АсосийJamiyat

Халқаро конгресснинг россиялик иштирокчилари «Ўзбекистоннинг маданий мероси» лойиҳаси ҳақида...

'Халқаро конгресснинг россиялик иштирокчилари «Ўзбекистоннинг маданий мероси» лойиҳаси ҳақида...'ning rasmi

«Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» халқаро илмий-маданий конгрессида қатнашиш учун турли давлатларнинг олимлари ташриф буюрди.

Тадбирда шарқшунослик, археология, тарих, шарқ қўлёзмалари, нумизматика, тўқимачилик, кулолчилик соҳаларига ихтисослашган 120 дан ортиқ ҳорижий ва 100 дан ортиқ маҳаллий олим ва экспертлар иштирок этади. Улар орасида Россия, Канада, Италия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Миср, Корея, Бельгия, Голландии, Франция, Германия, Чехия, АҚШ, Хитой, Туркия, Греция, Озарбайжон ва бошқа мамлакатлардан дунё илм-фани вакиллари – машҳур олимлар, музейлар ва илмий институтлар раҳбарлари, илмий журналлар муҳаррирлари, таниқли коллекционерлар,шунингдек, ЮНЕСКО ва ICOMOS (Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни сақлаш бўйича халқаро кенгаш), кўп сонли асарлар ва китоблар муаллифи бўлган олимлар бор.

Тадбирнинг асосий воқеаси бўлган «Дунё тўпламларида Ўзбекистоннинг маданий мероси» номли лойиҳа муаллифи ва раҳбари - Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ф.Абдухолиқовнинг эксклюзив маданий-маърифий медиа-лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтади.

Форумда иштирок этаётган россиялик иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.

Ольга ВАСИЛЬЕВА Россия Миллий кутубхонаси Қўлёзмалар бўлими Шарқ фонди шўъбасининг мудираси ва сақловчиси:

— «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги альбомлар жуда муҳим аҳамиятга эга. Даставвал бу лойиҳа рўёби жуда мураккаб ва имконсиз туюлганди. Ахир бу ишни амалга ошириш жуда катта маблағ, ташкилий ва ақлий меҳнатни талаб этади. Бундан ташқари Ўзбекистонга дахлдор археологик топилмалар, бадиий ва амалий санъат намуналари сақланаётган музей ва кутубхоналарнинг бу лойиҳага розилиги керак бўларди. Мазкур йўналишдаги китобларнинг ўн жилди дунё юзини кўргани бу борадаги машаққатлар лойиҳа ташкилотчилари ва иштирокчилари томонидан муваффақиятли енгиб ўтилганидан дарак беради.

Бу аслида ҳақиқий байрам учун арзирли сабаб. Буларнинг ҳаммаси айни пайтгача қилинган ишларни етарли даражада баҳолаш ва истиқболдаги вазифаларини белгилашда¸ Ўзбекистон ҳудудида ва ундан ташқарида сақланаётган ўзбек халқининг маданий меросини ўрганишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.Академик Ртвеладзени кўриш орзуим амалга ошмоқда. У Ўзбекистонда 10 йил яшаган ўқитувчим билан яхши таниш. Мен Самарқанд шаҳрида «Китоб санъати» номли маърузамни ўқийман. Ўзбекистон санъати ва маданиятини серқирра олмосга ўхшатаман. Ўзбек санаъати Россияга яхши таниш. Фикримнинг исботи сифатида 1941 йилда Ленинградда Алишер Навоий хотирасига бағишлаб ўтказилган анжуманни эслатиб ўтиш жоиз, деб биламан. Маданий меросларни келажак учун сақлашни ўз бурчимиз, деб ҳисоблайман».

ИРИНА ПОПОВА, Россия фанлар академияси Шарқ қўлёзмалар институти директори, хитойшунос тарихчи, тарих фанлари доктори, профессор:

“Мазкур тадбирга дунёнинг турли бурчакларидан иштирокчилар келганининг гувоҳи бўлдик. Қизиқарли музокаралар, баҳс-мунозаралар бўлиши табиий ҳол. Янги танишлар орттирганимдан жуда мамнунман. Келаси йил ўзининг 200 йиллигини нишонлайдиган муассасамиз ҳақида иштирокчиларга сўзлаб беришни ният қилдим. Шарқ қўлёзмалари институти Санкт-Петербург Осиё музейи сифатида ташкил этилган. Унинг асосий вазифаси Ўзбекистон ҳудудида қадимда яшаган сўғдлардан тортиб, бошқа миллат ёзма маданият ёдгорликларини тўплаш ва сақлашдан иборатдир. Россияликларнинг Ўрта Осиё маданиятига бўлган қизиқиши жуда каттадир. Мана бир неча йиллардан бери Эрмитажда Марказий Осиё экспозицияси фаолият юритиб келмоқда. Россия этнография музейида ҳам Ўрта Осиё ва Қозоғистонга бағишланган доимий экспозиция иш олиб бормоқда”.

НАТАЛЬЯ ПРОКОПЬЕВА , Россия этнографик музейининг музей қадриятларини сақлаш, ҳисобини юритиш ва реставрация қилиш бўйича директор ўринбосари:

“Ҳамкасбларим билан турли битимлар, музокаралар тузиш юзасидан янгидан-янги учрашувларни кутмоқдаман. Музейимизда Ўзбек халқи маданиятини акс эттирувчи коллекция мавжуддир, биз ҳам ўзимизда мавжуд нарсаларни тақдим этишни истадик. Дастур жуда мазмунли тузилган. Биз Uzbekistan Today билан ҳамкорликда дунё музейларидаги Ўзбекистон хазиналари ҳақидаги маълумотларни тўплаш лойиҳаси билан шуғулландик. Тақдимот маросимида мен ўзимизнинг музейда сақланаётган коллекциялар ҳақида маълумот бераман”.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар