АсосийMutolaa

​Сув парисининг ташрифи

'​Сув парисининг ташрифи'ning rasmi

Ҳаётимда бўлиб ўтган воқеа туфайли бу олам сир-синоатларга тўлалигига яна бир бор ишондим...

Ўшанда ҳам айни баҳор кунлари эди. Атроф кўм-кўк майсаларга, дарахтлар ҳам яшил либосга бурканган. Қиши билан дам олган деҳқонлар энди дала бошидан бери келмай қўйишганди. Деҳқончилик ишлари бошланиб, ҳамма очиқ майдонларга экин экишга киришиб кетганди. Ҳаво исиб кетганидан уйимиз ёнидан оқиб ўтадиган канал ҳам анча тўлиб оқадиган бўлди.

— Сув жуда кўпайибди. Кузда экилган буғдойларни яхшилаб суғоришимиз керак. Кечаси навбатлашиб қараб, тезроқ сувлашни тугатиб олинглар, - деб топшириқ берди отам.

— Эҳтиёт бўлинглар, ёш болалар кўзимизни чалғитиб, кўчага чиқиб кетмасин, катта сув яқин... — деб онам ҳам келинларга тинмай эслатиб турарди ўша кунлари.

— Икки кундан бери даладасизлар. Нимагадир кўнглим нотинч, кечаси сув бўйига борганда калима қайтариб, дуо ўқинглар, сувнинг парилари бўлади... Қулоқларни тўғрилаб қўйиб, уйга қайтавер, саҳар туриб хабар оларсан, — деди онам кечки пайт кетаётганимда.

— Ойи, туни билан сиз айтган парини кутдим, келмади. Кун ёришгач, уйга қайтавердим, — дедим эртасига ҳазиллашиб онамга.

— Ҳа, сенга ҳазил бўлса... — ранжиган бўлди онам. Икки-уч кун ўтиб, кечаси кучли момақалдироқ бўлиб, челаклаб ёмғир қуя бошлади. Бундай пайтда каналдаги сув ҳам кўпайиб, ёпилган қулоқларни ювиб, экинларни сув босиши ҳеч гап эмас. Икки кун олдин буғдойзорга сув очганим ёдимга тушиб, шошиб бориб сув йўлларини мустаҳкамроқ беркитмоқчи бўлдим. Уйда ҳамма ухлаб қолгани учун укамни уйғотиб ўтирмадим.

Ташқарига чиқишим билан катта олапар итимиз йўлимни тўсиб, тинмай ҳура бошлади.

— Жим ёт, Олапар! Юр, мен билан далага бориб келамиз, — дедим-да, кетмонни олиб йўлга тушдим. Бирпасда устим шалаббо бўлди. Шошиб қалинроқ кийиниш ҳам эсимга келмабди. Итимиз эса оёғимдан тишлаб орқага тортқилаб, орқамдан эргашиб тинмай ҳурарди.

- Нега мунча ваҳима қилмасанг, ёмғирдан шунча қўрқяпсанми?

Канал ёқасига келиб қолгандим. Шу пайт кучли момақалдироқ ва чақмоқ бўлиб, атроф жудаям ёришиб кетди. Сув билан лиммо-лим канал юзаси ойнадек ялтираб кўринди. Беихтиёр оёқларим дала томонга эмас, канал томонга қараб юра бошлади. Атроф бирдан сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Фақат оқаётган сувнинг сокин жилдирашигина эшитиларди. Шу пайт бир тўда қизларнинг шўх кулгисига ўхшаш овоз эшитилди. Кимнинг овози экан, деб ўша томонга яна илдамроқ юра бошладим. Узоқдан ялтираган инсон шарпаси, аниқроғи, узун бўйли қизга кўзим тушди. У мен томонга қараб имо қилгандек бўлди. Тезроқ бориб, кимлигини билмоқчи бўлдим. Шунча юрсам ҳам унга ета олмасдим. У эса бир кўриниб, бир ғойиб бўлиб, мени ўзи томонга чорларди. Шу пайт қулоғимга яна олапаримизнинг ҳургани эшитилди. Тўхтаб, орқамга қарадим. Олапарнинг овози яқинлаша бошлади. Ёмғирни яна сеза бошладим. Бирдан онамнинг гапи ёдимга тушди. Тезда билган дуоларимни ўқий бошладим. Шунда узоқдан отамнинг исмимни айтиб чақирганини эшитдим. Олапарнинг мен томонга ўқдай учиб келаётганига кўзим тушди.

Ҳаллослаб етиб келган укам билан отам хавотирланиб, мени сўроққа тута бошлашди.

— Нимага бу томонга кетиб қолдинг? Шунча чақирсак ҳам тўхтамадинг? Нега ярим кечаси уйдан чиқдинг... шундай ёмғирда?

— Буғдойни сувини хабар олгани чиқувдим.

— Буғдойзоримиз бошқа томонда-ку, сен каналнинг бошланиш жойига келгансан, нима қилмоқчийдинг бу ерда? Яхшиям Олапар бориб бизни уйғотди, бўлмаса бир фалокатга йўлиқишинг аниқ эди. Худо бир асради, - деди отам хавотир билан. Биргалашиб уйга қайтдик. Олапар ҳам индамай ортимиздан эргашди, у тинчиб қолганди. Итлар инсон кўзига кўринмайдиган нарсаларни кўра олади, дейишгани рост экан-да. Эртасига кечаси кўрган нарсаларимни уйдагиларга айтмоқчи бўлдим. Лекин ишонмасликларини билиб, индамай қўя қолдим. Ўшанда итимиз туфайли бир фалокатдан омон қолган бўлсам ажабмас, яна ким билади дейсиз...

Моҳитобон ёзиб олди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар