Жуфтингиз билан бирга тушган суратларингиз оз бўлмаса керак. Қуйидаги тест ёрдамида суратга тушган дамларингизда муносабатларингиз қандай бўлганини аниқлаш мумкин. Бунинг учун фотосуратлар жойланган альбомни яна бир карра қўлингизга олиб, кўздан кечириб чиқинг.
— Кулиб туринг. Яқинроқ, яна яқинроқ... Ана-а-а...
— Қани, қанақа тушибман? Эҳ, ёқмади. Қайтадан туширинг-чи!
Бу гапларни айтишдан аввал тушган суратингизни синчковлик билан кўздан кечириб кўринг. Сизга қайси ҳолатда суратга тушиш қулайроқ? Ўзингизга ёққан ҳолатда тушган суратингиз аслида нимани англатишини биласизми? Ундай бўлса, суратингиз таҳлилига тайёр туринг. Ҳозир махсус тест ёрдамида буни биргаликда билиб оламиз.
1. Бир-бирингиз томон бошингизни эгиб ўтирган (турган) ҳолат…
Ота-оналаримизнинг илгари тушган суратларига назар солиб кўринг. Бошларини бир-бирига эгганча майин жилмайиб туришибди. Бу фотосуратчининг гавда ҳолати мукаммал кўриниши учун қилган ҳаракати натижаси бўлиши ҳам мумкин. Аслида-чи? Сизга бу ҳақда бирон-бир одам четдан ўргатиб турмаса, ҳолат турлича бўлади. Кимдир албатта бошини жуфтига яқинроқ эгса, бошқаси ўзи билмаган ҳолда қарама-қарши томонга эгиб суратга тушади. Суратда бошини яқинроқ тутишга уринган кимса севгилисининг изҳорларига эҳтиёж сезади: мактублар, ёқимли сўзлар, эътибор… Агар булар амалга ошмаса, вақт ўтиши билан жуфтлик ўртасида низо туғила бошлайди.
2. Ёнма-ён, аммо бир-бирингизга тегмаган ҳолат…
Одатда узоқ вақт мобайнида бирга яшаётган, аммо ўтган умри бироз армонли жуфтликлар ўзлари билмаган ҳолда шундай суратга тушишади. Улар турмушлари ҳақида фақат яхши фикр билдиришади. Аммо, афсуски, «муҳаббат» сўзини тилга кўчиришдан ийманишади. Эътибор беринг, бу каби суратнинг фотоальбомингизда биттагина экани — яхши белги. Демак, бу вазият айнан суратга тушаётган пайтингизга тўғри келган экан. Балки ўша пайтда бир-бирингиз билан аразлашиб қолгандирсиз, ҳар бирингиз қарама-қарши томонни айбдор ҳисоблагандирсиз. Қўлларни орқа томонга қилиб суратга тушиш эса «ҳеч қандай қарор қабул қилиш истагим йўқ», дегани. Қўллар кўкрак устида чалиштириб олинган бўлса, бу одам ўзини таҳқирланган ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам у ёнида турган одамдан ўзини ҳимояламоқчи. Эркак ёки аёл нимагадир таяниб (тизза ёки курсига), бамисоли ўрнидан турмоқчи бўлаётгандек суратга тушган бўлса, бу ўша одамнинг барчасига қўл силтаб, оилани тарк этмоқчилигининг далолати.Бу каби ташқаридан оддий бўлиб кўринган хатти-ҳаракатларни кўздан қочирмаслик керак. Негаки яширин муаммолар муносабатларингизга путур етказиши мумкин.
3. Жуфтингизни қўлтиқлаб ёки қўлидан ушлаб ўтирган бўлсангиз…
Бир-бирининг қўлидан ушлаб суратга тушиш одатда муносабатлари энди бошланган жуфтликларда кузатилади. Бу эмоционал яқинлашувнинг илк қадами. Вақт ўтиб ҳам бу ҳолатда суратга тушаётган бўлсангиз, демак, сизга романтика етишмаяпти. Бу ўзига хослик эмоционал ва таъсирчан инсонларга хос хислат. Улар доим ўтган вақтларни афсус билан эслашади. Модомики бир киши бошқасини қўлтиқлаб олган бўлса, демак, оиладаги муносабатларни бемалол таҳлил қилиш мумкин. Яъни бошқарувчи қўл остига бўйсунувчини олган тарзда суратга тушади. Суратда турмуш ўртоғингизнинг қўлини ушлаб турган бўлсангиз, демак, оилада бошқарувчисиз. Қўлингизни жуфтингиз ушлаб тушган бўлса, сиз унинг бошқарувини тан оласиз.4. Ёнма-ён ва қучоқлашган ҳолат…
• Бир-бирингизни қучоқлаб суратга тушган бўлсангиз, муносабатларингиз жуда яқин ва ёқимли. Бир-бирингизни жуда севасиз, ўзаро ишончни ҳам муҳим ўринга қўйгансиз. Ўртада бироз тушунмовчиликлар ҳам йўқ эмас, аммо булар ўткинчи, қисқа муддатли баҳслар. Одатда улар тезда якун топади. Ҳар иккингиз муносиб жуфтингизни топганингизга ишончингиз комил.
• Агар суратга тушганлардан бири қучоқлаётган бўлса, демак, у жуфтини кўпроқ севади ва муносабатлардаги уйғунлик у учун кўпроқ қадрли. Агар улар ўртасида бир томонлама муҳаббат кузатилмаса, бунинг ёмон томони йўқ. Вақт ўтиб, роллар алмашиб қолишининг ҳам ҳеч ҳайратланарли томони йўқ. Фақат бир нарсани ёддан чиқарманг: жуда маҳкам бағрига босишнинг ўзига яраша салбий томонлари бор. Бунда қучоғингиздаги одам эркинлик истаб, қучоқдан тезроқ қутулишни истаб қолиш мумкин.
5. Бир-бирига кетма-кет ҳолатда ўтириш (туриш)
Ортда турган одам олдинда турганини ҳимоялаяпти. Ростдан ҳам эътибор беринг, бу ҳолатда суратга тушаётганимизда олд тарафга ҳимояга муҳтожларни ўтқазамиз. Айтайлик, болакай ёки қарияларни. Бу каби ҳолат жуфтликда кузатилса, иккисидан бирининг росмана ёҳуд сохта заифлигидан далолат беради.
6. Бири орқа тарафда қаттиқ қучса…
Бундай суратда икки хил маъно бор:
1. «Бу меники, ҳеч кимга бермайман!»
2. «Типирчилама, тек қотсанг ҳаммаси яхши бўлади!»
Бу каби суратни кўргач ўз мулкини бировга бериб қўймайдиган рашкчиларни кўз олдингизга келтиринг. Суратнинг иккинчи маъносидаги хитоб эса рашкчининг қурбонига қаратилган. Кўп ҳолларда у бунга қаршилик қилмайди, баъзида ҳатто қаттиққўллик билан берилаётган эътибордан қувонади ҳам. Шуниси билан у ўзини қадрли сезади-да! Мабодо қаттиқ қучувчи аёл бўлса, муносабатларда у ҳар томонлама бошқарувни қўлга олган.
Қизиқарли ҳолатда суратга тушсангиз…
Баъзилар қимирламай туриб эмас, қизиқарли ёки кулгили ҳолатда суратга тушишни кўпроқ ёқтиришади. Улар ташқаридагиларни кулдириш учун ё афтини бужмайтиради, ё жуфтининг боши тепасидан бармоқлари билан шохча ясайди ёки тилини чиқариб туради. Ваҳоланки ёнидаги жуфтига бу ҳолат ёқмаслиги мумкин. Баҳслашиш бефойда. Негадир улар оддийгина қучоқлашиб суратга тушишни ўзларига эп билишмайди. Балки бундан ийманишар. Бундай одамлар умри давомида бирор марта ҳам жуфтига «сени севаман» деб айтмаслиги ҳам табиий ҳолат. Одатда бундай инсонлар ўзларига ўхшаган уятчан эмас, ҳис-туйғуларини очиқча изҳор қила оладиганлар билан турмуш қуришади. Шу ҳолатдагина ушбу жуфтликдаги мувозанат сақланиб, ўзаро гинага ҳожат қолмайди. Шу жуфтликнинг севгилисига ўхшаш жиҳатларни ўзингизда кўрдингизми? Унга ибрат кўрсатинг, уни кўпроқ қучиб, ёқимли изҳорлар билан сийланг.
Нигора тайёрлади