Айни кунларда фарзанди битирувчи синфда ёки коллеж, академик лицейларнинг охирги босқичида ўқиётган ота-оналарнинг ташвиши ортган. Фарзанд касбни ўзи танлагани маъқулмикан? Хато қилиб қўймасмикан? Мен уни мажбурлашим тўғрими? Хуллас, шундай саволлардан боши қотган ота-оналар учун қуйидаги маслаҳатларимиз ёрдам беради деган умиддамиз.
Касб танлашдаги асосий жиҳатлар
Тавсиялар
1. «Ким бўлмоқчисан?» — бу йўл-йўлакай бериладиган савол эмас. Бафуржа ўтириб, бўлажак касби ҳақида фарзандингиз билан гаплашиб олинг.
2. Агар фарзандингиз бирор соҳани танламаган, нима қилишини билмаётган бўлса, бунинг сабаби билан қизиқинг. Балки иккиланаётгандир, қўрқаётгандир, ўзига ишонмаётгандир. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мададингизга ишониши мумкинлигини англатинг.
3. Мактабнинг сўнгги йилларида таътил кунлари болани у ёки бу касбга жалб қилиш мумкин: устага шогирд тушсин, тайёрлов курсларига қатнасин.
4. Агар болангиз танлаган йўналиш сизга ёқмаса, асло тақиқ, тазйиқ ва пўписа йўлларини танламанг. Нега шу касбни танлади? Сабаблари билан қизиқинг. Болада иштиёқ бўлгани билан, тажрибасизлиги туфайли хато қилиши мумкин. Аммо буни тушунтириш керак. Мажбурласангиз, барибир сиз айтган касбнинг устаси бўла олмайди.
5. Агар 14-15 ёшлардаги фарзандингиз бирор амалий иш қилмай, нуқул орзуга берилса, мақсадини аниқлаштириш ва унга эришиши учун аниқ режа тузишига ёрдам беринг.
6. Борди-ю танланган йўлда муваффақиятсизликка учраса, захира варианти бўлиши керак. Яна бирор касбни эҳтиёт шарт кўз остингизга олиб қўйинг.
Бирга, аммо ўрнига эмас
Ота-оналар болага касб танлашда ёрдам беришлари мумкин, бироқ унинг ўрнига танлаб беришлари керак эмас. Илгари болалар 11-синфни битиргунча касб борасида бир тўхтамга келсалар бўлди эди. 15 яшар бола билан 17 яшарнинг фикрлаши ўртасида фарқ бор, албатта. Ҳозир болаларимиз эртароқ касб танлашлари керак экан, бу ўринда ота-оналарнинг иштироки кўпроқ бўлади, албатта. Аммо бу иштирок босим ёки тазйиқ эмас, маслаҳат, муҳокама ва йўналтирув тарзида бўлмоғи керак. Хато қилади, деб қўрқманг. Хато ҳам керак, дарс бўлади. Ҳали ёш-ку, хатони тўғирлашга вақти бўлади. Энг ёмони, ҳар куни ўзи истамаган ишни қилиш. Бундан бола на моддий манфаат, на маънавий ҳузур олади. Шунинг учун унга ёрдам беринг, холос. Касб танлашдаги иштирок ва масъулият ота-она ҳамда фарзанд ўртасида 60/40, узоғи 50/50 нисбатда тақсимланиши керак. Албатта, кўпроқ масъулият ва истак бола томонида бўлади. Боланинг тўғри касб танлаши ота-онаси билан ўртада ишонч, оилавий муҳит барқарор бўлган шароитдагина амалга ошади.
Масала ечими томон 7 қадам
Демак, ота-онанинг вазифаси болага тайёр қарорни тиқиштириш эмас, унинг ўзи қарор қабул қилишига ёрдам бериш экан, буни қандай амалга ошириш мумкин?
1-қадам. Касблар рўйхати ва характеристикасини бир қоғозга ёзиб чиқинг. Инсон касб танлар экан, нафақат тирикчилик воситасини, балки ҳаёт тарзи ва ижтимоий муҳитни ҳам танлайди. Бола бўлажак касби қайси талабларга жавоб бериши кераклиги устида бош қотирсин (кўп пул келтирсинми, тезроқ мансаб пиллапояларида илгарилаш имкони бўлсинми, касби элга танитсинми ва ҳ.к). Бу келажакдаги мақсадларни аниқлашга ёрдам беради.
2-қадам. Қандай касблар бор? Қайси касб эгаси нима иш қилади, деган саволларга жавоб изланг. Биз, масалан, шифокор, ўқитувчи, журналист, новвой каби кенг тарқалганларини биламиз. Лекин тор ихтисосликлар борки, уларга доим талаб мавжуд: олайлик, машина қурувчилари, микробиологлар, наномуҳандислар ва ҳоказо. Шулар ҳақида ҳам қизиқиб кўринг.
3-қадам. Ахборот тўпланг! Фарзандингиз билан биргаликда меҳнат бозори ҳақида маълумот йиғинг. Бунда сизга турли маълумотномалар, ишга таклиф эълонлари ёзилган даврий нашрлар ва интернет сайтлари ёрдам беради. Касбларнинг истиқболини ҳам ўйланг: бугун керак бўлган соҳага 10 йилдан сўнг талаб тушиб кетиши мумкин. Шуни ҳам ҳисобга олинг.
4-қадам. Гапдан ишга ўтинг. Қуруқ суҳбатлар билан чекланиб қолиш ярамайди. Биламизки, ўсмирлар ота-онасининг фикрига доим ҳам қўшилаверишмайди. Бунда уларнинг ўзи орттирган тажриба кўпроқ фойда беради. Агар болани маълум йўналиш қизиқтирган бўлса, бирор тўгаракда, корхонада маълум муддат шу касб билан шуғулланишига имкон яратиб беринг: майли, машина тузатиб кўрсин, бизнес-режа тузсин ва ҳоказо.
5-қадам. Болани касб танлаш тестларидан ўтказинг. Ҳозир мактабларда бундай тестлар ўтказилади, унда боланинг у ёки бу касбга лаёқати, қобилияти ва фикрлаш тарзи текшириб кўрилади. Агар бундай тестлаш ўтказилмаган бўлса, интернет ёрдамга келади. Улар фарзандингизнинг ички салоҳиятини тўғри баҳолашга ёрдам беради.
6-қадам. Таълим муассасасига экскурсия уюштиринг. Ҳозирда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Олий таълим вазирлиги томонидан турли ўқув юртларида очиқ эшиклар кунлари ўтказилади. Фарзандингизни шу тадбирларга олиб боринг. Унинг ўзи ҳал қилсин, бу ўқув юртида ўқишни истайдими ёки йўқ.
7-қадам. Муқобил вариантларни муҳокама қилинг. Бу институтга кира олмаса, нима бўлади? Ёки шартнома асосида кирса-ю, маблағ топилмаса-чи? Шундай вазиятлар учун қўшимча вариантингиз бўлиши керак. Масалан, кейинги йил ҳаракат қилар, унгача бирор ҳунар ўрганиб турар. Балки айнан шу ҳунар болангизнинг келажагига айланар.
Нима бўлганда ҳам, касб танлаш масаласини шундоқ ташлаб қўйманг. Бу ота-оналарнинг энг катта хатоси. Фақат пул топиш, оилавий анъаналар асосида касб танлаш ёки ишсиз қолмаслик учун қаердадир шунчаки ишлаб туриш ҳақида эса умуман унутинг, сиз ҳам, фарзандингиз ҳам! Бу ечим эмас, келажакдаги муаммоларнинг асосидир.
Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади.