1

​Юз терисидаги тешикчаларни уй шароитида торайтириш усуллари

СУҒДИЁНА 20.06.2017, 12:10
​Юз терисидаги тешикчаларни уй шароитида торайтириш усуллари

Юз терисидаги тешикчалар орқали тери нафас олади. Демак, улар керак! Аммо улар кенгайган бўлса, чора кўриш шарт. Қуйида биз теридаги тешикчаларни уй шароитида торайтириш усулларини келтирамиз.

Нима зарари бор?

Аввало, бу тешикчаларни нима учун торайтириш кераклиги ҳақида икки оғиз сўз. Визажист, у қанчалар маҳоратли бўлмасин, юздаги доғлар, сепкиллар, ажинлар, қора нуқталар ва бошқа муаммоларни визуал жиҳатдан бартараф этиши мумкин, аммо кенгайган тешикчаларни ҳеч нима қила олмайди. Улар юзга суртилган пардоз воситаларини ўзига «ютади» ва тери худди ғалвирдек тешик-тешик бўлиб кўринади. Албатта, муаммо фақат макияж жараёнидагина юзага келмайди. Тешиклари кенгайиб кетган юз териси хира ва чарчаган кўринади.

Тешикчалар нега кенгаяди?

Кўпчилик тешикчалар ҳуснбузарлар туфайли кенгаяди, деб ўйлайди. Аслида, бу ягона сабаб эмас, агар терини мунтазам тозалаб турмасангиз, юзга суртилган упа-элик ва етарли миқдорда сув ичмаслик оқибатида, теридаги тешиклар кенгая бошлайди ва унинг ичига ёғ ҳамда кир тўпланади. Бундан ташқари, ирсий омил ҳам мавжуд, агар ота ёки онангизнинг юзида шундай муаммо бўлган бўлса, у сизга ҳам хавф солиши мумкин. Барвақтроқ эҳтиётингизни кўраверинг.

Уларни нима қилса бўлади?

Теридаги тешикларни торайтиришга ҳеч қачон кеч эмас ва вақтида чоралар қўллаб борсангиз, муаммони авж олган даражасида ҳам бартараф этишингиз мумкин. Унутманг, асосий талаб – терини яхшилаб тозалаш: кир ва ёғ тиқилиб қолган тешикчаларни торайтириб бўлмайди. Фақат ҳуснбузарлар ва яллиғланишдан халос бўлгандан кейингина терининг бу муаммоси билан шуғуллансангиз бўлади. Бунинг учун:

  • юзни мунтазам енгил пилинг қилишни унутманг – чўмила туриб махсус мочалка билан юз терисини ишқалаш, махсус пилинг воситаларидан фойдаланинг;
  • жуда иссиқ сувда чўмилманг ва терини иссиғ буғда намлантирманг;
  • кун якунида юзингизни макияждан яхшилаб тозаланг;
  • ҳеч қачон ҳуснбузарларни сиқманг;
  • ҳар қандай тозаловчи муолажалардан сўнг терини таранглаштирувчи лосьондан фойдаланинг (бундай тониклар таркибида қўрғошин оксиди бўлади ва у тешикчаларни бироз торайтиради);
  • ҳафтада икки марта юзингизга муз бўлакчаларини ишқаланг – муз терини таранглаштириб, тешикчаларни торайтиради.

Шунингдек, қуйидаги воситаларни ҳам тавсия этамиз:

  • Оқ лойдан ниқоблар қилинг: уни сув билан аралаштириб, бўтқа ҳолатига келгач юзга суртиш керак. Қуриб қолмаслиги учун вақти-вақти билан уни намлантириб, яъни устидан сув пуркаб туриш лозим. Узоғи 15–20 дақиқа ушлаб турсангиз етади.
  • Табиий мева кислоталаридан фойдаланинг: юзингизга қулупнай, узум ҳамда лимон шарбати қўшиб кўпиртирилган тухум оқини суртинг. Улар терини жуда яхши торайтиради.
  • Кундалик ишлатадиган кремларингизга турли эфир мойлари қўшинг.
  • Сули ёрмасини буғда юмшатиб, унга эзилган помидор қуйқаси ёки лимон шарбати қўшинг ва юзингизни шу аралашма билан ишқаланг. Ҳар қандай қимматбаҳо пилингдан ҳам яхши таъсир кўрсатади.

Кремларга ишонса бўладими?

Кўпгина косметологик маркалар тешикчаларни торайтириш учун воситаларни таклиф этадилар. Одатда бу маълум вақт давомида қўлланилиши керак бўлган воситалар бўлиб, фақат ташқи жиҳатдан фойда бериши мумкин. Чунки улар таркибидаги силикон тери юзасини юпқа қатлам билан қоплаб олади ва тешикчалар ёпилиб, тери силлиқлашгандек туюлади. Аслида, эса бу вақтинчалик ҳолат. Терини кремдан тозалаганингиздан кейин ҳаммаси аввалги ҳолатга қайтади. Муаммони ичдан бартараф этаман десангиз биргина воситага умид боғламай, қатор чоралар мажмуасини қўллашингиз керак.

ШАҲИНА тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1