АсосийSUG'DIYONA

​Булғор қалампири: ширини ҳам, аччиғи ҳам фойдали

'​Булғор қалампири: ширини ҳам, аччиғи ҳам фойдали'ning rasmi

Қизил, сариқ ва яшил булғор қалампирларнинг ҳар бирининг ўз рангига хос хислати бор. Қалампирнинг айниқса, аччиқ қалампирнинг фойдали хусусиятлари билан танишган тиббиёт ходимлари, табиблар ундан ҳар хил касалларни даволашда, айниқса инсон танасини тетиклаштирувчи доривор сифатида фойдалана бошладилар.

Булғор қалампири:

— Овқат ҳазм қилиш фаолиятини яхшилайди;

— микробларни йўқотади;

— танадаги иссиқлик қувватини оширади;

— кайфиятни яхшилаш ва асаб тизимини меъёрида сақлаш хусусиятига эга.

Меъёрни ҳам унутманг!

Лекин, ошқозон-ичак, жигар ва буйрак хасталиклари бор кишилар аччиқ қалампирдан ўзларини сақлаганлари маъқул. Тиббиёт олимларининг аниқлашича, ширин қалампирнинг таркибидаги Р витамини қон томирлари учун энг зарур доривор ҳисобланади. Уни қандай ҳолатда, яъни салатларга қўшибми ёки ундан бирор-бир тансиқ овқат тайёрлаб истеъмол қилишдан қатъи назар, инсон танаси учун фойдаси беқиёс.

50 грамм булғор қалампири— С витаминининг суткалик дозасини беради

Айниқса ширин қалампирни хомлигича истеъмол қилиш жуда фойдали . Ширин қалампирни барча сабзавотлар ичида таркибидаги С витамини кўплиги учун ҳам чемпион деса бўлади. Агар атиги 50 грамм ширин қалампир истеъмол қилсангиз, танангиз учун зарур бўлган бир суткалик витамин С ни оласиз. 100 грамм ширин қалампирдан танангиз учун яна зарур бўлган 15 каллория қувват ҳам оласиз.

Қизил қалампирни шифокорлар ҳолсизланиб қолганларга қувват берувчи сифатида тавсия этадилар. Сабаби, таркибидаги рух моддасининг ва С витаминининг миқдори бошқадагилардан кўпроқ бўлиб, фойдаси ҳам танада тезда сезилади. Қизил қалампир камқонлик хасталигида энг яхши доривор ҳисобланади.

Сариқ рангли қалампирнинг ҳам фойдаси беқиёсдир. Сариқ қалампирда инсон умрини узайтириш хислатига эга бўлган витамин ва моддалар бошқалардагидан кўпроқ экан.

Яшил қалампир бироз тахир бўлсада, инсон бош мияси учун фойдали. Таркибидаги ширинлик ва озроқ аччиқлиги инсон организмидаги чарчоқни олишда, кайфиятни яхшилашда ижобий таъсир қилади.

Ширин қалампир

Ичак оғриқларида ширин қалампир ва сабзи шарбати тенг миқдорда аралаштириб, ичилади.

Бош мия склерози, гипотонияда ҳар куни қизил қалампир тановвул қилиш керак.

Эрталаблари оч қоринга бир-икки дона ширин қалампир истеъмол қилишдан кўзлар равшан тортади ва чиройли ялтиллаб туради. Тадқиқотчилар фикрига қараганда, компьютерда доимий равишда ишловчилар ҳар куни бир неча дона ширин, айниқса яшил қалампирни ейишса, кўзларидаги чарчоқ кетади.

Аччиқ қалампир

— Радикулитда. 2 дона қалампир 1,5 стакан нашатир спирт билан аралаштирилади ва 2 ҳафтага қоронғу жойда сақланади. Вақти-вақти билан аралаштириб туриш лозим. Оғриётган жойга суртилади.

— Қариликнинг олдини олиш учун 1 чой қошиқ аччиқ қалампир 500 гр ёғ ва 200 гр асал аралаштирилади ва кунига 4-5 марта 1 ош қошиқдан ичилади. Лозим бўлса, даволаш курсини 3 ой ўтиб қайтариш мумкин.

— Бўғимлар оғриганда, радикулит, ревматизм ва шамоллашдан оғриқ пайдо бўлганида аччиқ қалампирдан қуйидагича суртма тайёрлаб фойдаланиш мумкин: 30 грамм аччиқ қалампирга 200 грамм 70 фоизлик спиртдан солиб икки ҳафта салқин жойга қўйиб қўясиз. Икки ҳафтадан сўнг 1:3 таркибда яъни тайёр шарбатнинг бир қисмига уч қисм ўсимлик мойидан қўшиб оғриган жойингизга малҳам сифатида суртасиз.

Севара Нишонова тайёрлади

Бошқа янгиликлар