Аёл кишининг оилавий ҳаётида онанинг ўрни катта. Қизларни турмушга тайёрловчи ҳам волидаи муҳтарамимиздир. Аммо баъзида истисно ҳолатлар ҳам бўлади. Яъни айнан оналарнинг аралашуви сабаб оилаларнинг пароканда бўлиши кузатилади. Ёки уларнинг мажбурлови туфайли аёллар ўзларини қурбон қилиб, бахтдан мосуво яшашларига тўғри келади. Англаганингиздек, бугун оналар ва қизлар ўртасида оилавий масалада муаммо юз берган вазиятларга кўзгу тутамиз.
«Боламни хор қилишаяпти...»
Каромат, 62 ёш: — Уч қизим бор. Катталарини таниган-билган, ўзимизга мос оилага узатдим. Шаҳло эса минг қаршилик қилмайлик, қайсарлик билан ўзи кўнгил қўйган одамга турмушга чиқди. Тан оламан, аввалбошдан қудаларимни хушламагандим. Билгандим, болам бу оилада бахт тополмаслигини. Ноилож кўнгандим-да. Энди ўшанда қаттиқ турмаганимдан афсусдаман. Яқинда Шаҳло ёш боласини қайнонасига ташлаб, ишга чиқишга мажбур бўлди. Мактаб билан уй ўртасида сарсон. Тағин, бутун бошли ҳовлининг юмуши ҳам бўйнида. Қайнонаси ойлигини тийин-тийинигача олгани етмагандек, қизимга кун бермайди. Яқинда акам ўғлини уйлантирди. Тўйга Шаҳлони жўнатишмади. Майли, дедим. Боласи касал бўлиб қолгач, қайнонаси шифохонада ўзи олиб ётди. Чунки қизим бир кун ишдан қолса, пули кесилади-да. «Ўзингни хор қилавермасдан, қадрингни билдириб қўй», деб уйга олиб келдим. У эса яна ўша зулматхонасига қайтиб кетмоқчи.
Ойдин, 27 ёш: — Турмушга чиқаётганимда ойим «Бир кун ҳали афсус қиласан», дея айтганди. Ўшанда уларнинг йўриғига юрмаганим учун аччиқ қилаяпти-да, дегандим. Аммо аламлари ҳеч тарқамаяпти. Тўғри, келинлик оиламнинг сал қўли калтароқ. Бунинг устига, эримнинг ишлари шу кунларда орқага кетган. Болам қайнонамга кўнгани учун ишга ўзим чиқдим. Шифохонада ҳам шу сабаб ўғлим бувиси билан ётди. Бунинг нима ёмон томони бор, билмайман? Тўйга юборишмагани сабаби эса ойим бир ҳафта олдин қўнғироқ қилиб, қайнонамга яхши тўёна бериш шартини қўйганди.
Қиз бўлиб ойим билан дардлашсам, «ажраштираманга» тушиб қолади. Шундоқ ҳам ҳар икки гапнинг бирида «Ўзинг танлагансан», дея иддао қилади. Бу томонда қайнонам ойимнинг ҳали телефонда, ҳали уйга келиб, назорат қилиши-ю насиҳатлари сабаб кўзимни очирмайди. Ажрашсам, онамнинг кўнгли жойига тушади, шекилли...
Кўзгу нима дейди? — Каромат опа, сизга алам тинчлик бермаяпти, тан олинг. Кенжангизга гапингиз ўтмагани учун унинг турмушидан камчилик қидираяпсиз. Муддаонгиз нима? Шаҳлога онасига қулоқ осмагани салбий оқибатларга олиб келишини исботлашми? Хўш, буни исботлаб нимага эришасиз? Қизингизнинг турмушидан кўнглини совитиб юбормайсизми? Уйга олиб келиб, бағрингизга босиб ўтирсангиз, қайнонаси олдида обрўси, қадри ошиб қоладими? Янглишасиз! Куёвингизга ҳам, қудангизга ҳам бу ҳаракатингиз ёқмаслиги тайин. Чумолидан фил ясаманг-да, дарров қизингизни олиб, уйига боринг. Беҳуда ғурурингизни бир четга суриб, узр сўранг қудалардан. Шаҳлога ҳам босим ўтказмасдан, уни қўллаб-қувватланг, илҳомлантиринг, токи борган жойида тошдек қотсин, ўрнини топсин. Ишлаб, оиласининг кам-кўстига қарашаётганини тўғри қабул қилинг, демак, оқила қиз тарбиялабсиз.
Унутманг, ниятинг — йўлдошинг, деган нақл бор ҳалқда. Қизингизга чин кўнгилдан бахт истанг, унинг бахтли бўлишига ишонч билдиринг.
Шаҳло, кенжа қиз бўлганингиз туфайли ҳам сизни онангиз ўз ҳолингизга қўйиб қўёлмаяпти. Бунинг устига, тақдирингизни ўзингиз ҳал қилгансиз. Энди ягона чорангиз, келинлик уйингизнинг яхшисини ошириб, ёмонини яшириш. Онангизга ҳамма гапни ҳам билдирмаслик йўли билан у кишининг турмушингизга аралашаверишига чек қўясиз. Қайнонангиздан эса миннатдор бўлинг, болангизни парваришлаётган, хасталанса, ўзи шифохонада олиб ётган экан, сизга нисбатан дилида асло ғаразлиги йўқ.
«Онамга дардимни айтолмайман...»
Маҳфуза, 55 ёш: — Қизимнинг ёши ўттиздан ошди. Аммо ҳалиям улғайгани йўқ. Икки боласи билан турмушидан ажрашармиш. Нега бу қиз сабр, чидаш нималигини билмайди? Насиҳат қилай десам, «Мажбурлаб узатгандингиз, жабрини мен тортаяпман», дея ўтган кунларни юзимга солади. Мана, икки ойдирки уйда. Куёв ҳам ўзи нобопроқ чиқди. Шу пайт ичида хабарини ҳам тутмади. Қудамдан-ку, садо йўқ. Уларнинг ўзларини бундай тутишлари менинг ҳам кўнглимга тегади, лекин аччиқ устида қизимни ажратишни истамайман. Эри ҳам бир кун қуйилиб қолар. Қолаверса, яна икки қизим бор. «Опаси ажрашган экан», деган гап уларнинг тақдирига таъсир қилишидан қўрқаман. Икки боласи билан уйига ўзим олиб бориб қўйсаммикан яна?
Ҳафиза, 33 ёш: — Агар бошқа борадиган жойим бўлганида, ҳеч қачон ота уйимга йиғлаб келмасдим. Ҳар доим ойим шунақа қилади. Мен билан умуман ҳисоблашмайди. Топган куёви билан яшайман, деб асабларимни бой бердим, соғлигим ҳам адо бўла келди. Қизларимнинг ҳам асаблари чарчаган. Дадасининг ичиб келиб, жанжал қилишларидан улар ҳам безиллиб қолишган. Энг ёмони, эримнинг қинғир йўлларга юришининг жабрини мен тортаяпман. Доим даволаниб юришим керак. Йўқ, бунақа яшаб бўлмайди-ку! Ойим сингилларимни ўйлаяпти, менинг кундан-кун нураб бораётганимни хаёлига ҳам келтирмайди... Тўғри, у кишига ҳамма гапни айта олмайман. Шунинг учун мени сабрсизга чиқарар балким...
Кўзгу нима дейди? — Маҳфуза опа, қизингизнинг ўттиздан ошганини таъкидлаяпсиз-у, аммо унинг ўзини ёш бола эмас, аёл, она сифатида ҳис қилишга йўл қўймаяпсиз, ҳамон у учун қарор чиқаришда давом этаяпсиз. Энг ёмони эса унинг кўнглига қулоқ тутмайсиз. Дардларини эшитишни билмайсиз. Хафа бўлманг-у, сизнингча нима бўлса ҳам, қандай бўлса ҳам, у ўзи истамаган жойда зулмга чидаб яшаши керакми? Ўзингизга маълум, ҳеч бир аёл оиласи бузилишини хоҳламайди. Жумладан, қизингиз ҳам. Гарчи бахтсиз турмушига сизни айбласа-да, ҳозир оиласи пароканда бўлаётганидан шоду хуррам эмасдир? У қадр истаяпти, меҳр кутаяпти. Аввало, сиздан. Сиз уни қайта-қайта уйига олиб бориб ташлаб келган тақдирингизда, болангиз борар жойи йўқлигидан чидаб кун ўтказиши мумкин, холос. Бироқ эри инсофга келиб қоладими? Қайнонаси келинини ҳурмат қилиб бошламайдими? Йўқ, чунки бу борада ўзингиз уларга ўрнак кўрсатгансиз.
Қизингизга қарор чиқариш имконини беринг. «Сингилларингнинг бахтига тўсиқ бўласан», деб уни сиқувга олманг. Аслида, опасининг ажрашган-ажрашмагани эмас, уларнинг ўзини қанчалик қадрлашлари ва ўзларига бўлган ишончи келажак ҳаётларида муҳим роль ўйнайди.
Ҳафиза, ўзингизга савол беринг: онангизни айблаш учун бу турмушга нуқта қўймоқчимисиз ёки ўзингиз ва фарзандларингизни асраш мақсадидами? Жавобингиз тарозининг қайси палласини босишига қараб хулоса қилинг. Ажрашган аёлга осон бўлмайди. Лекин инсон саломатлигига хавф туғилаётган жойдан кетиши талаб этилади. Сизнинг вазиятингизда балким ўзингиз учун ҳам, қизларингиз учун ҳам нобоп эр билан муносабатларни узиш тўғри бўлар? Бу фикр хаёлингизга келгани шубҳасиз, шунчаки қарор қабул қилишга чўчияпсиз, ўзингизда куч тополмаяпсиз. Онангиздан мадад кутаяпсиз. У сизни қўллаши учун дилингиздагиларни таъналардан холи тўкиб солинг. Бир пайтлари мажбурлаб турмушга узатганини бирзум хаёлингиздан чиқариб, фарзанд, аёл сифатида дардлашинг. Онангизни тушунинг, у ҳам ўзини кечира олмаяпти, шунинг учун сизни оилангизга қайтаришга уринаяпти. Дилдан гаплашиб олсангизлар, ҳаммаси ойдинлашиб, қарорингиз томон бирга қадам ташлайсизлар.
«Мақсадимиз — оилани асраб қолиш!»
Шоҳида, 59 ёш: — Келинимни ўзим танлаганман. Зиёли оиланинг фарзанди. Бироз эркалиги бор, аммо ўзи ёмонмас. Ўғлим билан икки боланинг ота-онаси бўлишгач, ажрашиш пайига тушиб қолишди. Деярли, ҳар икки кунда жанжаллашишади. Улар ёшлик қилаётганини эрим иккимиз ҳам англаб турибмиз. Бироқ буни ёшларга ҳеч тушунтиришнинг иложи бўлмаяпти. Ўғлимга кўчадаги муносабатлар ҳою ҳаваслигини, келинимга эса гумонларга берилмаслик кераклигини уқтиролмай ҳалакмиз. Нима ками, нима дарди бор-а буларнинг? Уй-жой бўлса, турмуш ўртоғим ҳамма нарсани бадастир қилса? Тўқликка шўхликми бу? Яқинда боламга отаси «Келиним билан ажрашсанг, сендай ўғлим йўқ», дея шарт қўйди. Ўғлим билан келинимга қандай қилиб оила масъулиятини ҳис қилдириш мумкин, билмай бошимиз қотган?
Зулхумор, 56 ёш: — Шошқалоқлик, эркалик қизимнинг феълига хос. Бироқ куёвим ҳам қизимга хиёнат қилиб, менинг ҳам ҳамиятимга тегди. Дадаси «Ажрашса, обрўйимни бир пул қилади», дегани учун жим ўтирибман. Қудам «Қизингизни ўз қизимдек кўраман, сиз айтинг, қарор чиқаришга шошмасин», дея ниқтаб турибди. Нима қилишга ҳайронман... Ё куёвтўрани «Қизимни ажратиб оламан», деб қўрқитиб, ақлини киритиб қўйсаммикан?
Кўзгу нима дейди? — Бу иккала аёлнинг мақсади бир — болаларининг оиласини асраб қолиш. Демак, ҳақиқатда ёшлар ёшлик қилаяпти. Оилавий ҳаётда учраган илк синовданоқ таслим бўлишмоқчи. Негаки, ўзларини ҳамон ёш бола, турмушни эса бир ўйинчоқ санашаяпти.
Шоҳида опа, уларнинг масъулиятни бўйинларига олишларини кутиб ўтирмасдан ўша масъулиятни елкаларига юклаш керак. Балким, алоҳида рўзғор қилиб, ўз араваларини ўзлари тортишларига қўйиб берарсиз? Ўшанда ўғил енгил йўлларга юрмас, келин эса ортиқча эркалик қилмас?
Зулхумор опа, «Ажрашсангизлар обрўмизни тўкасизлар» деган шарт билан қизингизни баттар оловлантириб юборишларингиз мумкин. У ўзи ва болалари учун оилани асраб қолса, яхши бўлишини тушуниб етиши, оилавий қадриятларини шакллантириши лозим. Қизингизга эрини ёмонламанг, куёвингизнинг ижобий томонларини кўра олишига имкон яратинг. Қўрқитиб қўйиш ҳақидаги режангизни эса унутинг. Ажрашиш сўзини қурол қилиб, вазиятни янада чигаллаштиришингиз мумкин.
МУХЛИСА






