Рамазон ойи тугаб, ойнага боқсак ёки торозуга чиқсак, аввалгидан сарвқоматроқ бўлиб қолганимизни пайқаймиз. Ҳа, ўзимиз сезмаган ҳолда анчагина озибмиз. Энди шу натижани сақлаб қолиш учун нима қилиш керак? Ошқозонимизга ортиқча юк туширмаслик учун-чи?
Соғлом турмуш тарзига риоя қилинг
Бу доим тарғиб ва тавсия қилинадиган усул. Рўзани тутиб бўлдим, энди бир бўлак пишириқни тақсимчамга солволиб сериалимни томоша қилсам ҳам бўлаверади, десангиз, хато қиласиз. Тез орада аввалгидан ҳам вазнингиз ошиб, танангизда қон айланиши бузилади. Кўзгу қаршисига боринг, қаранг, белингиз ингичка, бўксаларингиз озғин, кўйлакларингиз ярашиб турибди. Шу ҳолатда қолишни истайсизми ё яқиндагина сотиб олган кўйлагингизни кия олмай аламда ўтишними? Тўғри қарор қабул қилишингизга шубҳамиз йўқ.
Спортзалга ёзилинг
Сийқаси чиққан гап бўлса-да, айни ҳақиқат. Ёз ойлари спортзалга атайлаб боришнинг ҳам ҳожати йўқ. Югуриш, юриш, велосипед учиш – хуллас, вариантлар кўп. Балки кимдир уй кўтариш, гилам ювишни маъқул кўрар, бу ҳам бўлаверади. Хуллас, мушакларингиз фаол ҳаракатда бўлиши керак, ана шунда танангиз ёғ йиғмайди.
Таомномангизни қайта кўриб чиқинг
Ҳар нарсадан ўзингизни тийинг демаймиз. Фақат нима еяётганингизни назорат қилиб боринг. Кундузи бир бўлак торт едингизми, демак кечқурун салат ёки ярим коса қайнатма шўрва билан кифояланинг. Ёз неъматлари – бақлажон, қовоқча, карам, гулкарам каби сабзавотлардан турли салатлар тайёрлаб есангиз бўлади.
Гардеробингизни янгиланг
Ёз мавсумига бир неча енгил кўйлаклар сотиб олинг. Доим ҳозирги ўлчамларингиз ва вазнингизни сақлаб турсангиз, бу кўйлакларни маза қилиб кияверасиз, ҳатто кейинги йиллар ҳам. Янги қоматни чиройли кўрсатувчи либослар семириб кетмаслик учун яхши рағбат бўлади.
Нимадан семиришингизни аниқланг
Агар табиатан тўлаликка мойиллигингиз бўлса, вақти-вақти билан парҳез тутиб туришга мажбурсиз. Туғруқдан кейин семирган бўлсангиз, махсус машқларни бажаришингиз керак. Агар стресслар туфайли кўп овқат еб семираётган бўлсангиз, туяқушга ўхшаб бошингизни қумга, йўғей, музлаткичга тиқмай, ўша стрессларни бартараф этишингизга тўғри келади. 200 грамм шоколаддан оладиган эндорфинингизни югуриш йўлакчасидаги машқлар билан ҳам топа оласиз.
Тақиқлар эмас, янги имкониятлар ҳақида ўйланг
Севимли кўйлакка сиғишми ёки ҳансирашдан қутулишми – фарқи йўқ, нима сиз учун рағбат бўла олса, ўшани деб ҳаракат қилинг. Унутманг, ортиқча вазндан халос бўлиб, сиз нафақат чиройли қоматга эга бўласиз, муҳими, саломатлигингизни тиклайсиз. Йўқотганлардан фақат килограммларингиз, топганларингиздан эса гўзаллик ва саломатлигингиз ҳақида ўйланг.
Қандай овқатланиш керак?
- Мевалар, сабзавотларни кўп енг, уларда клетчатка кўп бўлиб, қоринни тез тўйдиради.
- Яхшилаб чайнанг. Овқатланиш пайти сокин мусиқа қўйиб қўйсангиз, у бир маромда, шошилмасдан чайнашингизга ёрдам беради. Кўп чайнаган одамнинг қорни тез тўяди, демак камроқ ейди.
- Овқатланишни салат ва сабзавотли шўрвадан бошланг. Шунда иккинчи, яъни кўп калорияли таомдан кам ейсиз.
- Сабзавот ва меваларнинг шарбатини ичманг, ўзини енг. Ҳам клетчатка оласиз, ҳам тезроқ қорнингиз тўяди. Шарбатлар эса аксинча иштаҳани қитиқлайди.
- Шакарни камроқ енг. Чой ва кофени шакарсиз ичишга одатланинг.
- Чанқоқни очликдан фарқлашга ўрганинг. Қорнингиз очса, дарров овқатга ёпишманг, аввал бир пиёла тоза сув ичиб кўринг. Бироз кутинг, овқат егингиз келмай қолиши ҳам мумкин. Сизни очлик эмас. Чанқоқ қийнаётган бўлади.
- Тишингизни тез-тез ювиб туринг. Тоза тиш билан дарров овқатга ўтиргингиз келмайди, оғиз бўшлиғидаги тозаликни узоқроқ сақлашни истайсиз.
Асосийси, рўза тутиб, камроқ овқатланишга ўрганган организмингизга қулоқ солинг, уни зўриқтирманг.
Шаҳноза СОАТОВА тайёрлади.






