– Яқинда бир маълумотни ўқиб қолдим, умуртқа поғонаси касалликлари милкларнинг шишиб, бўшашиб қолишини келтириб чиқарар экан. Мен кўп йиллардан буён милк яллиғланишига қарши даволанаман. Аммо барча уринишларим вақтинчалик натижа беради, холос. Балки мендаги безовталикнинг боиси ҳам умуртқа билан боғлиқдир?..
Акром Исматуллаев, Бухоро шаҳри
Саволга олий тоифали шифокор-стоматолог Улуғбек МУҲАММАДХЎЖАЕВ жавоб беради:
– Ҳар бир инсон организми индивидуал тузилган, шунга кўра касалликларнинг келиб чиқиши ҳам турлича кечиши мумкин. Милк яллиғланиши фақатгина инекция препаратларини юбориш билан даволанади деб ўйласангиз адашасиз. Зеро безовталикни келтириб чиқарган омил аниқланмас экан, хасталик такрорланиш эҳтимоли ортаверади. Айрим оғиз бўшлиғи хасталиклари чиндан ҳам бошқа аъзолардаги ўзгаришларнинг асорати бўлиши мумкин. Бироқ сизнинг ҳолатингизда даволовчи шифокорингиз касаллик анамнези, ҳаёт тарзингиз ва бошқа бир қанча ҳолатлар бўйича суриштирув ўтказиб, сўнг ташхисни эълон қилиши мумкин. Бундан ташқари лаборатория шароитида ўтказиладиган текширувларнинг бажарилиши ҳам масалага ойдинлик киритишда ёрдам беради. Сизга маслаҳатим, турли таҳминларга берилманг-да, яхшиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтинг. Шунда бир марталик муолажа кор қилиши мумкин.






