АсосийSalomatlik

​Исмалоқ ва жағ-жағнинг фойдали хусусиятлари

'​Исмалоқ ва жағ-жағнинг фойдали хусусиятлари'ning rasmi

Қадим-қадимдан момоларимиз баҳорий кўкатлардан пишириқлар, турли таом ва бошқа еглуликлар тайёрлашган. Бу бежизга эмас, албатта. Исмалоқ, жағ-жағ, ялпиз каби кўкатларнинг инсон организмига келтирадиган фойдаси беҳисоб.

Авваламбор, бу каби кўкатлар қиш бўйи сархил неъматларга ташна бўлган танага куч-қувват бағишлайди. Қуйида баҳор кўкатларининг фойдали хусусиятларини санаб ўтамиз.

Исмалоқ — анемияни даволайди ва иммунитетни яхшилайди

Исмалоқда катта миқдорда минерал тузлар (биринчи навбатда темир бирикмалари), шунингдек, кўпгина витаминлар (А, В, Р, С, РР, D) ва турли микроэлементлар, оқсил, йод бор. Айниқса. анемияга чалинганларга бу кўкат жуда фойдали.

Қиш бўйи витамин танқислигидан қийналган организм исмалоқ орқали керакли моддаларни олади. Исмалоқнинг фойдалари:

— иммунитетни яхшилайди;

— томирларни мустаҳкамлайди;

— ошқозон ости бези фаолиятига ёрдам беради;

— гипертониянинг олдини олишга хизмат қилади;

— енгил сурги таъсири кўрсатади;

— ҳужайраларнинг қаришини секинлаштиради.

Бундан ташқари, асаб фаолияти бузилган ва қаттиқ толиққан кишиларга ҳам исмалоқнинг фойдаси катта.

  • Ич яхши юришмаган ва қорин дам бўлган маҳалларда 10 грамм исмалоқ баргини бир стакан сувда қайнатиб, ичилса, ичаклар иши анча равонлашиб, қорин дамлиги камаяди.
  • Милклар яллиғланишида оғизни, бодомсимон без оғриганда томоқни исмалоқнинг янги олинган суви билан чайқаш фойда беради.
  • Исмалоқ баргининг қайнатмаси асаб тизими фаолияти бузилганда тинчлантирувчи восита сифатида ичиб турилади. Қайнатма тайёрлаш учун 1 ош қошиқ тўғралган исмалоқ 200 грамм сувда 10 дақиқа қайнатилади ва 1 соат тиндириб қўйилади. Сузиб олиб, кунига 3 маҳал ярим пиёладан ичиб турилади.
  • Исмалоқни болаларга кўп бермаган маъқул. Чунки унинг таркибида шовул кислота кўп бўлиб, буйрак, жигар, ўн икки бармоқ ичак ва ўт пуфаги фаолиятини салбий таъсир кўрсатади. Мазкур аъзолари касалланган беморлар ҳам уни истеъмол қилишдан тийилишлари лозим.
  • Исмалоқнинг қари баргларига, айниқса, шовул кислотаси кўп бўлади, шунинг учун янги баргларини ишлатиш керак. Қолаверса, уни кўп сақлаб бўлмайди, акс ҳолда таркибида организм учун зарарли тузлар кўпайиб кетади.
  • Жағ-жағ қон босимини туширади!

    Организмга керакли бўлган биологик фаол моддаларни эрта баҳорда ўсиб чиққан ўсимликларнинг ёш баргларидан, шу жумладан жағ-жағ баргидан олиш мумкин. Жағ-жағ иштаҳа очади, меъда ширасини ажралишини яхшилайди, енгил сурги ва ўт ҳайдаш таъсирига эга. Жағ-жағ уруғи хантал (горчица) ва қалампир ўрнида зиравор сифатида овқатга ишлатилади. Ер устки қисми таркибида қандлар, флавоноидлар (диосмин ва бошқалар), органик (лимон, олма, фумар, вино) кислоталар, эфир мойи, сапонинлар, витамин С, В2 ва К, каротин, инозит, холин, ацетилхолин, ошловчи ва бошқа моддалар бор. Уруғи ўз таркибида 28 фоизгача ёғ ва оз миқдорда синингрин гликозиди сақлайди.

    Табобатда қўлланилиши

    Жағ-жағ асосан турли қон оқишларда (бачадон, меъда, ўпка, буйрак, бурундан ва яралардан қон оққанда, бавосил касаллигида) ишлатилади. Яралардан, шилинган жойдан ва бурундан қон оқишини тўхтатиш учун янги йиғилган баргни эзиб, қон оққан жойга қўйилади. Ўсимлик дамламаси ичдан қон оқишини тўхтатади. Бунинг учун ҳамда иситма ва ич кетганда дамламани ичишга берилади. Таркибида холин ва ацетилхолин бўлгани учун жағ-жағ қон босимини пасайтириш – гипотензив, витамин К бўлгани учун қон ивишини тезлатиш, натижада қон оқишини тўхтатиш таъсирига эга. Шунинг учун жағ-жағ ўсимлигидан тайёрланган дамлама ва суюқ экстракт илмий тиббиётда қон оқишини тўхтатувчи восита сифатида акушерлик (туққандан сўнгги қон оқишни тўхтатиш учун) ва гинекологик (кучли ва узоқ ҳайз кўришда) амалиётида қўлланилади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар