АсосийSUG'DIYONA

ОШИҒИНГИЗНИНГ «SMS»ЛАРИ. У ҲАММАСИНИ ОШКОР ЭТАДИ

'ОШИҒИНГИЗНИНГ «SMS»ЛАРИ.  У ҲАММАСИНИ ОШКОР ЭТАДИ'ning rasmi

Эрта-ю кеч орзу қиладиган оқ отли шаҳзодани учратиш бахтига мушарраф бўлдингиз: у ақлли, чиройли, хушчақчақ. Сизга эса хаёлингизда чарх ураётган бир ўй тинчлик бермаяпти: «У ҳам меникидек туйғуларни ҳис қилаётганмикан?” Бу саволга жавоб топиш учун «SMS» ёзишмаларингизни таҳлил қилишнинг ўзи кифоя.Биринчи учрашувингиздан қанча вақт ўтиб у «SMS» ёзди?

1. Биринчи учрашувингиздан қанча вақт ўтиб у «SMS» ёзди?

А) Бир соатдан камроқ. Уйга етган заҳотим телефонимга «SMS» келди.

В) «SMS» келгунга қадар, чамаси, беш соат ўтганди, яхшигина ҳаяжонланишга ҳам улгурдим.

С) Мен иккита «SMS» ёзганимдан сўнг хабар олди.

2. Унинг «SMS»ида нималар битилган?

А) «Сиз билан вақтим жуда чоғ ўтди. Ҳафтанинг яқинлашаётган жума кунида кўришишга қаршилик билдирмайсизми?»

В) «Уйга яхши етиб олдингизми?»

С) «Сизни яна бир кўрмасам бўлмайди! Эртага борсам майлими?»

3. Ошиғингиз сизга қанчалик тез «SMS» жўнатади?

А) Бир кунда битта ёки ундан ҳам кам.

В) Бир кунда ўн марта, баъзан эса бир соатда.

С) Кун давомида биттадан ўнтагача.

4. Одатда жавоб қанча муддатдан сўнг келади?

А) Севгилим ҳар доим бир неча сония ичида жавоб ёзиб юборади.

В) Кўпинча ўн дақиқаларда.

С) Ҳар сафар ҳар хил: баъзан тез жавоб ёзади, баъзан эса ярим кунлаб кутишимга тўғри келади. «SMS»га жавобни кеч ёзгани учун доим баҳонаси тайёр туради.

5. Қуйидаги хушомадларнинг қайси бири сизнинг Мажнунингиз «қаламига мансуб» бўлиши мумкин?

А) «Сиз билан ўзимни анчагина енгил ҳис қиламан! Худди бир-биримизни сўзсиз тушунадигандекмиз! Мен билан бунақаси биринчи марта содир бўляпти!»

В) «Бугун жуда жозибали кўринишда эдингиз».

С) «Сиз пиширган пирогдан ширинроқ нарса емаганимни тан олсам хафа бўлмайсизми?»

6. «Оқ отли шаҳзода»нгиз сизга қандай севги номаларини йўллайди?

А) Камдан кам, лекин ҳар учрашганимизда ҳис-туйғулари ҳақида сўз очади.

В) Қачонлардир шундай ёзганди: «Сиз мени ҳушимдан айираяпсиз!» Туйғуларини бир мартагина фақат шу жумла билан ифодалаган, унинг асл маъносини ҳанузгача тушунмайман.

С) Ҳар доим севги изҳори ёзилган «SMS» келади. Бундан хурсандман, фақат бир хилликдан қочиб, чиройли сўзларни танлашни ўрганганида янада қувонардим.

7. Эрта тонг. Соат 5:00. Ундан бу вақтда қандай «SMS» келиши мумкин?

А) «Кўзимга уйқу илинмади! Сизни жуда кўргим келяпти...»

В) «Хайрли тонг! Уйғотиб юбормадимми? Кеча учрашганимизда сумкангизда дастрўмолчам қолиб кетмабдими? Ҳеч қаердан тополмаяпман-да!»

С) «Тезроқ турмуш қуришимизни истайман!»

8. Одатда у «SMS»ларнинг ташкилотчиси бўладими ёки фақатгина саволларингизга жавоб қайтарадими?

А) Иккинчи вариант: кўпинча «SMS» ёзишни ҳам, суҳбатни ҳам мен бошлайман.

В) Баъзан ундай, баъзан бундай. Ким кўпроқ соғинса, ўша биринчи қадамни қўяди.

С) Биринчиликни қўлдан бой беришни истамайди! Эрта тонгда уйқудан кўзимни очишга ҳам улгурмасимдан телефонимга «SMS» келади: «Сизни севаман!»

9. Йигитингиз билан янги танишган кезларингиз бир ҳафталик хизмат сафаридан қайтиб келди. Сиздан узоқда бўлганида «SMS» ёзишга вақт топдими?

А) Ҳа, аммо кам ва иш юзасидан. У менга қисқагина «SMS»чалар ёзиб турди.

В) Нимасини айтасиз?! У мени севги изҳори ёзилган хабарларга кўмиб ташлади.

С) Бор-йўғи бир нечта «SMS» ёзди. Уларнинг ҳар бири ошиғимнинг ҳис-туйғулари ҳақидаги кичик достон эди. Уларни ёдлаб олишга ҳам улгурдим!

10. Кечки пайт кўпинча қуйидагича «SMS»лар ёзади:

А) «Бугунги кун яхши ўтдими? Сизни жудаям соғиндим...»

В) «Сизни зудлик билан кўрмасам бўлмайди! Қаерга десангиз ўша ерга учиб етиб боришга тайёрман!»

С) «Қорним жудаям очди! Балки бирон жойда кўришиб, овқатланармиз?»

11. «SMS» орқали тез-тез ҳазиллашиб турасизларми?

А) Ҳа, лекин юзма-юз ўтириб гаплашганга нима етсин!

В) Биз доим қувноқ «SMS»лар билан бир-биримизни хурсанд қилишга одатланганмиз.

С) Афсуски, йўқ. У ҳазиллашишни кўп ҳам ёқтирмайди...

12. «Тит-тит-тит...» Тонгда сизни «SMS» келганидан дарак берувчи жаранг уйғотиб юборди. Унда нима деб ёзилан бўлиши мумкин?

А) «Хайрли тонг, севгилим! Қаҳва ичяпман, сизсиз томоғимдан ўтиши қийин бўляпти...»

В) «Хайрли тонг, менинг маликам! Сиз билан бирга нонушта қилишни қанчалар орзу қиламан! Кун давомида кўришамиз деган умиддаман!»

С) «Салом! «Болалар» гуруҳининг дискини тополмаяпман. Мабодо уни сизга бермаганмидим?»

Тест натижаларини ҳисобланг:

А

В

С

1.

2

3

1

2.

1

3

2

3.

3

2

1

4.

2

3

1

5.

3

1

2

6.

3

1

2

7.

3

1

2

8.

1

3

2

9.

3

2

1

10.

3

2

1

11.

3

1

2

12.

3

2

1

Тестнинг натижалари:

12 баллдан 19 баллгача

«Танго ритмидаги ишқий саргузашт»

У ҳар доим ҳам «SMS»ингизга жавоб бермайди. Нима учун деган саволга «Телефонимнинг қуввати тугаб қолибди» ёки «Ишларим бошимдан ошиб-тошиб ётибди» каби баҳоналари бор. Агар чиндан хоҳласа, ҳар қачон ҳам қисқагина «SMS» ёзишини ёки телефон учун қувватини тўлдира олиши мумкинлигини яхши тушунасиз. Ошиғингизга шунчаки кўнгилхушлик керак эмасмикан? Тўғри, унинг ҳушомадлари жуда ёқимли, аммо самимий эмас. Жиддий муносабатлар тарафдори бўлмасангиз, у ҳолда сизга бу йигит мос келади. Бироқ умр йўлдошим деб қабул қилиш ниятида бўлсангиз, танловда адашасиз. Яхшиси, вақт борида қочиб қолинг!

20 баллдан 28 баллгача

«Истасанг бу фалакдан ойни олиб бераман...»

Ишонинг, у сизни «қулоғининг учигача» севиб қолган! Шунинг учун ҳам тинмай эҳтиросларга бой «SMS»ларни ёзаверади: «Маъсум нигоҳингиз ҳамон кўз олдимда!», «Сизни жудаям соғиндим!» ёки «Бугун учрашайлик!» Бундай шошилинч бахтдан карахт бўласиз, ошиғингиз эса никоҳ узугини танлаш билан овора. Аввалига бундай муносабат ёқимлидек туюлса-да, вақт ўтгани сари кишини бироз толиқтиради. Нима учун у воқеалар ривожини бунчалик тезлаштиряпти? Чунки сиз жуда кераксиз! «SMS»ларига жавоб бермаслик билан Мажнунингиздан қочиб қутулолмайсиз. Маслаҳатимиз, ўзаро муносабатларингизни муҳокама қилиб олинг, ахир иккингизга ҳам шунчаки ишқий саргузашт эмас, балки бир умрга қўша қариш бахти керак-ку!

29 баллдан 36 баллгача

«Бир-бирингиз учун яралгансиз!»

Сиз уни, у эса сизни севади. Бир кун келиб романтикага бой учрашувлар, дилтортар «SMS»лар, қувноқ суҳбатлар ниҳоясига етса ҳам барибир иккингиз идеал жуфтлик бўлиб қолаверасиз. Чунки ҳар иккалангиз ҳам бу нарсаларнинг ўткинчи эканлигини биласиз, тушунасиз. Қолипларни ёқтирмайсиз. Телефон қилмаса, «SMS» ёзмаса, жиғибийрон бўлмайсиз, қалбан бир-бирингизни ҳис қилаётганингизнинг ўзи кифоя. Баъзида шунчаки эрта тонгдан кайфиятингиз қандайлиги билан қизиқади. Бу кичик бир эътибор катта муҳаббатдан дарак эмасми?

«SMS»лашиш илми ёхуд йигит кишини бир нечта хабарлар ёрдамида ўзиники қилиш санъати

  • «SMS»нинг узунлигидан қарама-қаршингиздаги инсон сизга қанчалик қизиқарли эканидан дарак беради. Ҳамма қарталарни бирдан очишни истамасангиз, 30-50 та ҳарф ишлатибгина «SMS» ёзишга ҳаракат қилинг.
  • Ишқий номалар йўллашни хоҳласангиз, яхшиси, кулгу рамзларидан фойдаланманг. «SMS» ёрдамида ҳазиллашиш ёки эркак кишининг юрагига қутқу солиш учун унинг ҳис-туйғуларини бироз жунбушга келтиринг. Диққат-эътибори фақат сизда бўлсин. Масалан, аввалига «Сизни жуда яхши кўраман!» деб ёзинг, бир соатдан сўнг эса “Вой кечирасиз, адашиб ёзиб юборибман. Бу ойижонимга аталган «SMS» эди».
  • Баъзан қаторлаштириб қўйилган ундовлар ёки уч нуқталар «SMS»га жиддий тус бериши мумкин. Ёқтирган кишингизга ўта жиддий кўринишни истамасангиз, тиниш белгиларини меъёрида ишлатинг.
  • «SMS» андозалардан ёки бир қолипдаги сийқаси чиққан шеърлар ёки гаплардан камроқ фойдаланишни тавсия этамиз. Билингки, йигитингизга сизнинг юрагингиздан чиққан бир жумла ўн қатор шеърдан кўра афзалроқ.


Дилноза МИРТОЛИПОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар