АсосийSUG'DIYONA

​“Турмушга чиқяпман, аммо кўнглим ўзгада...”

'​“Турмушга чиқяпман, аммо кўнглим ўзгада...”'ning rasmi

“ Сизларга бу смсни минг бир хижолат бўлиб жўнатаяпман. Икки ҳафтадан кейин тўйим. Турмушга чиқаётган йигитим яҳши инсон, тушунган. Бироқ менинг кўнглим ўзгада. У билан уч йил аввал аҳд-паймон қилгандик. Ота-онам оиласи бизга мосмас, дея совчиларини бир неча бор рад этишди. Улар танлаган йигит билан қонуний никоҳдан ҳам ўтдим. Кўнгил қўйганимни эса унутолмаяпман. Бу дард билан оила қурсам, бахтли бўлмаслигимни, тўйдан сўнг уни ўйлашим ҳам гуноҳлигини биламан... Лекин нима қилай, юрагимга буйруқ беролмасам...”

Насиба, Самарқанд вилояти

Агар юракка буйруқ бериб бўлганида, ер юзидаги ҳеч бир инсон севги нашидасини тотмасди. Ҳаммаси биз истагандек бўлганида эса ҳаётнинг ҳам, энг муқаддас туйғуларнинг ҳам қадри йўқоларди.

Англаганингиздек, бугун «кундалигимиз»да муҳаббати армонга айланган қизлар билан дардлашамиз.

Тўй олди стресс

Турмушга чиқаётган қизларнинг деярли барчасини «Шу инсон билан тақдиримни боғлаб, тўғри қилаяпманми?» деган савол ўйлантириши шубҳасиз. Муҳаббати армонга айланганларнику инчинун. Иккиланишларга нуқта қўйиш ҳам осонмас. Тушунамиз, сизни ҳозир «Нега бизнинг муҳаббатимиз бундай якун топти?» деган савол қийнаяпти. Тўғри, ота-онангизнинг талаби ва танловини рўкач қилиб кўрсатасиз. Аммо аслида ҳаммаси ўз қўлларингизда эди. Севган йигитингиз билан охиригача курашсангизлар, балким тақдирларингиз қўшилармиди? Энди эса тақдирингизни тан олишдан бошқа чорангиз йўқ. Пешанангизга ёзилганини қабул қилинг, чунки минг қийналманг, минг уринманг, ҳукм ўқилди. Баъзида бизга истаганларимиз эмас, қисмат раво кўрганлари бахт келтиради.

Бахтингизни чўчитманг!

Сизда қўрқув, ҳадикдан ҳам кўра кўпроқ норозилик кучли. Шу сабаб бахтли бўлишимга кўзим этмаяпти, дея ўзингизни жабрдийдага айлантираяпсиз. Бу кайфият, фикр, албатта, бошингизга қўнаётган бахт қушларини учириб юборади. Ҳаёлингиздан бундай фикрларнинг ҳаммасини чиқариб ташлашга ҳаракат қилинг. Ўтмишга қараб, келажак ҳақида фол очманг. Янги ҳаёт остонасидасиз — эзгу ниятлар билан у томонга қадам ташланг. Бўлажак куёвни яхши инсон дея таърифладингиз, у ўзининг фазилатлари билан қалбингизни забт этишига ишонинг. Ваҳоланки, севги қиссангизнинг ёр-ёрга уланиши бахтли яшашингизга 100 фоиз кафолат беролмасди. Кўпчилик баҳтли жуфтликлар таъкидлаганидек, муҳаббат меҳнат талаб этади, синовларда тобланади.

Собиқ йигитни қайғуриб...

Кўпчилик қизлар аҳдлашганига эмас, ўзгага турмушга чиқаётганида йигитига ачиниб, унга бевафолик қилаётгани учун ота-онасини айблашади. Аввало, кўнгил қўйганингиз янада журъатли бўлганида, бармоғингизга бошқаси никоҳ узугини тақишига йўл қўйиб бермасди. Ахир йигитларнинг қизлардан кўра бу борада имкониятлари кўпроқ ва кенгроқ эканлигини биламизку! Қолаверса, ота-она дилбандига ҳеч замон ёмонлик тиламайди. Уларни ҳам, ўзингизни ҳам айблашдан тўҳтанг. Шунда кўнглингиздаги бу муҳаббатнинг чўғлари аста-секин ўчади. Бунинг учун ҳис-туйғуларни жиловлаш, иродали бўлиш лозим. Ҳадеб айрилиққа учраганингиз ҳақида ўйлайверманг, иложи борича бу мавзуда бошқалар (масалан севгингиздан хабардор дугонангиз билан) гаплашманг, собиқ йигитингиз билан видолашиш ҳақида ҳар хил романтик режалардан йироқ бўлинг. Унга ич-ичингиздан бахт тиланг. Унутманг, қачонки юрагингиз эски туйғулардан бўшайди, кейин унга янгиси ташриф буюради.

Кеча радиода хонанда Улуғбек Раҳматуллаевнинг «Қирмизи олма» таронасини эшитиб қолдим. «Тўйгача севги бир орзу-ҳавас, ҳақиқий севги кейин бўларкан», деган жумлалар бор нақоратида. Сиз ҳам эшитгансиз, ҳойнаҳой. Оппоқ келинлик либосини кийиш арафасида турган қизлар, қалбингизни тўй садолари остида ҳақиқий муҳаббат асир этишини тилаб қоламиз.

ДУГОНАНГИЗ

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар