АсосийSUG'DIYONA

​Севиб қолган ўсмирга қандай муносабат билдириш керак?

'​Севиб қолган ўсмирга қандай муносабат билдириш керак?'ning rasmi

— Ёшим ўн бешда. Синфдош йигитим билан бир-биримизга кўнгил қўйганмиз. Яқинда онам билиб қолиб, мени уришиб берди. Дадам ҳам бундан хабар топиб, «У болага бермаймиз, барибир», деб айтибди...

Нигина, Тошкент шаҳри

Ер юзида ҳеч бир инсон муҳаббатдан ҳимояланмаган. Маълумки, севги ёш танламайди. Ўсмирликдаги туйғулар шунчаки бир ҳавас бўлиши ҳам мумкин. Аммо айнан шу пайтда асл севгига тамал тоши қўйилади. Севиб қолган ўсмирга қандай муносабат билдириш керак? Руҳшунос Наргиз САТТАРОВА билан ушбу саволга жавоб излаймиз.

Ўтиш даврини бирга ўтказамиз!

Аввало, болангизнинг феълидаги ўзгаришларни физиологик ўзгаришлар каби табиий қабул қилинг. Унда гормонал ўзгаришлар юз бермоқда. Бош оғриқлари, ҳафсаласизлик, қизиққонлик, таъсирчанлик, диққат сусайиши, хотира пасайиши каби ҳолатлар кузатилиши меъёрий ҳолат. Бу даврда ҳар бир боланинг ички «мен»и шакллана бошлайди. Шу пайтгача унинг ўзига бўлган баҳосини ташқи омиллар белгилаб берган бўлса, энди у ўзини-ўзи баҳолайди. Масалан, «Ҳали ёшсан!» дея танбеҳ берсангиз, ўзини катта ҳисоблай бошлаган боланинг ҳамиятига бу гап тегади, ички овози эса «Мен кап-каттаман!» дея садо беради. Ва улғайганини катталарнинг ҳаракатларини ўзида намоён қилиш билан исботлашга уринади. Масалан, қарама-қарши жинс вакили билан муносабат ўрнатиш, тамаки чекиш, уйдан қочиш кабилар. Танлаш ҳуқуқини олишади-ю, каттарлардек масъулиятни ҳис қилишмайди. Бунинг устига, иккиланишлари ҳам талайгина. Шу кунга қадар ота-онаси томонидан сингдирилган тушунчалар, қадриятларнинг исботини ҳаётдан излайди. Номутаносибликка дуч келса, «Ҳақиқат қани?» дея иккиланиб қолишади. Яна чалкашлик, яна кураш. Мана шу кураш натижасида унинг ҳаётий фалсафаси қарор топади.

Бу даврга ота-оналар руҳан тайёрланиши керак. Фарзандини борича қабул қила оладиган, тушунадиган, эшитадиган, ўсмирнинг саволларига жавоб бера биладиган бўлишлари даркор. Ана шунда бола ҳаётидаги қийин давр талофатларсиз ўтади.

Муҳаббат нима?

Ўзини катталар орасида ҳам, болалар орасида ҳам бегона санаётган ўсмир, албатта, тенгдошлари даврасига интилади. Уни тушунадиган, борича қабул қиладиган инсонга талпинади. Қарабсизки, ишқ дардига мубтало бўлади. Ўйи-хаёли севиб қолганида бўлади, унга қаттиқ боғланиб қолади, кўнгли эса нозиклашади. Бу беғубор, шартлардан ҳоли биринчи муҳаббат асл севги бўлмаслиги мумкин. Аммо табиат айни шу даврда инсонни севишга ўргатади. Яъни ҳақиқий муҳаббатга шу босқичдан ўтиб борилади.

Хўш, сиз ҳақиқий севги нелигини биласизми? Одатда, кўпчилик эр-хотинлар муносабати асосида шартли севги ётади. Ёки ҳиссий боғлиқлик. Биринчи навбатда, ота-она ўзи муҳаббат қандай туйғу эканлигини англаши керак. Севги ҳаётнинг энг катта ҳақиқати эканлигини, дунё муҳаббатдан яралганини ва бу энг гўзал туйғулигини тушуниши лозим. Шунда кимнидир ёқтириб қолган боласига «Севги, бу ёмон» қабилида тушунтириш бермайди.

Севиш гуноҳ эмас!

Афсуски, ота-оналар кўпинча дилбанди қалбидаги туйғуларни ўлдиришга уринишади. «Севги, бу — хато!» «У билан гаплашсанг, ёмон бўлади!» «Шарманда бўласан!» каби қўрқитишлар билан бола қалбида уйғонган яхши ҳисларни яксон қилишга киришишади. Ўсмир эса яна ўйга чўмади: «Муҳаббатнинг нимаси ёмон, нимаси хато, нима учун кимнидир яхши кўрсанг, охири ёмон бўлади?» Бу саволлар тилига кўчган тақдирда ҳам ота-оналар «Мумкинмас! Тамом!» дея гапни кесишади. Чунки фарзандининг саволларига жавоб беришга ё етарлича билими, ё тоқати йўқ. «Мумкинмас» дея чегаралаш эса масаланинг энг осон ечимидек гўё. Бироқ унутманг, бола доим, айниқса, ўсмир ёшда чегараларни бузишга, чекланган нарсаларни синаб кўришга мойил бўлади. Қасдма-қасд иш қилиб, ўзини кўрсатиб қўйишни истайди. Натижада, сиз қўрққан салбий оқибатлар келиб чиқади. Ҳаёт ҳақидаги қарашлари, қадриятлари шаклланаётган пайтда муҳаббатни қоп-қора бўёқларга бўясангиз, унда «Севиш азоб экан! Бу ёмон туйғу ҳисобланаркан! Демак, севмасдан яшаш керак», деган дастур онг остига ўрнашиб қолиши ҳам ҳеч гапмас.

«Сенга яхши кўришни ким қўйибди?!»

Бу гапингиз билан боланинг нафсониятга тегасиз, унинг ўзига бўлган ишончини сўндирасиз. Тушунинг, у инсон, унда юрак бор, дўқ-пўписа билан муҳаббатдан ҳимоялай олмайсиз. Севишга ҳақли у!

Баъзида ота-оналар фарзандларига «Ҳозир фақат ва фақат ўқишинг керак, бунақа нарсалар сени чалғитади», дея талаб қўйишади. Ёхуд «Ким биландир гаплашаётганингни эшитсам...» дея олдиндан қўрқитишади. Билишмайдики, боласини ҳиссиз одамга айлантириб қўйишаётганини.

Уни фақат билим олишга мажбурлаб натижага эриша олмайсиз. Ўқишдан кўнгли қолиши мумкин. Қўрқитиб ҳам, қўрқаётганингиздан ҳимоялай олмайсиз. Юқорида айтганимиздек, қасдма-қасд иш қилиши эҳтимол ҳам бор. Яхшиси, «Болажоним, сени тушунаман, мен ҳам бошдан кечирганман бу даврни. Севдим, ўлдим, куйдим, дея бу савдога берилиб кетма! Ахир бизнинг юксак орзуларимиз, режаларимиз бор. Уларга эришиш учун ўқиш керак», деб фарзандингизни илҳомлантиринг.

Нима қилиш керак?

Тушунинг! Ахир ўзингиз ҳам бу даврни бошдан кечиргансиз. Балким ота-онангиз сизга қаттиққўллиқ қилгандир, аммо энди фарзандингиздан аламингизни олишингиз нотўғри.

Дўстлашинг! Болангиз юрагини сизга очганида эшитадиган, устидан кулмайдиган, айбламайдиган, ўрни келса ачинадиган, қўллаб-қувватлайдиган ота-она бўлсангиз, сиздан яширинча иш қилмайди. Натижада, муҳаббати ёмон оқибатларни келтириб чиқармайди.

Гаплашинг! Эътибор берсангиз, ўсмирлар жуда гапдон бўлиб қолишади. Бир қулоқ бўлса, ҳамма-ҳаммасини айтиб беришса. Вақтим йўқ, чарчадим, десангиз, у кўчадан тингловчиларни қидириб қолади. Балким, айнан гаплашишга бўлган эҳтиёжи сабаб ҳам кимгадир дил бергандир. Аммо савол туғилади: қачон у сиз билан дилдан гаплашади? Қачонки, сиз уни уришмасангиз, хотиржам эшитсангиз, сирини сотмасангиз, дадасига айтиб, таъзирини бердирмасангиз, кўпнинг ичида «Севиб қолибди бу кишим», дея изза қилмасангиз, «Болам, мен сени доим, нима бўлишидан қатъи назар яхши кўраман ва туйғуларингни ҳурмат қиламан», дея такрорлаб турсангиз, ҳар қандай масаласада сиз билан бамаслаҳат иш қилади.

Тўғри тушунча беринг. Ҳали ёшгина қизингизга «Барибир, унга узатмайман сени», дея дакки берманг. «У яхши боламас, ота-онаси ёмон», деб инсонларни яхши-ёмон ажратманг. «Қизим, нима учун айнан шу йигитни танладинг? Уни қайси хусусиятлари сенга ёқди?» дея кўнглига қўл солинг.

Йигит-қиз муносабатларига аралашманг! Қизини севиб қолган йигитнинг танобини тортиб қўядиган, ўғли ёқтирган қизга гап тушунтирадиганлар ҳам учраб туради. Бу йўл билан болангизнинг душманига айланиб қоласиз. У сиздан, уйдан қоча бошлайди, муҳаббатини ҳимоя қилиш учун қаршилик қилади.

Назорат қилинг. Албатта, замонамиз кескин ривожланаяпти. Ёшларнинг гаплашиш учун имкониятлари кенг. Телефон, интернет кабилар. Бу боланинг ҳаракатларини кузатишни талаб қилади. Алоқа воситиларидан маълум бир вақтда фойдалинишни жорий қилинг. Уйда тартиб ўрнатинг, истаган пайти кўчага чиқиб кетмаслиги учун. Фақат назоратни хотиржамлик ва нима учун бундай қилаётганингизни тушунтириш билан амалга оширинг.

Кучини бошқа томонга йўналтиринг. Спортга қатнашсин, ҳунар ўргансиз, қобилиятларини шакллантирсин. Шунда бекорчи ишлар ва ўйлардан холи улғаяди.

Мутахассисга учрашинг. Агар болангиз билан бу борада жидий муаммолар юз бераётган бўлса, мутахассисга мурожаат қилинг. Токи ота-она ва бола ўртасидаги тушунмовчиликлар таъсирида ўсмир қалтис ҳаракатлар қилмасин.

Китобга ошна қилинг. Бир олам саволларига жавоб излаётган, ҳавасни севги деб ўйлаётган ўсмир китоб мутолааси орқали ўзини ва дунёни англай бошлайди. Масалан, машҳур «Кичкина шаҳзода»ни бирга ўқинг. Бу китобни ўқиш орқали нафақат севги нима деган саволига жавоб топади, туйғуларни қадрлашни ҳам ўрганади.

Фарзандингиз туйғуларини ҳурмат қилинг!

Шоира ВАФОЕВА

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар