Фарзандингиз кўчадан йиғлаб келса, уни ранжитган беадабнинг таъзирини беришга шошиласиз. Улғайиб, бировнинг оиласига узатган қизингиз эшикдан кўз ёшларини оқизиб кириб келса-чи? Яна қилич-қалқонингизни кўтариб, ўз ҳақиқатингизни ҳимоя қилгани отланасизми? Ўйлаб кўринг: сиз энди ёш болани ҳимоя қилмаяпсиз, вояга етган, қилмишларию қарорлари устидан жавобгарликни ҳис эта оладиган кап-катта одамнинг тақдирига аралашаяпсиз. Бу эса улкан масъулият. Руҳшунос Шаҳноза ҲАЛИЛОВА билан уч тақдир мисолида ана шу масалага баҳо беришга ҳаракат қиламиз.
«Ўз аравамни ўзим қандай тортай?..»
— Кичиклигимдан ота-онамнинг чизган чизиғидан чиқмаганман. Турмуш қуриш масаласида ҳам уларнинг раъйига қарадим. Бир йигитни ёқтирардим, бироқ у ота-онамга маъқул келмади. Бошқа бировга фотиҳа қилишганди, аммо йигитнинг оиласи борлиги маълум бўлиб, тўй бузилди. Кейин онамнинг дугонасига келин бўлдим. Эрим билан яхши тил топишаётгандик. Бироқ онам ва қайнонам чиқишолмай қолишди. Шундан кейин қайнонам менга кун бермайдиган бўлди. Буни сезган онам «Сизга хўрлатиб қўядиган қизим йўқ», дея мени ота уйимга олиб кетди. Оилада онамнинг айтгани-айтган, шу сабабли дадам бунга қарши бир сўз деёлмади. Онам ва қайнонамнинг зиддиятлари сабаб оилам бузилди, бир ўғлим билан отамникида яшай бошладим. Лекин энди онамнинг кўзига мен ёмон кўриниб қолдим. «Қачонгача сенинг ташвишингни қиламан? Укангни уйлантиришим керак. Ё эрга тег, ё рўзғорингни бўлак қилиб, ўз аравангни ўзинг торт», деяпти. Мен онамни деб шу кўйга тушдим, энди еган бир бурда ноним ҳам оғирлик қилаяпти. Ўзи «эринг боқиб олади» деб ўқишга, касб-ҳунар эгаллашга қўймаганди. Энди бошимни қай деворга уришни билмаяпман...
Райҳон, 24 ёш
Мутахассис фикри: — Инсон фарзанди 9 ой она вужудида яшагач, биологик жиҳатдан ундан ажралади. Афсуски, айрим ҳолларда бола туғилиб ҳам мустақил яшаб кетолмай, онага боғланиб қолади. Онангиз кучли аёл экан. Бундайларни ғарбда «темир хоним» дейишади. У киши атрофдагилар учун ҳам қарор қабул қилади, масъулиятни зиммасига олади. Бундай аёллар билан яшашнинг энг осон йўли — унга тобе бўлиш ва у кўрсатган йўлдан юриш. Сиз шу йўлни танлагансиз. Натижада намунали қиз бўлдингиз, аммо бахтли аёл эмас. Халқимизда «Ота-она тахт яратиши мумкин, лекин бахт яратиб бера олмайди», деган ҳикмат бор. Сизнинг вазиятингизда ҳам шундай бўлибди. Энди онангиз сизга қўпол тарзда бўлса ҳам «ўз билганингча яша», деяпти. Аслида аллақачон мустақил қарор қабул қиладиган ёшга етгансиз. Аммо бу реалликни қабул қилиш ўрнига маслаҳат берадиган, тўғри йўл кўрсатадиган онани энди ташқаридан излаяпсиз. Бироқ энди кичкина қизалоқ эмас, онасиз. Мустақил яшаб кета оладиган инсонни тарбиялаш учун онанинг ўзи мустақил ва кучли бўлиши керак. Касб-ҳунар эгаллашнинг эса кечи йўқ. Бахтсизлигингизда атрофдагиларни айблашни қўйинг, шахсий ҳаётингизга доир қарорларни ўзингиз қабул қилинг, бошқаларга бу ҳуқуқни берманг. Ўзингизга бахтсизлик ҳукмини ўқишга эса шошилманг. Ҳали бутун ҳаётингиз олдинда!
«Ўзим пиширган ош…»
— Баҳодир билан синфдош эдик. Мактабни битиргач, икки йил йўлимни пойлади, ниҳоят, кўнглимга йўл топди. Ота-онамнинг норозилигига қарамай, унга турмушга чиқдим. Лекин пешанамга севганим билан бахтли бўлиш ёзилмаган экан. Эримнинг оиласи ҳам никоҳимизга қарши эди. Тўйдан кейин аввало қайнонам, кейин қайнопаю қайнсингилларим, ҳатто овсиним ҳам менга қарши турли фитналар уюштириб, «уқувсиз келин», «ёмон бека», «эпсиз хотин»га чиқаришга уринишди. Камситишлардан безиб уйга борсам, онам, «Даданг билмасидан кета қол, қизим. Чидайсан, ўзинг пиширган ош», деб ҳайдагудек изимга қайтарди. Эримнинг қариндош-уруғлари эса «Сендан ота-онанг ҳам безор, ёнингни оладиган ҳеч ким йўқ», дея зуғумни кучайтиришмоқда. Наҳотки муҳаббат билан оила қурганим учун ота-онам мендан воз кечса?! Озгина мени қўллаб-қувватлашса, келин бўлиб тушган хонадонимдагилар ҳам шунга яраша муомала қилишарди...
Дилором, 19 ёш
Мутахассис фикри: — Инсон ҳаётида бундай инқироз онлари бекорга рўй бермайди. Уларнинг ҳар биридан хулоса чиқара билиш керак. Севганингизга турмушга чиққанингиз учун ўзингизни айбламанг. Шунда бошқалар ҳам сизни айбламайди. Эрингизнинг оиласи сизни аввал-бошидан қабул қилмаган ва ўз позициясини шу пайтгача сақлаб келмоқда. Шубҳасиз, сиз улардан ҳеч қачон яхши муносабат кутмагансиз, буни ҳатто тасаввур ҳам қила олмагансиз. Мана шу ерда хато бошланган. Чунки улардан ёмон муносабат кутиш орқали билиб-билмай ўзингизга нисбатан салбий туйғуларни уйғотгансиз. Улар эса сиз ёзган сценарийни ижро этишаяпти, холос. Энди позициянгизни ўзгартиришга ҳаракат қилинг. Айтинг-чи, атрофдагиларнинг сизга муносабати қандай бўлишини истардингиз? Уни хаёлан чизинг, ёзинг, тасаввур қилинг. Эътибор беринг, эрингизнинг оиласидаги аёллар турли фитналар уюштириш йўли билан сизни нимадан айиришаяпти? Севгиданми? Меҳрданми? Демак, уларнинг ўзига шу етишмаяпти. Сиз уларни айбламанг, аксинча, бахт тиланг. Уларга нисбатан етарлича меҳр-муҳаббат кўрсатилганида нақадар бахтли бўлишларини тасаввур қилинг. Уларга чиройли муомала қилиб, меҳр кўрсатинг. Эртанги кунингизни айнан сизнинг тасаввурларингиз яратади, уларнинг муносабати эмас. Севгингиз бир синовдан ўтибди, лекин иккинчисига бардош берармикан? Буни вақт эмас, сизнинг меҳр-муҳаббатингиз кўрсатади. Муҳаббатингизни фақат эрингиз эмас, унинг яқинлари билан ҳам баҳам кўринг, уларни ҳам қадрланг, ҳурмат қилинг. Эрингиз оиласини борича қабул қилишингиз унинг ўзини қабул қилишингиз, демакдир. Мукофот сифатида сиз нафақат оиланинг тўлақонли аъзоси, балки энг севимли келинига айланасиз.
Эрка қизнинг қуйилиши
— 20 ёшимда оила қурган бўлсам ҳам, ҳамон ота-онамнинг эркаси эдим. Аммо турмуш эркаликларни кўтармас экан. Оилавий ҳаётимнинг илк беш йили ниҳоятда оғир кечди. Кетма-кет икки фарзандли бўлганим учун тиббиёт институтида ўқишни давом эттиришни ўйлагим ҳам келмасди. Қайнота-қайнонам узоқ вилоятда, биз эса алоҳида уйда яшардик. Шундай шароитда ота-онамнинг ёрдами билан ўқишни тугатдим. Уй ишларига улгура олмаётганим учун эримдан кўп дакки эшитардим. Бир куни у «ҳаммаси жонга тегди», дея қишлоғига кетворди. Мен ҳам «ажрашаман» деб туриб олдим. Шунда дадам, «Қизим, ҳаётда ҳеч нима осонлик билан бўлмайди. Ажрашишинг мумкин. Ёшсан, чиройлисан, бошқа турмуш қуришинг ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бироқ болаларинг бегона одамнинг қўлида ўсади. Вақти келса, уларнинг хархашаси ўзингга ёқмайди-ку! Бегона одам койиса, жазоласа, чидайсанми? Биринчи турмуш — барибир биринчи турмуш. Фарзандларингни ҳам ҳеч ким ўз отасичалик яхши кўрмайди. Қарор қабул қилишдан олдин уларни ва ўзингни нимадан маҳрум этаётганингни ўйла. Аммо биз ҳар қандай вазиятда ҳам сени қўллаймиз», деди. Бу гаплар менга қаттиқ таъсир қилди. Биринчи марта мағрур бошимни эгиб, эримга қўнғироқ қилдим ва кечирим сўрадим. Мана, 15 йилдирки, бахтли ҳаёт кечиряпмиз. Яхшиям ота-онам ўшанда мени катта хатодан асраб қолишган экан.
Раъно, 35 ёш
Мутахассис фикри: — Бу вазиятда ота-она руҳшунос вазифасини бажарган ва вазиятга жуда тўғри баҳо берган. Фарзанди учун ўзи қарор қабул қилмаган, балки муаммонинг эҳтимолли ечим вариантларини таклиф қилган. Натижада қабул қилинган қарор устидан қиз масъулиятни ўз зиммасига ола билди ва ҳаётини тўғри йўлга қўйди. Бунда ота-онанинг биринчи вазифаси — фарзандини эшитиш. Айрим ҳолларда шунчаки кўнгилни бўшатиб олиш ҳам кишидаги руҳий зўриқишни йўқотиб, тўғри қарор қабул қилишга ёрдам беради. Ота-она ёш оила ишларига аралашавермай, шунчаки фарзандларини руҳан қўллаб-қувватлаш орқали ҳам уларнинг бахтини сақлаб қолиши мумкин. Фақат вазият жиддий тус олгандагина бевосита аралашув зарурати туғилади.
Хулоса
Тўғри, ота-она фарзандига ёмонликни раво кўрмайди. Бироқ истамаган ҳолда ҳам хато қилиш мумкин. Фарзандлар ўзи қилган хатонинг аччиқ мевасини тотганлари баробарида сабоқ ҳам оладилар. Яхшиси, уларга шу имкониятни берган маъқулмикан… Нима дедингиз?
Шаҳноза СОАТОВА