1

​“Окорочка” ортидаги жиноят

ЖИНОЯТ 02.02.2017, 16:44
Теглар: Жазо, Жиноят
​“Окорочка” ортидаги жиноят

Бир умр қишлоқ мактабида ўқитувчилик қилиб, нафақага чиққан Абдубакир ота кечадан бери изтиробда. Кўпчиликнинг иззат-ҳурматига ўрганиб кетган отахонни маҳалла фаоллари йиғинига чақиришмади. Аввалига “Менга хабар етиб келмагандир-да”, деган хаёлга борди. Бироқ унинг кўнглидаги таскинлар секин-аста шубҳага айланди. “Йўқ! Бу ерда бир гап борга ўхшайди”, деди у ўзига-ўзи ичини ит тимдалаб. Лекин ўша “бир гап” нималигини билмай, боши гаранг.

Абдубакир ота (исм-фамилиялар ўзгартирилган) саволларига бугун жавоб тополмаса, туни билан мижжа қоқмаслигини тушуниб, кўчага чиқди. Ҳовлилар орасидан ўтган илон изи сўқмоқдан юриб кетди. Ота шу тобда маҳалла оқсоқоли тасодифан йўлидан чиқиб қолишини, йиғилишга чақириш ёдидан кўтарилганини айтиб, узр сўрашини жуда-жуда истарди.

Бироз юргач, сал нарида яшайдиган Фатхулла мол дўхтирининг дарвозаси ёнида уйилган шағални кўрсатиб, ниманидир уй эгасига тушунтираётган маҳалла оқсоқолини кўрди-ю, қадамини секинлатди. Ниҳоят, қарама-қарши томондан келаётган маҳалла оқсоқоли Абдубакир отанинг рўпарасида тўхтаб, унга қўл узатиб сўрашди.

— Тинчликми, Бахтиёр ўғлим? — самимий оҳангда сўради ота. — Ишлар билан чарчамаяпсизми?

Худди шуни кутиб тургандай, Бахтиёр ҳам кўнглидагини тўкиб солди.

— Э, отахон, ишдан-ку чарчамайман, — деди у ҳамон ҳаяжонини босолмасдан. — Шу Фатхулла акага ўхшаган одамларнинг иккитаси билан гаплашсам, тамом, ҳафсалам пир бўлади, Шундай чиройли кўчани бузиб, шағал тўкиб қўйганини кўрмайсизми? Кўча қурилиш материаллари омбори эмас-ку, нега тушунмайди?

— Фатхулла ўша отанинг боласи-да, — деди гап буткул бошқа томонга оғиб кетганидан қувонган отахон. — Раҳматли Норбўта саранжом ҳам “ҳовли ифлос бўлади" деб, молига хашакни кўчага тўкарди.

— Афсуски, баъзи яхши одамларнинг фарзандлари отасига тортмайди, чамаси...

Маҳалла оқсоқолининг бу илмоқли гапидан сўнг Абдубакир ота бояги хавотири беҳуда эмаслигига ишонч ҳосил қилди.

— Кеча фаоллар йиғилиши бўлганмиш, — деди сўнг.

— Одоб-ахлоқ мавзуида айрим йиғилиб қолган муаммоларни гаплашиб олдик, — дея ерга қаради маҳалла оқсоқоли. — Узр, устоз, ҳокимиятга шошиб тургандим.

Абдубакир ота Фатхулланикига ҳам кирмасдан, шартта ортига қайтди.

“Собиқ қуда” билан ҳамкор ўғил

Катта ўғли Тўхтабой бирор ишкал чиқаргани энди кундай равшан эди. Муюлишда аксига олиб, маҳаллада “сўнгги ахборот” деган лақаб олган пиёниста Норчага рўбарў келди. Бундан 5-6 йил муқаддам қизини ўғлига олиб бериш учун нон синдириб, кейин фикридан қайтгани боис, Норча “собиқ қуда”сидан анча пайтгача хафа бўлиб юрганди. Ҳозир ҳам ширакайф Норча биринчи бўлиб гап бошлади:

— Намунча қовоғингиздан қор ёғади, домла? Ўғлингиз Тўхтабой қизимга уйланмаган бўлса ҳам, ҳамкорлик қиляпмиз. У сиз каби мирқуруқ, эмас, ҳақиқий бой бўлди.

— Қанақа ҳамкор? — ғазаб билан унга тикилди ота. — Уни йўлдан урадиган бўлсанг, ўзингдан кўр!

— У товар олиб келади, мен дўконларимга тарқатаман. Буни “бизнес” дейдилар! — тиржайди у.

— У Қўйлиққа йўловчи ташийдиган киракаш бўлса... Қанақа товар ҳақида гапиряпсан? Қаердан олиб келади уни? — таажжубланиб сўради ота. — Бугундан эътиборан ўғлимни тинч қўй, тушунарлими?..

Кечадан бери бўлиб ўтаётган воқеаларнинг тагига етган ота шу ердан тўғри такси-автомашиналар тўхташ жойига бориб, ўғлини суриштирди. Ҳамкасблари Тўхтабойни икки кундан буён кўришмаганини айтищди. Ота йўловчи автомашинага ўтириб, маҳалла чеккасида яшайдиган катта ўғлининг уйига йўл олди.

* * *

Абдубакир ота келини сузиб келган ошга қўлини ҳам теккизмади. У туз тотмай, ярим кечагача ўғлини кутиб ўтирди. Ниҳоят, ҳовлининг қоқ ўртасига келиб тўхтаган автомашинадан тушган Тўхтабой уловнинг юкхонасини очиб, зил-замбил картон қутини олдида, ичкарига қўйиб чиқди. Отаси келганини хотинидан эшитган, шекилли, у гандираклай-гандираклай ёғоч кароват ёнига етиб келди-ю, сўрашиш учун отасига қўл узатди.

— Нопок қўлингни торт!.. — жеркиб берди Абдубакир ота. — Ярим тундан ошганда қаердан келяпсан?

— Қаердан бўларди, — деди мастлик туфайли тили яхши айланмаётган ўғил, — бўзчининг мокисидек у ёқдан бу ёққа қатнаб, оилани боқиш учун пул топиб келяпман. Нима, тирикчиликнинг айби борми? Милицияга ўхшаб сўроқ қиласиз-а, дада. Буюртма бўйича бир жойга бордим. Бир халта пул ишлаб келдим.

— Демак, айланма тупроқ йўлларда ивирсиб юрганинг рост экан-да?.. Сен юзимни ерга қаратдинг. Қариганимда тириклай гўрга тиқмоқчимисан, ярамас?! Агар ўзингни ўйламасанг, норасида қизларингни — Фотима-Зуҳрангни ўйла, – дакки берди чол.

Келиннинг чоҳга бошлаган талаби

Ойсара қайнотасининг гапини бўлиб, бобиллаб кетди:

— Э ота, шу ўғлингизни тинч қўясизми-йўқми? Пул топмаса, “топмади”, топса, “топди” деб, уришганингиз-уришган. Оиламизни тинч қўйинг! Худога шукур, ҳеч кимдан кам эмасмиз. Лекин ҳаммадан бой бўлишни истайман. Шу ёмонми?!

— Келин, мен пул топмагин, деяётганим йўқ, – овозини майинлатди қайнота. — Фақат қинғир йўл билан эмас, тўғри, қонуний йўл билан пул топсин, дейман. Эртага “аттанг”, деб қолманглар.

Келин энди эрига юзланди ва шанғиллади:

— Айтсам ишонмасдингиз. Дадангиз бир куни сизни қаматиб юборишдан ҳам тоймайди!..

Тўхтабой худди шу гапни кутиб тургандек, хотинига эргашиб, ичкарига йўл олди. Ташқарида ёлғиз ўзи қолган ота аламли кўз ёшларини тутиб туролмади...

Навбатдаги “хизмат”

Отасининг насиҳатларига қулоқ осмаган Тўхтабой эртаси куни шом пайти келишилган манзилда мижозни кута бошлади. Соч-соқоли ўсиб кетган, совуқ бўлса ҳам гаплари дадил бу кимса ундан божхона масканидан сал нарироқдаги айланма йўл яқинидан деҳқончилик маҳсулотларини бозорга олиб келиб беришда ёрдам сўради. Кейин 3-4 тонна юк сиғадиган транспорт воситасини топишни ҳам илтимос қилди. Энг муҳими, савдолашмади ҳам. У Тўхтабой сўраган пулнинг ярмини ўша заҳоти қўлига тутқазди, бир қути музлатилган товуқ оёқларини ҳам тортиқ қилди.

Машинасида хаёл суриб ўтирган Тўхтабой орқа эшикнинг очилган овозидан чўчиб тушди. Орқа ўриндиқда ўтирган кечаги кимса уни саволга тутди:

— Транспорт нима бўлди?

— Танишимнинг тиркамали “1-28” русумли тракторини гаплашиб қўйдим. Хабар беришим билан айтилган жойга етиб боради. Ўзи ўша томонларда яшайди, – жавоб берди Тўхтабой.

Хуллас, Тўхтабой бошқараётган “Жигули” тиркамали тракторнинг олдига тушиб олиб, манзилга етгунча айланма йўллардан анча вақт юришга тўғри келди. Ниҳоят, улар чегара сим-тўсиқлардан сал берироқда тахлаб қўйилган қоғоз қутилар уюмига дуч келишди. Ёлланган ишчилар машина фаралари ёруғида қутиларни трактор тиркамасига орта бошлашди.

— Менга қаранг, — деди шошиб қолган Тўхтабой мижозига юзланиб, — сиз деҳқончилик маҳсулотлари дегандингиз-ку? Бу нимаси, нега мени алдадингиз?

— Қанақа ишга бош қўшганингни ҳали тушунмадингми? — ўшқирди мижоз. — Жарақ-жарақ пулини олганингдан кейин буюрган ишимни қиласан! Тезроқ ортишга сен ҳам ёрдам бер. Чегарачилар сезиб қолишса, қулоғингни ушлаб кетасан!..

Тўхтабой кеча тунда отаси айтган гапларни эслади. Эслади-ю, юраги орқасига тортиб кетди. Шу пайт қаёқдандир пайдо бўлган қуролли аскарларга кўзи тушиб, шарт машинасига ўтириб, қочишга тушди. Айни дамда қўл телефони тинимсиз жиринглай бошлади...

Кеч очилган кўз...

Анча жойгача қочиб борган Тўхтабой уни ҳеч ким таъқиб қилмаётганига ишонч ҳосил қилгач, телефонни қўлига олди.

— Шўримиз қуриб қолди, Тўхтабой ака, — деди хотини йиғи аралаш. — Зуҳра кеча сиз олиб келган товуқдан еб, заҳарланди. Зуҳрангиз ўляпти... Қаердасиз, тез етиб келинг. Биз шифохонада, жонлантириш бўлимидамиз...

Тўхтабой бу хабардан карахт бўлиб қолган, ҳатто машинага яқинлашаётган аскарларга ҳам эътиборсиз, бақрайиб турарди.

— Зуҳра тирик қолиши керак, — бир неча бор такрорлади у. – Дадамдан ёрдам сўра! Дадам ҳақ экан. Мен ҳозир боролмайман. Фақат болам ўлмасин... Ойсара, мен қўлга тушдим, — деди ўзи билмаган ҳолда Тўхтабой.

* * *

Туман ички ишлар бўлимида бошқа жиноий шериклари қатори сўроқ қилинган Тўхтабой эрталаб тилхат асосида қўйиб юборилди. У шифохонага етиб келганида, уч яшар Зуҳра операция қилиниб, ўзига кела бошлаганди.

Тўхтабой отасининг кўксига бошини қўйиб, узоқ йиғлади.

— Ҳаммаси яхши бўлади, ўғлим, — фарзандининг бошини силади ота, — “Сув бир лойқаланиб, тинади”, дейишади, ёмон кунлар ўтиб кетгани рост бўлсин!..

* * *

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Пскент туман суди Тўхтабой Абдубакиров ва унинг жиноий шериклари устидан адолатли ҳукм чиқарди. Уларнинг ҳар бири – қилмишига яраша турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Воқеа жойидан олинган 318 кг, умумий қиймати 15.586.700 сўмлик товуқ оёқлари йўқ қилинди. Шунингдек, жиноят қуроли сифатида эътироф этилган “Т-28” русумли трактор ва тиркама давлат фойдасига мусодара қилинди.

Исматулла МАМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Тошкент вилоят судининг судьяси,

Шарҳлар

Жиззахда 39 ёшли эркак хотинини уриб ўлдирди (видео)

07.09.2022, 12:07

Жиззахда аёл ўз эри томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда. Маълум қилинишича, жорий йилнинг 2 сентябрь куни Жиззах вилояти Зарбдор тумани Янгиҳаёт...
Наманганда 21 ёшли йигитни қотилига айланган блогерга нисбатан қамоқ жазоси тайинланди

10.01.2022, 21:58

Наманганда 150 минг сўм эвазига Instagram саҳифасидаги обуначиларини кўпайтириш ортидан икки блогер ўртасида келиб чиққан келишмовчилик қотиллик билан тугади.Қайд этилишича, ҳодиса Чуст туманида ўтган йилнинг...
Россияда вакцинадан бош тортган ходимлар жазоланмоқда

16.08.2021, 12:20

Россияда вакцинадан бош тортган ходимлар жазоланмоқда. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълум қилди.Унга кўра, Россиядаги ҳар бешта компаниянинг бири коронавирусга қарши вакцина олишдан бош...
Термизда қидирувдаги қочқин қўлга олинди

10.08.2021, 17:29

Термизда қидирувдаги қочқин қўлга олинди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ хабар берди.Маълум бўлишича, Термиз тумани “Ш.Рашидов” маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Илҳом 2021 йил 29 июнь куни...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1