Мустаҳкам оила – муаммоларсиз эмас,
балки уларни ҳал этишга қодир оиладир.
Эллик йил бирга яшаган эр-хотиннинг олтин тўйида чолдан сўрашаяпти:
– Ота, шунча йиллик турмуш давомида наҳотки бирор маротаба бўлсин ажрашиш фикри хаёлингизга келмаган?
– Очиғини айтсам, кампиримни ўлдириб қўяр даражада ғазабланган дамларим бўлган, лекин ажрашишни ҳеч ўйламаганман. Ахир ўртада фарзандлар бор-ку!
Ана шунақа гаплар! Тақдирни бузиб бўлмайди. Баъзан энг салбий ҳисларни бегоналар эмас, айнан атрофимиздагилар, яқинларимизга нисбатан туямиз. Нега? Чунки биз умримизнинг кўп қисмини улар билан ўтказамиз. Яқинларимизга ҳар томонлама қаттиқ боғлиқмиз: сирларидан хабардормиз, одатдаги ҳазилларини ҳар куни бир неча маротабадан эшитиб, кулгимиз келмаса-да, кулишга, уларнинг хурракларидан тунларни бедор ўтказишга, камчиликларига кўнишга (ёки уларни бартараф этаман деб ҳар сафар чучварани хом санашга) мажбурмиз. Хўш, нега чидаймиз? Гап фақат фарзандлардами? Ахир бир эмас, бир неча фарзандлар бўлса ҳам, оила ришталарини узганлар қанча? Аслида эса ҳамма гап муҳаббатда! Биз тан оламизми, йўқми, бундан қатъий назар, муҳаббат йўқ экан, ҳеч бир оила мустаҳкам бўлмайди.
Ҳақиқий севги қанақа бўлади?
Муҳаббат деганда биз достонларда куйланган, фильмларда мадҳ этилган, тўйгача минг оҳ билан тилга олиниб, тўйдан кейин кераксиз матоҳдек улоқтирилган романтик ҳисларни эмас, балки ҳаёт синовларидан ўта билган, балки шу синовларга бардош бериш жараёнида туғилган, эр-хотиннинг ўзига ҳам билдирмай бир-бирига умрбод боғлаган ришта ҳақида гапирмоқдамиз.
Тўйгача йигит ва қиз танишар экан, ҳар икки тараф ўзининг яхши томонларини намойиш этиш билан бирга нариги томоннинг қусур ва фазилатлари, имкон ва дунёқарашларини билишга интилади. Биз бу даврда муҳаббатдан ғоятда кўп нарса кутамиз, уни илоҳийлаштирамиз. Шу сабабли ҳам тўйдан кейин кутганларимиз амалга ошмай, илк ойлардаёқ жуфтимиздан кўнглимиз хира бўла бошлайди. Айнан шу туфайли ҳам баъзан арзимаган нарса учун севимли инсонимиздан қаттиқ ранжиймиз ва ҳатто унинг ўзини ҳам қаттиқ ранжитамиз.
Аслида бошқача бўлиши керакми?
Қуйида сизга муҳаббат ҳақидаги бир неча хато фикрларни келтирамиз:
1. Агар мени севганингизда эди, фикрларим, истакларим, туйғуларимни англаган ва уларни рўёбга чиқарган бўлардингиз.
Кечирасизу, сиз бу инсон билан етарли даражада узоқ яшамагансиз. Бир неча ой ёки йил учрашиб юрган, аммо ҳали бир том остида яшаб кўрмаган инсонингиз қандай қилиб сизнинг фикрларингиз, истакларингиз, туйғуларингизни сўзсиз англаши мумкин? Ахир, бир қориндан талашиб тушган жигарлар, ҳатто ота-бола ҳам баъзида бир-бирини тушунишмайди-ку!
2. Агар мени севганингизда, гапларимга сўзсиз бўйсунган бўлардингиз. Хоҳишларингиз менинг истакларим билан айнан ўхшаш бўларди. Мен ёқтирган нарсаларни сиз ҳам ёқтирардингиз.
Бундай фикр ўтакетган худбин инсонлардагина бўлади. Ҳар бир инсон алоҳида бир шахс, унинг ўзига хослиги, шахс сифатидаги ички устуни бор. Агар у ўзлигини тамоман унутиб, фақат сизнинг истакларингиз билан яшаса, шахс сифатида ўлади. Қолаверса, муҳаббат, бу — ўзгани эмас, балки ўз нафсини бўйсундиришдир. Балки сиз унинг истаклари, туйғулари билан қизиқиб, бўйсунишни бошлаб берарсиз?
3. Азобланаётган бўлсам, сиз бунинг сабабини бартараф этишингиз шарт. Шундагина муҳаббатингизга ишонаман.
Айтайлик, оёғингизга зирапча кирди. У сизга азоб бермоқда. Уни олиб ташлаган жарроҳни фақат шу иши учунгина севиб қолмайсиз-ку! Ахир у ўз бурчини бажарди. Қолаверса, у – профессионал шифокор, яна ким буни ундан яхшироқ амалга ошириши мумкин? Сизни жарроҳга олиб борган ёки қайтгунингизча зирапчаси оёғингизга ботган жойни рандалаб, текислаб қўйган инсонни-чи? Бу қилмиши унинг муҳаббатидан далолат эмасми? Аслида жуфтингизнинг муҳаббати ҳақида бунчалар бўлмағур хаёлларга бориб, ўзингизни ўзингиз азоблаяпсиз-ку!
4. Мени севсангиз, мен истаганимдек инсон бўлишингиз керак.
Ол-а! Нега энди? Сиз уни қандай бўлса, шундайлигича севишга уриниб кўринг. Турмуш ўртоғингизни ўзгартиргандан кўра, шуниси маъқулроқ, ҳам осонроқ. Ёши 20 дан ўтиб, 30 га қараб кетаётган инсон ўзининг одатлари, тарбияси, мушаҳадаю дунёқарашига эга ва булар унга болалигидан сингдирилган. Сиз эса бир неча ой ёки йил давомида буни ўзгартирмоқчимисиз? Яна ҳеч қандай меҳнат қилмай, шунчаки аҳмоқона шартлар қўйиш йўли билан-а? Кечирасизу, буниси – фантастика!
5. Агар мен истаган инсон бўлганингизда, дунёдаги энг бахтли аёл бўлардим.
Бахт ҳақидаги тушунчангиз саёзлигидан далолат берувчи бу ўйни дарров миянгиздан чиқариб ташланг. Баъзи аёллар эрларини ўзлари истаган инсонга айлантириш умидида пошнаси остига олиб эзишга тушадилар. Қарабсизки, бир пайтлар дадил, журъатли, шижоатли ва ҳамма нарсага қодир йигитни хотинидан қўрқадиган ношудга айлантириб қўядилар. Оқибатда яна ўзлари норози бўладилар: «Эримнинг қўлидан иш келмайди, бутун рўзғор масъулиятини ўз зиммамга олишимга тўғри келаяпти». Ўйлаб кўринг, сиз шундай эрга муносибмисиз? Йўқ, дейсизми? Унда жуфти ҳалолингизнинг бор фазилатларини қадрлашга ўрганинг.
6. Севсангиз, мен учун, оиламиз ва фарзандларингиз учун нимадир қилинг.
Баъзида бу жумла орқасидан «Ҳозироқ!» деган ундов ҳам қўшилади. Эркаклар эса аксига олиб, шу оҳангни ёмон кўрадилар. Доно аёл ҳеч қачон оиласи ва фарзандларини гаровга қўйиб, эридан туйғуларининг исботини талаб қилмайди. Бундай оҳангдаги талаб ҳеч қачон эркак томонидан қондирилмайди. Сиз ўзингиз хато қилганингиз етмаганидек, жуфтингизни ҳам умридаги энг улкан хатони қилишга ундаяпсиз. Кўпинча бундай таҳдиддан кейин эркаклар дуч келган биринчи қарорни ўйламай қабул қиладилар. Бундан эса сиз ҳам, у ҳам зарар кўрасиз.
7. Оила қургандан кейин ўзингиз учун яшашни ташланг. Энди фақат мен ва фарзандлар учун яшайсиз.
Албатта, инсон зоти зурриёдини деб яшайди. Бу унинг табиатига Яратган томонидан сингдирилган хусусият. Лекин бировнинг оғзидан мажбурият сифатида уқдирилган бу сўзлар акс натижа бериши мумкин. Эрингизнинг ўжарлиги тутиб, айтганингизнинг аксини қила бошлайди. Қолаверса, ҳаётига сиз кириб келгунингизга қадар ҳам у яшаган, кимдандир қарздор, кимдандир миннатдор бўлган. Масалан, ота-онасидан, жигарларидан... Фарзандлар унинг келажаги бўлса, булар ўтмишидир. Фақат сизларни деб яшаш улардан воз кечиш, дегани эмас-да!
8. Севаман дейсиз-у, эвазига нимадир талаб қиласиз. Муҳаббат беминнат бўлиши керак.
Бу дунёда беминнат ҳеч нарса йўқ. Ҳамма нарсанинг ўз баҳоси ва бадали бор. Жуфтингиз сизга сарф қилаётган вақти, моддий воситалари, туйғулари эвазига сиздан ҳам эътибор, илиқлик ва меҳр кутади. Кўнгил кўнгилдан сув ичади, дейишади-ку! Аёллар учун севилиш муҳимроқ, бизни севган инсонни Худо йўлига ҳам севиб кета оламиз. Эркаклар эса туйғуларининг бадалини сўрашади. Буни тўғри қабул қилиш керак.
9. Мен билан бир умр бирга бўлишингизга ишонмайман. Ахийри бир кун ташлаб кетасиз. Севсангиз, бундай эмаслигига мени ишонтиринг.
Ахир, ташлаб кетмаяпти-ку! Ёнингизда-ку! Бундан ортиқ қандай исбот керак? Лекин ҳадеб юқоридаги гапни такрорлайверсангиз, «ана бўлмаса», деб жаҳл устида кетиб қолиши ҳам мумкин. Очиқ-ойдин нарсага исбот талаб қилинмайди. Сиз яхшиси ўзингизга нисбатан ишончингизни орттиринг. Мен шунақаманки, эрим ҳеч қачон мени ташлаб кетмайди, денг. Яхши ният – ярим давлат, дейишган. Ҳамма ҳам ниятига ярашасига эга бўлади.
10. Агар муҳаббатингиз чин бўлса, туну кун менинг ёнимда бўлинг.
Ия, рўзғорга ким қарайди, оилани ким боқади? Баъзи аёллар шу даражада қизғанчиқ бўлишадики, эрлари бирор соатга ташқарига чиқса ҳам, қўнғироқ қилавериб, қаерда, ким билан, нима қилаётганини сўраб, безор қилишади. Сизни қанчалар севмасин, унинг ўз шахсий ҳаёти, ҳатто сиз ҳам даҳл қила олмайдиган эркин ҳудуди бўлиши керак. Унга бу ҳуқуқни беринг. Йўқса, у бутунлай эркинлик истаб қолиши ҳам мумкин.
Хулоса
Ҳаммамиз битта дунёда яшаймиз, лекин дунёқарашларимиз турлича. Икки инсон ёнма-ён бир нарсага қараб, бир овозни эшитиб туриб, умуман бошқа-бошқа таассурот олади. Шунга кўра, бизнинг шахсий қадриятларимиз, хулосаларимиз ҳам шаклланади. Аммо оила мунтазам меҳнат ва муттасил муроса, демакдир. Унда ҳар куни бирон нарсадан воз кечиш ва ҳар дақиқада кичик бўлса-да, бир ғалабага эришиш керак. Шунда вақти келиб, никоҳингизнинг 50, 60, 75 йиллик тўйларида мақоламиз бошидаги отахон каби «Ўлдирсам, ўлдираман-у, аммо ажрашмайман», дейдиган даражадаги муҳаббатга эга бўласиз.
Шаҳноза ТЎРАХЎЖАВЕА