишлаб топаётган пулнинг миқдоридан ҳам кўра, уни қандай йўл билан топаётгани ва эвазига нималарни қурбон қилаётгани муҳимроқ. Балки турмуш ўртоғингиз кўп пул топмас, аммо бу унинг омадсизлигидан далолат эмас. Ҳеч ким насибадан ортиғига эга бўла олмайди. Бордию сизнинг қистовларингиз билан кўпроқ пул топишга уриниб кетса, бундан унинг бошқа жиҳатлари — масалан, соғлиғи ёки оилангизнинг хотиржамлиги зарар кўриши мумкин. Доно аёл буни тушуниши керак.
Қайсидир маънода эркак ва аёл муваффақиятни турлича тушунишади. Бу табиий. Рисоладаги аёл учун муваффақият бу: бўлажак фарзандлари учун яхши ота топиш, оила қўрғонини барпо этиш, уйни шинам ва файзли тутиш. Рисоладаги эркак учун эса: яхши амал, яхши машина ва яхши хотин. «Пешана битта бўлади», дейишади. Балки сиз ўзингизни қониқтирмаётган эр билан ажрашиб, бошқасига тегиш орқали масалани ҳал этмоқчи бўларсиз. Аммо биринчи турмушда учраган муаммолар сизни кейин ҳам тарк этмайди, аксинча, қайта-қайта йўлингиздан чиқаверади.
Иродали аёллар
Сўнгги пайтларда эркакларнинг жамиятдаги мавқеи сусайиб, оила ва рўзғор ташвишини кўпроқ аёллар ўз зиммаларига олаётгани ҳақида эшитиб турамиз. Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. ҳар бир оиланинг ўз пасту-баланди, илиқ-совуғи бўлади. Аммо унутмаслик керакки, аёл учун оила ва фарзандлар манфаати доим биринчи ўринда туради. Фарзандингиз бетоб бўлиб турса, ҳеч қандай карьера сизни бахтли қила олмайди.
Олайлик, аёл жамиятда, илмда, ишда ўзини кўрсатгиси келади, унда шунга нисбатан қобилият ва истак бор. Истак кучли бўлса, у албатта амалга ошади. Ҳаёт бунинг учун сабаб ҳам тақдим этади. Бундай аёлларнинг эрлари бетоб ёки ишсиз бўлиши мумкин. Шунда улар рўзғор ташвишларини ўз зиммаларига олишларига тўғри келади. Ёки уларнинг эрлари ғамхўрлик ва моддий мададга муҳтож инсон, масалан, ижодкор шахс ёки илм кишиси бўлади мумкин. Хуллас, қандай эркакка дуч келиш ҳам аёлнинг феъли ва энергетикасига боғлиқ.
Муваффақиятли эркаклар
Баъзи аёллар нолиб қолишади: «Эрим ишдан бўшамайди, оиласи учун вақт тополмайди»… Албатта, бунинг яхши тарафлари кам. Аммо турмуш ўртоғингиз вазир бўлса, албатта, унинг болалар билан шахмат ўйнаб ўтиришга вақти бўлмайди. Эркак киши учун иш жуда муҳим, аммо оилага ҳам вақт ажратиш керак. Чунки инсоннинг асосий вазифаси ҳам, мақсади ҳам зурриёт қолдириш ва уларга меҳр беришдир. Бундан муҳимроқ иш бўлиши мумкин эмас. Кўпинча ота-оналарининг эътиборидан маҳрум ўсган болалар тажовузкор бўлиб қолишади ёки ўз ота-оналари билан тил топиша олишмайди. Унутманг, болаларга меҳр керак!
Шаҳноза Тўрахўжавеа