Аёлларнинг энг севимли машғулоти дўкон айланиш. Айниқса, пардоз воситалари ва атир-упа дўконига қириб қолишcа борми... Бироқ расталаридаги турли туман воситаларни кўриб, шошиб қолишимиз ҳам бор гап. Танлов имконияти катталигидан ўзимизга мосини танлаш бироз мушкуллик тўғдиради. Келинг бугун BB ва СС воситаларнинг қай бири афзал деган саволга ойдинлик киритамиз. Мутахассис — визажист Фарангиз Авезова.
BB крем — инглиз тилида (Beauty Balm Cream) гўзаллик крем-бальзами деган маънони билдиради.
СС крем — бу қисқартма ҳам инглиз тилидан олинган бўлиб (Color Control) тери рангини назорат қилиш, тиниқлаштириш учун крем дегани.
ДД крем — Daily Defense Cream эса кундалик ҳимоя учун дегани.
Вазифаларини қандай бажаради?
Тонал кремлардан фарқли ўлароқ BB ва СС кремлар терини намлантиради, озиқлантиради, қуёш нуридан ҳимоялайди ва табиийлик бағишлайди. СС крем теридаги сариқлик ва қизаришларни, тури доғлар ва нотекисликларни осон бартараф этса BB кремнинг афзаллиги уни кўллашдан аввал корректор ёки асос талаб этмаслигида дейиш мумкин. Қисқача айтганда, иккитаси бирда. Қолаверса, уларнинг рангини айнан терингизга мослаб танлашингиз шарт эмас, ўзлари тери рангига мослашиб олаверишади. СС кремларнинг яна бир афзаллиги бир неча бор устма-уст суртиш имкониятини беришидадир. Яъни пардозингиз кечга бориб кўринишини йўқотганини сезсангиз устидан яна бир қават ҳудди ўша кремдан суртсангиз бўлади. Тонал кремга ўхшаб икки хил кўриниш хосил қилмайди. Бизнингча, ҳар икки восита ҳам косметика жавонимиздан жой олишга ҳақли.
Суюғи яхшироқми ё қуюғи?
Пардозимиз табиий чиқишида кремларнинг консистенцияси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Албатта BB кремлар тонал асосга нисбатан суюқроқ ҳисобланади. Бу суртишга анча қулай дегани. ССлар эса BB туридан ҳам суюқроқ. Ҳудди ўзимиз биладиган юмшатувчи кремдек кўринишда бўлади, тери рангини тиниқлаштиради демасангиз, фарқига ҳам бормаслигингиз мумкин. Визажистлар унинг бу хусусиятини жуда қадрлашади. Чунки асосий крем қанчалик суюқ бўлса, “make up” шунчалик табиий кўринади. Ҳа айтгандек, таркибининг суюқлиги туфайли бу воситани кўз атрофи ва қовоқнинг нозик терисига суртсангиз ҳам бўлади. У кўз остининг қорайишини ва салқиган қовоқларни осонгина яширади. Айнан СС кремлардан фойдаланувчи хонимларга ёш чегараси қўйилмаган. Ахир у фақатгина декоратив эмас, парваришловчи косметика турига ҳам мансуб-да.
Мавсумга қараб танлаш керак
СС кремларнинг таркиби суюқ бўлгани учун ёғли тери соҳибаларига жуда мос келади. Яна мутахассислар уни ёзда қўллашни, BBни куз ва ваҳорда, тонал кремни эса қиш учун асраб қўйишни маслаҳат беришмоқда. Қуруқ тери соҳибалари эса ҳар уччала воситадан фойдаланишдан аввал, албатта, намлантирувчи крем суртганлари афзалдир. Ёки DD кремларга аҳамият берсинлар, чунки бундай воситалар тери рангини тиниқлаштиришдан кўра кўпроқ уни намлантириш ва озиқлантиришга мўлжалланган.
Қай бирининг бозори чаққон?
Қайсинисини кўпроқ харид қилишади деган савол ҳам аҳамиятга эга. Чунки ишлаб чиқарувчилар восита турини истеъмолчининг талабидан келиб чиқиб ишлаб чиқаришади-да. Бугунги кунда танлов имконияти BB кремаларда юқори. Чунки кўпчилик СС кремлар ҳақида маълумотга эга эмас. Бундан ташқари турли ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулот сифати турлича бўлгани учун айнан ўзингизнинг терингизга мосини фақат синаб кўриш усули орқали аниқлашингизга тўғри келади.
МАФТУНА тайёрлади.