Вужудингизда митти юракчанинг овоз бериб ураётганини ҳис қилишингиз ҳамон ҳаёт тарзингиз ўзгара бошлайди. Энди сиз кичкинтойни ва ўз саломатлигингизни асрашга ҳаракат қиласиз. Бунда нафақат иш шароитингиз, уй юмушларини, балки фаслларни ҳам инобатга олишни унутманг. Масалан, ёзда бўлажак оналаримизни оёқ шишиши, чанқоқ каби муаммолар қийнайди. Келинг, уларга бирга ечим излаймиз.
Чойми ёки сув?
Жазирама ҳомиладорларни анча қийнаб қўяди. Кўп суюқлик ичса, оёқлар шишади, ичмай десангиз, ташналик ёмон. Хўш, энди нима қиламиз?
Ичимлик масаласида миқдор эмас, сифат муҳим эканлигини унутманг. Квас, компот, ширин газли ичимликлар, қадоқланган шарбатлар бўлажак она учун яхши танлов эмас. Негаки, бу ичимликлар чанқоқни босмайди, улар оёқларга «жойлашиб олади» холос. Ҳомиладорлар учун энг афзал ичимлик — газланмаган сув ва кўк чой. Қаҳвани эса болангизни эсон-омон бағрингизга босиб, уни кўкрак сути билан боқиб бўлгунга қадар асраб қўйишни тавсия қиламиз.
Оёғим шишмасин, десангиз...
Ҳомиладорликда оёқ шишиши фақатгина ичаётган сувга боғлиқ эмас. Иссиқда қон томирларининнг кенгайиши ҳамда буйракда ўзгаришлар юз бериши ҳисобига ҳам оёқлар шишади. Бундай бўлмаслиги учун оёқларни нам мато билан артиб туриш ёки сув билан енгил пайпаслаб олиш тавсия этилади. Агарда стулда кўп ўтиришга тўғри келса, оёқ остига бирор нарса қўйиб олинг. Шунингдек, оёқлар ҳолатини тез-тез ўзгартириб туриш, уқалаш ҳам яхши ёрдам беради. Имкон топсангиз, оёқларни бироз баландроқ кўтариб, дам олинг.
Уйқучилик — яхшими ё ёмон?
Биламизки, ҳомиладорлик даврида аёл организмида кўп қувватни талаб этувчи ўзгаришлар рўй беради. Шу туфайли аёл ўзини хорғин сезади, уни уйқу элита бошлайди. Айниқса, жазирамада салқингина хонага кирсаю, бироз ухлаб олса. Буни организмнинг қувват тўплаш ва ўзини ўзи сақлаш дастури, десак ҳам бўлади. Шу сабабли ҳомиладорлар кераклигича ухлашлари лозим. Тўғри, баъзан қайнонангиздан хижолат бўлиб ёки иш сабабли кундузи ухлаб олишга имкон бўлмайди. Аммо уйқу «режа»сини топширмас экансиз, ҳомилага ҳам, ўзингизга ҳам зиён етказиб қўйишингиз мумкин. Сизга маслаҳатимиз:
тунги уйқу 8 соатдан кам бўлмасин;
имкон қадар соат 22:00 да ухлашга одатланинг;
кундузши 1-2 соатлик уйқу организмга қувват беради;
хонани тез-тез шамоллатиб туринг;
қоронғи хонада ухланг;
кўпроқ очиқ ҳавода сайр қилинг;
ҳовузда чўмилинг ёки илиқ душ қабул қилинг.
Маслаҳатимизга қулоқ тутинг ва ёзни «оғир бўлмай» ўтказиб олинг.
Олий тоифали гинеколог Ҳулкар РАВШАНОВА тавсиялари асосида Камола ШАРОФЗОДА тайёрлади
06.08.2021, 17:47
CCВ Матбуот хизмати буйрак етишмовчилиги қандай хасталик экани ва уни бартараф этишда мамлакатимиз тиббиёти нималарга қодирлиги ҳақида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим раҳбари,...26.12.2017, 13:12
— Уч яшар ўғлим овқат чайнаб ютаётганида қулоғини ушлаб, оғриётганини айтди. Шифокорга кўрсатсам, отит деб ташхис қўйди. Бу қандай касаллик? Уни уйда даволаса бўладими? Назира...26.12.2017, 13:08
— Эмизикли чақалоғим экссудатив диатез касаллиги билан оғриганди. Ҳозир соғайган бўлса-да, айрим таомларни истеъмол қилганимда унинг баданида қизғиш доғлар пайдо бўлади. Гўдакда диатез қайталамаслиги учун...26.12.2017, 11:36
Узоқни кўра олмаслик;сколиоз (умуртқа поғонасининг қийшайиши);гастрит;руҳий-асаб тизими бузилишлари кабиларни мактаб касалликлари сирасига киритиш мумкин. Статистикага кўра, ҳар беш боланинг бири умуртқа поғонаси муаммоларидан қийналса, ҳар...