Эр-хотиннинг бир-бирига ишончи оила мустаҳкамлигини таъминлайдиган омиллардан бири. Оилавий муносабатларда ёлғон ишлатиш қанчалик оғир вазиятларни келтириб чиқариши сир эмас. Бир-бирига елкадош бўлган икки инсон ўртасидаги ишончсизлик эр-хотин муносабатларининг дарз кетишига олиб келиши мумкин… Бу галги мактублар ана шу мавзуда.
«ЎРТАМИЗДА СИР ЙЎҚ ДЕГАНДИ…»
Анзират, 26 ёш, Бухоро:
— Биринчи турмушидан ажрашган йигит билан анча пайт дўстона гаплашиб юрдим.
— Хотиним билан қайта ярашмайман. Агар олдинги ҳаётимни юзимга солмасанг, сенга уйланаман, — деди у бир куни.
Аввалига иккиландим. Лекин юрагим у томон талпинаверди.
— Ота-онамни кўндиришга ўзим ҳаракат қиламан. Совчиларингизни жўнатинг, — дедим охири. Қишлоқдан опаларини чақириб, уйимизга юборди.
— Қизингизни қишлоққа олиб кетмаймиз, шаҳарда яшашади, тўйни ҳам шу ерда қиламиз, — деб улар уйимдагиларни кўндиришди.
Шундай қилиб, тўйимиз бўлиб ўтди. Мана, бирга яшаётганимизга ҳам бир йилдан ошаяпти. Эрим биринчисидан куйгани учунми, менга қаттиқ гапирмайди, меҳрибон. Бундан жуда хурсанд эдим. Лекин яқинда унинг биринчи хотини қўнғироқ қилди:
— Эримни йўлдан уриб тегиб олгансан, сени барибир у билан бирга яшаттирмайман. Ўртада боламиз ҳам бор, у барибир фарзандидан воз кечиб кетмайди…
Эрим менга тўйдан олдин ҳам, турмуш қурганимиздан сўнг ҳам фарзанди ҳақида гапирмаганди.
— Фарзандим борлигини айтсам, менга тегмайсан, деб қўрққандим, — деб ўзини оқламоқчи бўлди.
Ҳаётим ёлғон устига қурилганини билиб, жуда хафа бўлдим.
— Мен у билан ярашмайман, кўнглинг тўқ бўлсин, фақат болам учун хабар олиб тураман. Сени ҳеч қачон ташлаб кетмайман, — деб такрорлайди тинмай. Лекин унга ишончим қолмади. Шу пайтгача ҳам боласидан хабар олиб турган экан. Энди ҳаётим қандай кечади, деган ўй тинчлик бермаяпти…
Маслаҳат:
— Сиз аввало эрингиз билан қатъий гаплашиб олинг. Олдинги турмуши қандай бўлганини билмайсиз-ку. У сизга хотинини ёмонлаб гапиргани билан, балки турмуши бузилишида ўзининг µам айби бўлгандир? Собиқ хотинининг мақсади сизларнинг турмушингизни бузиш бўлса, у эрингизни ёмонлашдан чарчамайди. Эрингиз сиз билан яшашга қатъий аµд қилган бўлса, ёлғон ишлатганини тан олиб, кечирим сўраган бўлса, унга ишонинг. Лекин фарзандидан ажратиш нотўғри. Фарзандидан хабар олиб турганини ҳам ижобий қабул қилинг. Оилангизни сақлаб қолиш ўз қўлингизда.
«МЕНГА ИШОНМАЙДИ…»
Гулчеҳра, Сурхондарё, 44 ёш:
— Турмуш ўртоғим билан яшаётганимга йигирма йилдан ошди. Бошқа оилаларда бўлганидек бизнинг оилада ҳам турли тортишувлар, майда-чуйдалар бўлиб туради. Яқинда қайнсинглимни узатдик. Тўй куни овсиним мени четга тортиб гап бошлади:
— Янга, сизлар тилла зирак билан узук совға қилмоқчилигингизни эшитиб, қайнонам бизга «чақирди»да қизимга тилла занжир тақасизлар, деб туриб олган. Эрингиз яхши топади. Бизнинг қурбимиз етмай турибди-да. Биласиз, қизимиз шартнома асосида ўқишга кирди. Ҳамма пулимиз ўшанга кетди. Қайнингизнинг ҳам боши қотган. Акамдан қарз сўраб турсамми, биттаю битта синглим, айтган нарсасини олиб бермасам бўлмайди, деяпти, — деди овсиним.
Мен ҳеч нарсадан бехабар эдим, нима дейишни билмай, каловланиб қолдим. Чунки эрим синглисига яхшироқ нарса тўёна қилолмаётганини айтиб, сиқилган, уйдаги қизимга деб аталган яхши гиламни олиб боришга мени кўндирганди.
Аввал ҳам эрим онаси билан тил бириктириб, мендан пул яширганди. Эримдан сўрасам, у ҳеч қанақа тилла олмаганини айтиб, кўзларини олиб қочди. Ёлғон гапиргани, мен билан бир оғиз маслаҳатлашмагани алам қилди. Синглисига тилла олишига қаршилик қилармидим? Содда бўлиб шунча йилдан буён унга ишониб юрганим ўзимга жуда алам қилди. Унинг бошқа ишлари ҳам менга ёлғондек туюлаверади.
Маслаҳат:
— Турмуш ўртоғингизни айблашдан олдин ўзингизнинг ҳаракатларингизни ҳам бир таҳлил қилиб кўринг. Балки турмуш ўртоғингизни ортиқча сўроққа тутиб, тергайдиган одатингиз бўлиши мумкин. Натижада у сиздан пулларини яширадиган бўлган. Ёки бўлар-бўлмас нарсаларга кўп пул сарфлашингиз ёқмаса керак. Онасига, ука-сингилларига ёрдам беришини ёқтирмаслигингизни сезиб, шундай йўл тутаётган бўлиши ҳам мумкин. Аксинча бўлса, бунинг учун қаттиқ куюнманг, бегона эмас, ўз яқинларига сарфлаяпти-ку. Барибир маслаҳатлашиб қилинган иш яхши. Турмуш ўртоғингизнинг ишончини қозонишга ҳаракат қилинг.
«БОЛАЛАРИМНИНГ ГУНОҲИ НИМА?»
Муҳайё, Самарқанд, 37 ёш:
— Турмуш ўртоғим билан мактабда бир синфда ўқиганмиз. У олдин заводда ишларди. Иш ўрни қисқариб, ишсиз қолди. Бу орада мен анча пайтдан буён савдо билан шуғулланадиган қўшнимнинг гапи билан бозорга чиқиб, мева-чева сота бошладим.
— Нега шу пайтгача савдо билан шуғулланмагансиз, жуда қўлингиз енгил экан-ку, бирпасда нарсаларингизни сотиб бўлаяпсиз. Мен ҳеч бунақа савдо қилолмайман, — деди қўшним.
Ишим ўнгидан келаётганидан қувониб, савдога берилиб кетдим. Катта қизим қўлимдан рўзғор ишларини олган, укаларига ўзи яхши қарарди. Эрим ҳам хурсанд. Лекин унинг иши ҳеч ўнгланай демасди. Бир неча жойга иш сўраб бориб, ноумид қайтди. Мен билан бозорга чиқинг, десам кўнмади. Бир куни бозорда эшитган гапимдан кўз олдим қоронғилашиб, ҳушимдан кетай дедим.
— Эринг нима ишлар қилиб юрганидан хабаринг борми? Нега уни қайтаришга ҳаракат қилмайсан. Бир-икки ойдан бери синфдошларинг Ҳафизаникида кўраман. Унинг эри четга ишлашга кетганмиш. Ҳамманинг оғзида пичир-пичир гап. Иккаласи ҳамма жойда етаклашиб юрармиш. Булардан хабаринг борми?
Нарсаларимни ташлаб, уйга борсам, катта қизим йиғлаб ўтирибди:
— Дугонам айтди, дадам ҳар куни уларнинг қўшниси Ҳафиза опаникига борармиш. Уларнинг ҳовлисида ҳамма ишини қилар экан. Айтинг, уларникига бормасин, ҳамма гапираяпти, — деди йиғламсираб қизим.
Тўғри дугонам Ҳафизаникига бордим. Унинг ошхонасида ёнбошлаб ётган эрим мени кўриб қотиб қолди. Ҳафиза бир-икки юмушини бажаришга ёрдам сўраганини, энди уникига қадам босмаслигини айтиб, қасам ичди. Лекин болаларимни ҳам, мени ҳам алдаб, уникига яширинча бориб юрибди. Бир гал кечаси ўзим уникидан чақириб келдим. Ажрашайлик десам, менга ҳеч қачон хиёнат қилмаганини айтиб, қасам ичади. Унга ишончим қолмади.
Маслаҳат:
— Ортиқча фидоийлик қилиб юборганингиз ўзингизга қимматга тушаяпти. Оилани моддий томондан таъминлай бошлаганингиздан кейин эрингиз ўзига яхшигина овунчоқ топиб олган кўринади. Асосий эътиборингиз пул топишга қаратилгани учун эрингизга, болаларингизга эътибор барибир пасаяди. Ўзини ўзи эплаяпти-ку, деганингиз билан болаларингизга ҳам барибир меҳр, эътибор керак. Пул топиш вазифасини эркакнинг ўзига қолдиринг. Турмуш ўртоғингизни айбсиз, демоқчи эмасмиз. Сиз барибир уни йўлга солиб, оилангизга қайтаринг. Ажрашиб кетиб, болаларингизни ҳам отасиз қолдиролмайсиз. Фарзандларингизнинг отасини кетишга қўйманг.
Моҳитобон БУЗРУКОВА ёзиб олди