1

ШИФОКОРЛАРНИНГ 7 ЯНГЛИШ ТАШХИСИ!

САЛОМАТЛИК 04.09.2017, 11:55
ШИФОКОРЛАРНИНГ 7 ЯНГЛИШ ТАШХИСИ!

Шифокор тўғри ташхис қўйганига шубҳангиз борми? Баъзан шунақаси ҳам бўлиб туради... Чарчоқ, иш юкламасининг ҳаддан зиёдлиги энг малакали мутахассиснинг ҳам беморга етарли даражада эътибор беролмаслигига, бунинг оқибатида хато ташхис қўйишига олиб келиши мумкин. Кўрикка бир неча касалликларда кузатиладиган белгилардан шикоят қилиб келган бўлсангиз, нотўғри ташхис қўйиш хавфи янада ошади. Бундай вазиятда бемор ҳам ўз навбатида шифокорга тўғри саволлар билан мурожаат қилиб, қўшимча текширув усуллар буюришини талаб қилиши керак. Бу ҳақда шифокор-терапевт, профессор Суръат БОБОЖОНОВ атрофлича маълумот беради.


ТАШХИС: МИГРЕНЬ, ИНСУЛЬТ...

БЕЛГИЛАР: таъсирчанликнинг пасайиши (айниқса бир томонлама бўлса), бош оғриғи, бош айланиши, кўриши қобилияти, ҳаракатнингнинг бузилиши, нутқнинг секинлашуви. Мазкур аломатларда кўпинча вестибуляр аппаратидаги бузилишлар, мигрень (кучли бош оғриғи), қулоқ касалликларига таҳмин қилинади.

Яна нима бўлиши мумкин: инсульт.

Хато сабаби: 45 ёшдан кичик одамларнинг 25 фоизида инсульт касаллиги ўз вақтида аниқланмайди. Бемор ёш ва соғлом кўринса, белгилар унчалик сезилмаса, вақт етишмовчилигидан чарчаган шифокор касалликдан шубҳа қилмай, сизни уйга жўнатиши мумкин. Бу ҳолатда яна бир ҳуружни (бу гал янада кучлироғини) бошдан кечиришингиз эҳтимолдан ҳоли эмас. Ваҳоланки, инсультдан кейинги илк уч соатда даво чораларини тезроқ бошлаш муҳим. Бундай қилинмаса, организмнинг тикланиши жуда қийин кечади.

Нимага эътибор бериш керак? Агар таъсирчанликнинг йўқолиши бир томондан сезилса, юқоридаги белгилардан бирини сезаётган бўлсангиз, дарҳол «тез ёрдам» чақиринг.


ТАШХИС: ОТИТ, БОШ ОҒРИҒИ

Белгилар: бош оғриғи, қулоқдаги боғриқ ва шовқин, бел, бўйин ёки тишлардаги оғриқ. Бу ҳолатда шифокор шақиқа (мигрень, кучли бош оғриғи) ёҳуд ОТИТ га таҳмин қилиши мумкин.

Яна нима бўлиши мумкин: жағ чиқиши.

Хато сабаби: бош, бўйин ёки белдаги тортувчи, симилловчи оғриқ сезганда одатда, невролог ёки терапевтга мурожаат қиласиз. Аслида эса бундай пайтда сизга бор-йўғи тиш шифокори керак! Вазиятнинг мураккаблиги шундаки, белгилар хилма-хил, оғриқ эса доимиий эмас. Жағ шикстланишига жароҳатлар, тишларнинг ўз қаторидан сурилиши, мушакларнинг тиришиш (спазм), ҳатто эснаганда жағни катта очиш оқибатида юз бериши мумкин. Жағ бўғимларининг ўзига хос тузилиши сабабли буни рентген текширувида ҳам аниқлаш жуда қийин кечади. Натижада баъзи беморлар йиллаб оғриқдан қийналиб юришлари мумкин.

Нимага эътибор берамиз? Шифокор буюрган дорилар, уқалаш. Компресс ва физиодаволаш муолажалари, дам олиш кор келмадими? Тез шифокор ёнига боринг!


ТАШХИС: СТРЕСС, ВАҲИМА

Белгилари: беҳоллик, нафас олишнинг қийинлашуви, кўкрак соҳасидаги оғриқ ёки оғирлик ҳисси. Мазкур безовталиклар билан мурожаат қилинганида шифокор стресс ёки ваҳимага тушиш (паник ҳужум) ҳолатини айтиши мумкин .

Яна нима бўлиши мумкин? Юрак ҳуружи, инфаркт миокарди.

Хато сабаби: биринчидан, юрак касалликларининг белгилари эркакларда аёлларга қараганда анча аниқ бўлади. Негаки, аёллар бу соҳадаги ўзгаришларга унчалик эътибор қилмайди. Баъзан чарчоқ ва ҳолсизлик аёл беморлар билдирадиган ягона шикоятлар бўлади. Бунинг асосида эса тўғри ташхис қўйиш амримаҳол. Иккинчидан юрак-қон томир касалилликлари борган сайин ёшариб бораётгани ҳеч ким учун сир эмас. Юрак соҳасидаги оғриқлар ҳозирги кунда ҳатто 40 ёшга тўлмаган аёлларда кузатилади. Касаллик хавфи ортиқча вазн, қон босимининг юқорилиги ҳамда баъзи гормонал дори қабули сабабли янада ошади.

Нимага эътибор бериш керак? Агар шифокор буюрган даво чоралари кор келмай, бир сутка давомида аҳволингиз яхшиланмаган бўлса, зудлик билан шифокор-кардиолог ҳузурига боринг.


ТАШХИС: ДЕПРЕССИЯ

Белгилари: ҳолсизланиш, атрофда содир бўлаётган ҳодисаларга, яқинларга нисбатан бефарқлик, семириб кетиш, уйқусизлик, мушаклардаги оғриқ. Шифокор қўйган ташхис: руҳий тушкунлик (депрессия).

Яна нима бўлиши мумкин? буқоқ хасталиги.

Хато сабаби нимада? Агар шикоятингиз беҳоллик ва нохуш кайфият билан боғлиқ бўлса, шифокор ушбу белгиларни руҳий тушкунлик билан боғлаб, сизни руҳшунос ҳузурига юборади. Аммо вазннинг кескин кўпайиши ва мушаклардаги оғриқ, бефарқлик ҳислари қалқонсимон безнинг етарли даражада гормонлар ишлаб чиқармаслиги билан боғлиқлигини назардан қочиради. Ўз вақтида даволанмаса, бемор буқоқдан ташқари, хафақон, қонда холестерин моддасининг кўпайиши, юрак хасталиклари ва охир-оқибат ҳақиқий руҳий тушкунликни ҳам орттириб олади.

Нимага эътибор бериш керак? Агар ҳаётингизда (оилангиз ва ишда) ҳаммаси жойида бўлса-ю, беҳоллик ва тушкун ҳолат сизнинг доимий ҳамроҳингизга айланиб борса, шифокорга мурожаат қилган пайтда дарров қон таҳлилини топшириш асносида қалқонсимон без фаолиятини текширтиришни ҳам сўранг.


ТАШХИС: ИЧАК ДИСБАКТЕРИОЗИ

Белгилари: қорин соҳасидаги оғриқлар, теридаги тошмалар, қорин дам бўлиши, қабзият ёки аксинча ич кетиш ҳолатларида шифокорлар ичак дисбактериозига ташҳис қўйишади.

Яна нима бўлиши мумкин: Ичакларнинг қўзғалиши, лактоза етишмаслиги, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак касаллиги, колит касаллиги

Хато сабаби: Қориндаги оғриқдан шикоят қилганингизда шифокор баксуртма таҳлили топширишингизга ундайди. Текширув натижалари салбийлигини кўргач, беморга фермент ва антибиотик воситалар буюрилади. Аммо даволашнинг бу тури кўп ҳолларда самарали бўлмайди, негаки, ичаклардаги мутаносибликнинг бузилиши касаллик эмас, бир неча ўзгаришларнинг оқибатидир. Ва айнан ушбу ҳолатларни бартараф қилиш керак. Ахир касалликлар сирасига дисбактериоз умуман киритилмаган. Ичаклардаги муҳит эса беморнинг овқатланиш тарзи, дорилар қабулига боғлиқ бўлиб, вазиятга қараб ўзгаради ва аниқ белги сифатида қабул қилинмаслиги керак.

Нимага эътибор бериш керак? Тиббий вароғингизда «дисбактериоз» ёзувини кўрсангиз, бу ҳолатга олиб келган сабабларни топишга унданг.


ТАШХИС: ВЕГЕТОМИРЛИ ДИСТОНИЯ

Белгилари: бўшашиб кетиш, қон босимининг кўтарилиб-тушиши, бош айланиши, бош оғриғи, уйқунинг бузилиши. Ушбу аломатлар кузатилганида ветгетомирли дистонияга шубҳа қилинади.

Яна нима бўлиши мумкин: Қонда холестерин миқдорининг ошиши, организмнинг сурункали ошқозон-ичак, буйрак касалилклари, ҳатто оддий томоқ оғриғида таъсирида организмнинг зўриқииб ишлаши бўлиши мумкин. Хато сабаби: Вегетотомирли дистония халқаро касалликлар рўйхатида бўлмаган яна бир хасталиклардан бири. Аслида томирлар касаллик берадиган зарба макони холос. Аслида белгиларни эмас, ушбу ҳолатга олиб келган сабабларни аниқлаб, уларни бартараф қилиш керак. Одатда, шифокор бир қатор томирларни кучайтиришга қаратилган воситаларни буюради. Улар эса кутилган натижа бермайди. Негаки, гап холестерин кўтарилишда бўлса, жигар ишини меъёрлаштириш ва овқатланиш, дам олиш тратибини йўлга қўйиш керак. Гап организмнинг сурункали касалликлар таъсирида зўрқиши ва охир-оқибат заҳарланишида бўлса, биринчи галда касаллик ўчоқларини аниқлаб даволаш лозим.

Нимага эътибор берамиз? Умумий аҳволга албатта! Томирлар билан боғлиқ муаммолар организмдаги ўзгаришлардан дарак бераётганини таъкидлаб, уларни аниқлаш ва даволаш кераклигини уқтиринг.


ТАШХИС: ОСТЕОХОНДРОЗ

Белгилари: белдаги оғриқ. Шифокор қўяётган ташхис – остеохондроз.

Яна нима бўлиши мумкин? Ўпка, юрак, буйрак, ошқозон-ичак касалликлари. Хато сабаби: остеохондроз бир қатор касалликларда кузатиладиган белгилар билан хос бўлиши мумкин. Масалага ойдинлик киритиш учун МРТ текширувдан ўтиш кифоя. Баъзан вақтни қизғаниб, шифокорлар қўшимча текширув ёрдамидан фойдаланмайдилар. Аслида эса оғриқ умуртқага боғлиқ бўлмаган бир қатор касаллаларнинг белгиси бўлиши ҳам мумкин.

Нимага эътибор бериш керак? Оғриқ шифокор буюрган даводан кейин ўтиб кетмаётган бўлса, қўшимча текшириш усулларни қўллашни сўранг.

Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА ёзиб олди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1