1

​Гўзалликнинг ёзги 16 сири

СУҒДИЁНА 16.06.2017, 12:30
​Гўзалликнинг ёзги 16 сири

Кунлар исиши билан ҳамма сув ҳавзаларига ва қуёшда тобланишга ошиқади. Фойдаланиб қолиш керак ахир. Устига-устак чиройли тобланган тери ҳамон урфда бўлса. Аммо ҳар нарсада ҳам меъёр ва уқув керак. Қуйида масалага оид энг кўп бериладиган саволларга жавоб берамиз.

1. Агар тери нозик ва таъсирчан бўлса, нималарга эътибор қаратишим керак?

Аввало сунъий таркибли ва ароматизаторларга бой қуёшга қарши кремлардан умуман фойдаланманг. Улар терини қичиштиради. Иккинчидан, таътилга бир ой қолганда таркибида бета-каротин мавжуд кремдан фойдаланинг. У терингизни қуёш ванналарига яхшилаб тайёрлайди.

2. Қуёшга қарши восита ўрнига тунги кремдан фойдаланиш мумкин, деган гап тўғрими? У мени етарлича ҳимоялай оладими?

Ишониш қийин, аммо бу гап замирида ҳақиқат бор. Тунги кремлар таркибида SPF-фильтр бўлмаса ҳам, тикловчи ва озиқлантирувчи моддалар кўп. Шунингдек, улар кундузги кремлардан «оғирроқ» бўлади. Бу эса қуёшга қарши яхшироқ ҳимоя қатлами ҳосил қилади. Шу сабабли қуёшга қарши крем топилмаганда улардан фойдаланиш мумкин. Албатта, қуёшга қарши махсус воситаларга нисбатан 50 фоизга кам самара беради. Аммо йўқдан кўра, оз бўлса-да ультрабинафша нурлардан ҳимояланасиз.

3. Сувга чидамли воситаларни SPF билан бирга ишлатсам бўладими?

Албатта, мумкин. Чўмилиб чиққандан сўнг яна 20 дақиқа давомида ўзининг ҳимоя вазифасини бажара оладиган воситалар сувга чидамли саналади. Аммо тери қуёшда қуриши билан кремнинг ҳимоя хоссалари ҳавога учиб кетади. Шу сабабли уларни қайта-қайта суртиб туриш лозим.

4. Тери қуёшда куйса, вақт ўтиши билан худди тоблангандек кўриниши ростми?

Умуман олганда, шундай. Енгилгина қизариб турган тери бир неча кундан сўнг тобланишга айланади. Аммо қуёшда куйган тери пўст ташлай бошлайди. Демак, бу тобланиш эффекти узоқ сақланиб турмайди. Шу сабабли эҳтиёт бўлинг! Салгина қизариш ҳам соғлиққа зарар етказиши мумкин.

5. «Мен асосан салқин жойларда юраман. Шунга қарамай, терим чиройли тобланиши мумкинми?»

Албатта! Ультрабинафша нурлар соя жойларда ҳам мавжуд, чунки улар бутун атмосферага тарқалади. Устига устак, ультрабинафша нурларнинг соя жойларда бир меъёрда тарқалиши туфайли терингиз бир текис тобланади. Бунда махсус зардоб ва скраблар ёрдам беради, уларни таътилга икки ҳафта қолганда терига суртиб туриш лозим. Улар терида меланин ҳосил бўлишини тезлаштиради, натижада тезроқ тобланасиз.

50 фоиз аёллар ультрабинафша нурлари терида ажинлар пайдо бўлишининг асосий сабабчиси эканини билишмайди.

6. Ёзда атирлардан воз кечиш керакми?

Кўпгина ўткир ифорлар, масалан, бергамот ёғи қуёш нурлари билан реакцияга киришиб, кийимда қора доғлар қолдиради. Ёзда енгил ифорлардан фойдаланганингиз маъқул. Шунда ҳам уларни фақат сочларга сепиш керак.

7. Сунъий (солярийда) тобланиш терини қуёшда куйишдан асрайдими?

Асло! Кўпгина солярийлар А типидаги ультрабинафша нурлари билан ишлайди. Улар терини тоблайди, аммо ҳимоя қобилиятини рағбатлантирмайди. Бундан ташқари, солярийда тез-тез тобланиш тери саратони хавфини оширади.

8. Қуёшга қарши кремнинг ўтган йилдан қолганидан фойдаланса бўладими?

Агар ҳали қадоқ бузилмаган бўлса, мумкин. Шунда ҳам яроқлилик муддатига қараш керак. Бироқ ўтган йили очилган идишдаги воситани ишлатмаган маъқул, чунки ўтган вақт мобайнида унинг таркибидаги моддалар ачиган ва ўз хоссасини йўқотган бўлиши мумкин.

Кўпчилик аёллар май ойига келибгина терини тоблашга тайёрлашни бошлашади. Фақат 4 фоиз аёлларгина йил ўн икки ой териларини ёзги тоблашга тайёрлаб борадилар!

9. Ёзда спорт билан шуғулланиш учун қандай дезодорантдан фойдаланиш керак?

Агар ёзда очиқ ҳавода спорт машғулотлари билан шуғулланмоқчи бўлсангиз, SPF-ҳимояли дезодорантлардан фойдаланинг. Спорт залларида шуғулланиш учун эса «антистресс» функцияли дезодорантлар тавсия этилади.

10. Қуёшда тоблангандан кейин терини махсус парваришлаш шартми?

Шубҳасиз! After sun белгили махсус лосьонлар мавжуд, улар таркибидан терини намлантирувчи ва тинчлантирувчи компонентлар бор. Уларни душ қабул қилиб бўлишингиз биланоқ суртинг. Оддий лосьонлардан ҳам фойдалансангиз бўлади, фақат унинг таркибида Алоэ Вера, шафтоли ёки ўрик мойи мавжуд бўлиши керак. Юз териси учун тунги кремлардан фойдаланишни ҳам унутманг, улар терини жуда яхши парваришлайди.

11. Қуёшдан ҳимояловчи кремлардан кўп фойдаланиш организмда D витамини танқислигини юзага келтириши ростми?

Бу жуда кенг тарқалган афсона. Ёз ойларида бундай танқислик бўлиши мумкин эмас. Тўғри, қуёшдан ҳимояловчи воситалар D витамини ҳосил бўлишини бирмунча камайтиради, шунга қарамай, тери организм учун зарур миқдордаги D витаминини синтезлай олади. 20 фоиз аёллар фақат терини тоблаш ҳақда ўйлаб, уни ҳимоялашни унутиб қўядилар.

12. Қуёш ванналари қабул қилганимдан сўнг юз терисини ҳимоялашим шартми?

Қуёшда тоблангандан сўнг юз терисини нафақат ҳимоялаш, яхшилаб намлаш ва жонлантириш керак. Терингиз типига мос келадиган ажинга қарши зардоб ва намлантирувчи крем танланг. Улар таркибида албатта гиалурон кислотаси бўлиши керак.

13. Қуёшга чиқишдан ярим соат олдин қуёшдан ҳимояловчи крем суртишим керакми?

Йўқ, чунки SPF-ҳимоя суртилган заҳоти ўз ишини бошлайди. Уни уйдан чиқаётганда суртиш керак, чунки чўмилиш ҳавзасига етиб боргунча терингизни куйдиришга улгуришингиз мумкин.

14. «Қуёшдан ҳимояловчи» белгили косметик воситалардан фойдаланишнинг ўзи етарлими?

Йўқ! Пардоз юзга кремчалик бир текис. Шу сабабли улар терини қисман ҳимоя қилади, холос. Пардоз тагидан ҳар доим қуёшдан ҳимояловчи крем суртинг ёки уни тонал асос билан алмаштириб қўлланг.

15. Қуёшдан ҳимояловчи кремлар тери тешикчаларини беркитиб қўйиб, ажинлар ҳосил бўлишига олиб келиши ростми?

Агар терингиз ёғли ёки аралаш типга мансуб бўлса, озиқлантирувчи моддаларга бой қуюқ ҳимояловчи кремлар юқоридаги муаммони келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли қўрғошин (цинк) таркибли енгиллаштирувчи воситалардан (геллар, спрейлар) фойдаланинг. Улар ёпишқоқлик ҳиссини келтириб чиқармайди, теридан ёғлар ажралишини назорат қилади, яллиғланишга қарши таъсирга эга.

30 фоиз инсонлар қуёшда куйишни умуман безарар деб ҳисоблашади, бу эса мутлақ нотўғри қараш!

16. Теримга ёғли нарсалар суртишни ёқтирмайман. Тобланиш учун мўлжалланган мойлардан фойдалансам бўладими?

Албатта. Ахир қуёшдан ҳимояловчи замонавий воситалар терига бир текис ётади ва тезда сингиб кетади. Улар таркибида полимерлар мавжуд бўлиб, бу моддалар қуруқ терига суртилганда уни силлиқ қилади.

SPF-ҳимоя нима?

Қуёшдан ҳимояловчи кўпгина воситалар таркибини ўқиганимизда «SPF-ҳимоя» деган ёзув ва ёнида рақамларга кўзимиз тушади. Бу ҳимоя воситасининг махсус маркери бўлиб, уни тўғри танласангиз, қуёшда куймай, терингизни бир текис ва чиройли тоблайсиз. SPF-ҳимоянинг коэффиценти 2 дан 24 бирликкача бўлади ва зарарли ультрабинафша нурлардан ҳимоянинг уч даражасини билдиради:

  • кучли ҳимоя SPF 24-12
  • ўртача ҳимоя SPF 12-3
  • жадал тобланиш учун ҳимоя.

Тўғри ҳимояланиш учун арифметикани эсга оламиз. Қуёшда 15 дақиқагача туриб, терини куйдирмаслик мумкин. Ундан кейин ультрабинафша нурларнинг зарарли таъсири бошланади. SPF-ҳимоя индексини 15 га кўпайтириб, шу восита ҳимоясида қанча вақт қуёшда ўтириш мумкинлигини аниқлаш мумкин.

  • SPF 4 (4 х 15) – 1 соат
  • SPF 8 (8 х 15) – 2 соат
  • SPF 10 (10 х 15 ) – 2 соат 30 дақиқа
  • SPF 15 (15 х 15) – 3 соат 45 дақиқа
  • SPF 20 (20 х 15) – 5 соат.

Шаҳноза СОАТОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1