— Синглимнинг бўйи 160 см. Вазни эса 60 килограмм эди. Нима бўлди-ю, бир йил ичида 20 килога озиб кетди. Шу даражада ўзини турли парҳезлар билан қийнаб юборганидан, ҳозирда еган овқатини ҳам қайт қилаяпти. Таом тановул қилишга мажбурласак ҳам фойдаси бўлмаяпти. Нима қилишни билмай қолдик. Ўзи бўлса хасталиги, бу ҳатти-ҳаракатининг оқибати ёмон бўлиши тўғрисида эшитишни ҳам, гаплашишни ҳам истамайди. Ундан жуда хавотирдаман.
Дилфуза, Наманган вилояти
Мутхассис — тиббиёт фанлари доктори, профессор Шаҳноза Магзумова.
Бу қандай хасталик?
Асаб тизими фаолиятининг бузилиши оқибати юзага келувчи анорексия — оғир психологик ва физиологик хасталик бўлиб, тана вазнининг катта қисми йўқотилиши билан кечади. У бемор томонидан атайлаб орттирилган бўлиб, одатда балоғат ёшига етган қизларда учрайди. Бироқ ўсмир йигитлар, болалар, ҳатто катта ёшли эркагу аёллар ҳам касалликдан ҳимояланмаган.
Хаёлий қўрқув ҳақиқий касалликка олиб келади
Анорексиянинг асосида таомланиш тартибининг бузилиши ёки вазн билан боғлиқ муаммолар эмас, айнан психологик, яъни инсон руҳияти, онгидаги кемтикликлар ётади. Уни келтириб чиқарувчи сабаблардан бири эса вазн ортишидан қаттиқ қўрқишдир. Бу ҳиссиёт мияга шу қадар чуқур ўрнашиб олганидан бемор таомдан бутунлай воз кечишга ҳам тайёр туради. Оддийроқ қилиб айтганда бемор ўз танасини нотўғри қабул қила бошлайди. Тассаввурида яратиб олган идеал қоматга ўхшашга тиришади, унга ўхшамаслигидан тушкунликка тушади. Бундай ҳолатларда атрофдагиларнинг — ота-она, шифокор, дўсту дугоналарнинг фикрлари ҳеч қандай аҳамият касб этмай қўяди. Беморнинг ягона мақсади идеалига яқинлашишга айланиб қолади. Ўсмирлар шунчалик таъсирчан бўлишадики, бир қарашда арзимасдек туюлган ҳар қандай эътироз ёки танбеҳ ҳам уларнинг руҳиятига таъсир ўтказиб, анорексияни ишга тушурувчи тугмачага айланиши мумкин. Шунинг учун ташқи кўриниш борасида танбеҳ бераётган катталарга жуда эҳтиёт бўлиш тавсия этилади.
Эрта аниқлангани яхши!
Хасталик ривожланишининг бир қанча босқичлари мавжуд бўлиб, даво чоралари айнан қайси босқичда эканига қараб кўрилади.
1. Дастлабки босқич — икки йилдан тўрт йилгача давом этиши мумкин. Бу даврда асосан беморда ташқи кўринишидан қониқмаслик, ўзи ортиқча деб ҳисоблаган вазндан халос бўлишга ҳаракат қилиш, депрессияга мойиллик кузатилиши мумкин. Бундан ташқари кайфиятнинг кескин ўзгаришини ҳам касаллик аломати дея қабул қилиш лозим. Одатда, қанча кам вазндан халос бўлса, кайфияти шунча тушиб бораверади.
2. Анорексик босқичида бемор ўз ташқи кўриниши ва тана вазнини «меъёр»га келтириш ишлари билан жиддий шуғулланишни бошлайди. Яъни дастлабки ҳолатидан 20-50 фоизга озиб кетиши, ҳайзнинг камайиши ёки бутунлай йўқолиши кузатилади.
Бу босқичда беморлар тана вазнини турли усуллар билан камайтиришга интиладилар. Ва аввалига атрофдагилардан бу ниятларини яширишади. Жисмоний машқлар билан ўзларини азоблаш билан бир пайтда егулик миқдорини қаттиқ чеклашади. Ҳар бир ишни турган ҳолда бажарадилар, уйқуни камайтириб, белни ингичкалаштирувчи белбоғлардан фойдаланишлари ҳам мумкин. Шунингдек, назоратсиз ҳолда сурги дориларини қабул қилиш, тинимсиз ҳуқна (клизма)га мурожаат этиш ҳам анорексиянинг белгиларидан ҳисобланади.
Яна бир кенг тарқалган усул қорин очганида қайт қилишни келтириб чиқариш ҳисобланади. Қувват етишмаслиги оқибатида мияга егулик ҳақидаги фикрлар тобора қийноқ бера бошлайди, натижада бемор таомни чайнаб, кейин қайтариб чиқариш йўлига ўтиб олиши мумкин. Бу даврда унда таомдан қўрқиш, кучли очлик ҳиссини кутиш, қайт қилиш истаги ва калорияларни ҳисоблаш одати пайдо бўлади. Иккинчи босқичда беморнинг вазни камайганига қарамай, ҳолсизлик деярли кузатилмайди. У ҳаракатчанлигини сақлаб қолади ва иш фаолиятига таъсир кўрсатмайди. Таом тановул қилгандан кейин эса тез-тез нафас қисиши, юракнинг тез уриши, кўп терлаш кузатилиши мумкин.
3. Кахтетик босқич. Ушбу даврга келиб беморга ички органлар дистрофияси (моддалар алмашинувининг бузилиши) ташхиси қўйлади. Вазн йўқотиш тезлашади, тери остидага ёғ қатлами бутунлай йўқола бошлайди. Юрак мушаги ўзгариб, тана ҳарорати пасаяди, терининг эластиклиги йўқолади. Кўпгина беморлар тез совуқотиш, тирноқларнинг синувчанлиги, соч тўкилиши, тиш тушишидан шикоят қиладилар. Бундай ҳолатда тиббий ёрдам кўрсатилмаса, ачинарли оқибатларга олиб келиши мумкин. Агар хаста киши даволанишни истамаса, унга нисбатан мажбурий даво чоралари кўрилиши мумкин.
Давоси борми?
Албатта, анорексия хасталигини даволаш мумкин. Бунда психотерапевт, психиатр, эндокринолог, оилавий психолог ва диетолог шифокорлар ёрдамига мурожаат қилинади. Шунингдек, мутахассис нафақат бемор, балки унинг оила аъзолари билан ҳам тушунтириш ишларини олиб бориши лозим. Даволашнинг самарадорлиги оила аъзолари, яқинларининг қўллаб- қувватлашларига ҳам боғлиқ.
Мутахассис — диетолог шифокор Дмитрий Вдовин:
“Диетотерапия ҳам самара беради”
Бир қарашда бизнинг ўлкага алоқаси йўқдек кўринган бу хасталик билан мурожаат қилувчилар сони охирги йилларда ортиб бормоқда. Тажрибадан келиб чиқиб, анорексия билан хасталанган беморлар ўзларини бутунлай соғлом инсонлар қаторига қўшишларини ва ташқаридан қараганда бошқалардан фарқланмасликларини айта оламан. Бироқ муаммонинг асл сабаби психологик бузилишлар бўлгани учун, беморларни аввал невропатолог шифокор кўригидан ўтишга ундаймиз. Анорексиядан азият чекаётган кишиларга кўп миқдорда ва қувватга бой таомларни бериш мумкин эмас. Шунинг учун ҳар бир организмнинг ўзига хослигини инобатла олган ҳолда мутахассис томонидан алоҳида таомнома тузилади. Бундай таомномада организмга тушаётган макро ва микроэлементлар, оқсил, ёғ ва углеводлар меъёрлаштирилган бўлади.
Вазият қанчалик жиддий эканлигини тушунтириш учун бир неча мисолларни келтириб ўтишни истардим. Бразилиялик машхур фотомодель Анна Каролина Рестон 22 ёшида, ўзи узоқ кутган фотосессияга саноқли кунлар қолганида шу хасталик туфайли оламдан ўтганди. Унинг бўйи 175 см. вазни эса 40 килограмм эди. Бироқ хасталикдан шифо топганлар ҳам бисёр. Масалан, Глазголик Кейт Панчер йигити «Семириб кетсанг, ташлаб кетаман» дегани учун узоқ йиллар ўзини очликка маҳкум этганди. Охир оқибат унинг ҳаётида бу йигитга ўрин йўқлиги маълум бўлади. Кўп ўтмай тақдир Кейтга Барри исмли йигитни учратади. У Кейтга икки ўлчам катта келинлик либосини кўрсатиб, «Шу кўйлакни кийган кунинг сенга уйланаман» дейди. Ҳозирда уларнинг ширинигна қизалоқлари бор.
Саодат ОЧИЛОВА тайёрлади.