Сиз бир-бирингиз ҳақингизда жуда кам ахборотга эгасиз, билганингиз ҳам бошқаларнинг таассурот ва талқинларидан иборат. Ўзинг яхши билмаган, кўрмаган одам билан учрашувга чиқиш жуда ноқулай, бироқ бўй қизларнинг жуда кўпчилиги бутун умрлик жуфтини топиш учун бунга мажбур. Хўш, тамомила бегона инсон билан учрашув камида томонларда ёқимли таассурот қолдириши, кўпида никоҳ оқшоми билан давом этиши учун қизлар нималар қилиши керак?
Биринчи қадам: мосроғини танланг!
Хонадонингизга вакили келган ҳар бир номзод билан ота-онангиз сизни учраштиравермасликлари аниқ. Ҳар ҳолда қиз бола деган номингиз бор, попук қанд сув етмайдиган жойда асралганидек, қизпошшалар ҳам кўпчилик кўзидан нари қилинади. Ота-онангиз таъриф-тавсифлари, насл-насаби кўнгилдагидек бўлган йигит билангина бирров учрашиб кўришингизга рухсат беришади. Демак, сиз дуч келгани билан эмас, ҳеч бўлмаганда уйингизга икки марта совчи юборган йигит билан учрашувга чиқасиз. Бу орада вакиллар сизникиларга унинг исмини, ёшини, қаерда ўқишини, нималар билан машғул бўлишини минимум тарзда етказишган бўлади. Учрашувларда йигит-қизларнинг бирдек жиғига тегадиган савол: «исмингиз нима?». Баъзан ўзингизда аниқ жавоби бор саволларни сўрайвериш одатингизни йўқотинг. Аммо лом-мим демай, фақат «ҳа-йўқ» ўйинини ўйнасангиз, суҳбатдошингиз ўзини сизга манзур бўлмагандек ҳис этиб, ҳатто сизга ёққан бўлса ҳам, совчиларини қайта жўнатмаслиги мумкин.
Иккинчи қадам: ташкиллаштиришингиз мумкин!
Бизда учрашув жойини кўпинча йигит томон белгилайди. Севишганларда эса аксинча, қизнинг хоҳиши бирламчи ўринда бўлади. Агар биринчи учрашувдаёқ сиз томонга «қаерда учрашсак бўлади?» деган таклиф тушса, албатта, одамлар кўп бўладиган, жамоат жойини танланг. Анъанавий учрашув жойи — хиёбон. Ўқиш ва ишхона жамоатга тўла бўлгани билан сиз учун қулай жой эмас, хаёлингиз тарқоқ ва ҳаяжонингиз кучли бўлади. Таниш-билишлар, домлалар-курсдошлар, бошлиқ-ҳамкасблар билан сўрашишга тўғри келиб қолиши эҳтимоли ҳам юқори. Кино, театр — cуҳбатдошни яқиндан ва ҳар томонлама билиб олиш учун қулай масканлар, бироқ биринчи учрашув бу ерларга боришга сал эрталик қилади.
Учинчи қадам: қулайлик энг муҳими!
Бозордан олинган янги, баланд пошнали туфлингиз ёки тўйга кийиб борадиган либосингиз, жимжимали, серҳашам турмак ва пардоз ҳақида унутинг! Сочингиздан тортиб, тирноғингизгача қулай бўлиши шарт! Ҳали бирор марта қилиб кўрмаган пардозни эксперимент қилишдан, кийиб кўрмаган либосни синаб кўришдан воз кечинг. Чунки ўзингизни бу ҳолатда баҳолай олмай қийналасиз. Бутун хаёлингиз ташқи кўринишингиз ҳақида бўлади. Рўпарангиздаги инсонга нималар ёқишини билмаганингиз ҳолда, пардоз ва либоснинг ёрқинлик даражасини камайтиринг. Ҳамма нарса одатий кундан бирозгина фарқ қилиши мумкин. Шунда сизнинг «боримча қабул қилсин» деган орзунгиз амалга ошади.
Тўртинчи қадам: хотирангизни ўткирланг!
Руҳшунослар «энг биринчи таассурот — энг тўғри таассурот» деб таъкидлашади. Суҳбат чоғида ўз эмоция ва ички монологларингизни кейинроқ яхшилаб анализ қилиш учун эсда сақлаб қолишга ҳаракат қилинг. Учрашувдан сўнг барча яқинларингизнинг «у нима деди, сен нима дединг, энди нима дейсан?» қабилидаги саволларига жавоб топиб беришингиз керак ахир!
Бешинчи қадам: камтарлик ва камгаплик чегарасини билинг!
Йигитни маълумот ва ахборотларга «кўмиб» ташламанг. Бу шундай паллаки, гапиришдан кўра тинглаш кўпроқ фойда келтиради. Ҳамроҳингизни кўпроқ гапиришга рағбатлантиринг, саволлар бериб, унинг нутқи, фикрлари, хатти-ҳаракатини кузатинг. Биринчидан, йигит ўзи ҳақида қизиқаётганингиздан хурсанд бўлади, иккинчидан, сиз у ҳақда кўпроқ маълумотга эга бўласиз ва бир қарорга келишингиз осонлашади.
Олтинчи қадам: ваҳима қилманг!
Учрашув давомида енгилгина ҳаяжон бўлгани дуруст. Агар қаршингиздаги инсоннинг мақбул жиҳатлари кашф этилаверса, сиз ҳам шунчалик эркинлашаверасиз. Сиз учрашувга чиққан йигит қандай бўлмасин, унга ҳеч бўлмаса 15 дақиқа вақт ажратишга ўзингизда куч топинг. Ҳатто бўйи сиздан
Еттинчи қадам: аниқ қарор қабул қилинг!
Агар учрашувнинг бошидан то охиригача йигит кўнглингизга маъқул тушмаган бўлса, ўзингизни ҳам, атрофдагиларни ҳам қийнаманг. Яна бир марта учрашиб, мақбул жиҳатларини қидириб кўриш, икки ўртада умумий қизиқишларни топишга уриниш кўпинча самарасиз кечади. Дунё ва ҳаётга бўлган муносабатларингиз кескин фарқланса, мақсадларингиз бир йўлда кесишмаса, иккиланиб, мўъжиза кутиб ўтирманг ва йигитнинг ҳам, ўзингизнинг ҳам йўлингизни боғламанг.
Бундай кўр-кўрона учрашувлар муваффақиятсиз кечса, ҳеч тушкунликка берилманг. Бири бўлмаса, бошқаси, бугун бўлмаса, эртага! Тажрибангиз ошиб, орзуингиздаги йигитни узоқдан ҳам таниб оладиган ҳолатга етганингизда бирдан бахтингиз очилиб кетиши аниқ! Фақат ҳозирча умидни сўндириб, ишончни ўлдириб қўйманг!
АЗИЗА