Бугун, 30 июнь куни Тошкент шаҳридаги Олимпия шаҳарчасида Ёшлар куни муносабати билан "Келажак бунёдкори" медали ҳамда "Мард ўғлон" давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаол ва иқтидорли ёшларни тақдирлади.
Давлат раҳбари ўз билими, истеъдоди, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан Янги Ўзбекистон ривожига ҳисса қўшаётган ёшларни табриклар экан, улар зиммасида катта масъулият турганини таъкидлади.
«Сизлар ўз даврида буюк кашфиётлари билан жаҳон цивилизацияси тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган, Биринчи ва Иккинчи Ренессанснинг “ақл чироғи” бўлган буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларисиз. Албатта, ворислик фақат фахр эмас, балки улкан масъулият ҳамдир», деди Президент.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, аждодлар инсоният тараққиёти учун қандай буюк ишларга қўл урган бўлса, бугунги ёшлар Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган асосий кучга айланиши лозим.
Шундан сўнг Президент «Келажак бунёдкори» медали ва «Мард ўғлон» давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
"Бутун халқимиз номидан бугунги давлат мукофотлари соҳибларини яна бир бор самимий табриклайман. Мазкур юксак эътироф сизларни янги ютуқ ва марралар сари руҳлантирсин. Сафингиз янада кенгайсин", деди давлат раҳбари.
Мукофотланган ёшлар мамлакатда яратилаётган имкониятлар учун миннатдорлик билдириб, бундан буён ҳам ўз билим ва меҳнати билан Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканини таъкидлади.






